Етти хазинанинг бири
Асаларичилик - қишлоқ хўжалигининг энг қадимги турларидан бири. Кейинги йилларда туманимизда ҳам асаларичилик тармоғини кенгайтиришда муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги "Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Пқ-3327-сонли қарори муҳим аҳамият касб этади. қарорга асосан сифатли ва тоза асал олишда тоғ олди ҳудудларидан бепул фойдаланиш ва асаларичилик билан шуғулланиш истагида бўлганлар учун тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
- Асаларичилик билан шуғулланиш менга ота касб, - дейди З.М.Бобур маҳалласида яшовчи Абдуҳаким хожи Исматов. - Отам Исмат Негматов урушдан кейин тоза асал олиш сирларини ўрганди ва маҳалламизда биринчилардан бўлиб, бу соҳа билан шуғулланишни йўлга қўйди. Мен ҳам мустақил тарзда мана ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида бу иш билан астойдил меҳнат қилиб келаман.
Ҳозирги вақтда 68 ёшни қарши олаётган отахон 50 қутидаги 60 та асалари оиласини парвариш этиб, йилига ҳар бир қутидан ўртача 25-30 килограмм асал олмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, отахон асаларичилик ҳунарини бошқаларга ҳам ўргатиб келмоқда. Улар шу маҳалланинг ўзида бир нечта оилалардан иборат бўлса, туман марказида ҳам шогирдлари кўпчиликни ташкил этади.
Бир сўз билан айтганда, асал маҳсулоти инсон организми учун фойдали, кўплаб хасталикларнинг даво топишида муҳим малҳам ҳисобланади. Ана шундай фойдали, хайрли ва ўз навбатида мураккаб вазифа ҳисобланган асаларичилик тармоғини ривожлантириш билан меҳнат қилиб келаётган Абдуҳаким хожи Исматовга бу борадаги ишларига омад тилаймиз.
С.ИБРАГИМОВ. Суратда: Абдуҳаким Исматов
иш устида.