АДАБИЁТ ВА ИЖОД БАЙРАМИ ЎТКАЗИЛДИ

Оқдарё тумани адабий муҳитидаги кўтаринки кайфият, ижодий уйғониш, ташаббуслар янги қаламкашлар ва янги асарларни кашф этмоқда.  Наврўз Ҳасанов, Фарҳод Рўзиев, Баҳодир Искандаров, Дониёр Тешаев, Эркиной Қаршиева,Чарос Қурбонова, Шаҳноза Расулова, Тўлғаной Гадоева, Озода Қурбонмуродова каби ёзувчи ва шоирлар ижод қилиш билан биргаликда ўз шогирдларини адабиёт саҳнасига етаклаб барча ижодий-ташкилий, жамоатчилик ишларида фаол қатнашмоқдалар.  
2007 йилда "Оқдарё мавжлари" биринчи тўплами, 2012 ҳамда 2014 йилда иккинчи ва учинчи "Оқдарё баёзи" китоблари нашр этилган эди.  
2022 йил 6 декабрь куни туманимизда энг қувончли ва тарихий кун - адабиёт ва ижод байрами нишонланди. Жорий йилда бир эмас, ижодкорларнинг иккита баёз китоби чоп этилди. "Оқдарё баёзи" ва "Навниҳол" ёшлар баёзига туманда яшаб ижод этаётган 104 нафар 7 ёшдан 80 ёшгача бўлган адабиёт ва шеърият шайдоларининг ижод намуналари киритилган. 
"Оқдарё баёзи" ва "Навниҳол" ёшлар баёзи китоблари тақдимотига бағишлаб ўтказилган тантанали байрам тадбирида туман ҳокими Ш.Қудратов, ҳоким ўринбосари С.Луқмонов, Ёшлар Агентлиги туман бўлими раҳбари М.Мусаев ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлимининг раҳбари Б.Ашуровлар иштирок этдилар. Адабиёт ва ижод байрамининг иштирокчилари, ижодкорлар ва уларнинг ота-оналари, устозлари "Оқдарё баёзи" ва "Навниҳол" ёшлар баёзи китобларининг чоп этилишига ҳомийлик қилган туман ҳокимлиги ҳамда Республика Ёшлар Агентлиги, вилоят, туман Кенгашларига миннатдорчилик билдирдилар. 
Конституциямизнинг шонли 30 йиллиги арафасида ўтказилган ижод байрами ёш ижодкорлар ва устоз шоир, ёзувчиларимиз қалбига кўтаринки кайфият, ватанга муҳаббат туйғуларини бахш этди.
Ойгул Маматова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, "Оқдарё овози" газетаси қошида ташкил этилган
 "Навниҳол" ижодкорлар клубининг раҳбари.