Хотира муқаддас

Дўстлар хотираси.

ДЎСТЛИК – ҚУДРАТЛИ КУЧ !

Улар синфдош эдилар, улар қишлоқдош, сафдош, энг муҳими бир-бирларига меҳрибон, садоқатли дўст эдилар. Дунё халқлари бошига тушган ташвиш, ватандошларимиз қалбини титратган даҳшат – коронавирус Оқдарёнинг энг чекка “Қазохўжа”қишлоғида яшаётган бахтли бир оиланинг ҳам тинчини бузди. Кутилмаган шафқатсиз ўлим 1978 йил 27- март куни туғилган, эндигина, 42 ёшни қаршилаган, икки ўғил, икки қизнинг меҳрибон отаси, Нафосатхоннинг турмуш ўртоғи Раҳимжон Баҳриддиновни 2020 йилнинг 18-июль кунида оиласи бағридан, қариндошлари ҳамда дўстлари сафидан олиб кетди.

         Р.Баҳриддинов ўзи туғилиб ўсган “Ўзбекистон” маҳалласидаги 26-ўрта мактабни синфдошлари билан иноқ ва энг аълочи, фаол ўқувчи бўлиб битирди. Самарқанд қишлоқ хўжалик институти  ҳамда  Самарқанд Давлат Университетида ҳуқуқшунослик ихтисоси йўналиши   бўйича таҳсил олиб, туманимизнинг нуфузли ташкилотларида, прократура ва ҳуқуқ органларида ишлади. Кейинги йиллларда Пайариқ туманининг мажбурий ижро бошқармасида фаолият кўрсатди. Раҳимжон ўз  маҳалласининг намунали оиласи - Баҳриддиновларнинг фарзанди сифатида   жамоат ишларида фаол, дўстлари, ҳамкасблари билан иноқ ва камтарин йигит эди. Шунинг учун ҳам унинг ўлими маҳалладошларининг юрагини ларзага келтирди. Мана қарийб орадан бир йил ўтаяптики, уйидан қариндошлари, дўстларининг қадами узилмайди. Маҳалла маъмурияти оиланинг моддий ва маънавий шарт-шароитларидан хабардор. 

         Хотира ҳамда табаррук рамазон кунлари арафасида Раҳимжоннинг синфдош дўстлари маҳалланинг барча қишлоқларидаги  ёшлар иштирокида спортнинг волейбол тури бўйича хотира турнири ўтказди. Мусобақада 5та иштирокчи: “Баҳром Муродов”,”Болта-1”, “Болта-2”,”26-мактаб”, “Қазохўжа” ва ”Човка” жамоалари қатнашди. Жамоаларни саралаш ҳамда мусобақа турнирини самарали, тартибли ўтказишда 26- умумтаълим мактабининг жимоний тарбия ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Лутфулла Алибоев раҳбарлик қилди. Мактабнинг янги қурилган, замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган спорт зали кун бўйи  мухлислар ҳамда  Раҳимжоннинг оила аъзолари, дўстлари, маҳалладошлари  билан гавжум бўлди. Мусобақада 1- ўринни 26-мактаб, 2-ўринни “Болта -1”, 3-ўринни “Баҳром Муродов” маҳалласининг валейболчи ёшлари эгалладилар. Мусобақа турнири сўнгида ғолиб жамоаларга турнир ташкилотчилари томонидан  (1-ўринга 600 минг сўм, 2-ўринга 500 минг сўм, 3-ўринга 400 минг сўм) пул мукофотлари, диплом ҳамда  ва қимматбаҳо совғалар топширдилар. Кўтаринки кайфият, дўстона қадр-қиммат, меҳр-оқибат  руҳида ўтказилган хотира турнири иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Дўстлик қудратли куч! Раҳимжон Баҳриддиновнинг саноқли синфдош дўстлари ташкил этган ушбу  хотира тадбири минглаб инсонлар қалбида дўстликнинг муқаддас туйғуларини ўйғотди. Барчангизга дўстлик қудрати абадий йўлдош бўлсин, қадрли ёшлар. 

                                                                                        Ойгул Маматова.