Оиламиз қувончи чексиз

Оила деганимизда кўз олдимизга ота-она, фарзандлар, бобо-бувилар ва бир хонадонда уларнинг ҳар бири ўз қувончи, ўз ташвиши билан яшайдиган Ватан кўз олдимизга келади. Шундай экан, мен ҳам ўз оилам ҳақида, унинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлар эканман, энг аввало шу қувончу ютуқларимизнинг сабабчилари бўлган, фахримиз ва ғуруримиз ҳисобланган оила бошлиқларимиз ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Негаки, отамиз Мамадиёр Зарипов кўп йиллар мобайнида туманимиз тараққиётининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилиб, элу халқ ўртасида ҳурмат қозонган фидойи инсонлардан биридир.
Отам Мамадиёр Зарипов 1942 йил Оқдарё тумани Янгиқўрғон МФЙда колхозчи оиласида таваллуд топган. Оталари Расулов Зариф ота колхоз бригадири бўлганлар. Мамадиёр Зарипов 1967 йилда Тошкент давлат университети Қишлоқ хўжалиги иқтисоди бўлимини томомлаган. 1967 йилдан 1970 йилга қадар "Коммунист" колхозида иқтисодчи бўлиб ишлаган. 1970-1975 йиллари райкомда ташкилий бўлим инструктори, 1975-1977 йилларда Янгиқўрғон матбуот жамиятида раис, 1978-1983 йиллари район ижроия комитети раис ўринбосари (райплан раиси), 1983-1989 йиллари Даҳбед пахтачилик совхозида партком секретари, 1989-1995 йиллари Даҳбед пахта пункти мудири, 1995-2001 йиллари Оқдарё ўрмон хўжалигида Бош иқтисодчи лавозимида фаолият кўрсатган. 2002 йилдан ҳозирга қадар нафақада қарилик гаштини сурмоқда. Мамадиёр бобо Зарипов ўзининг кўп йиллик меҳнати учун давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. 1970 йилда "Шавкатли меҳнати учун" ордени, 1974 йилда "Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун", 2001 йилда "Шуҳрат медали" соҳиби бўлганлар.
Бувижоним Маҳбиби Мардиева 1948 йилда Янгиқўрғон МФЙда туғилган. 1965 йилда 2-умумий ўрта таълим мактабини тугатиб, Самарқанддаги Педтехникумга (женпедга) кирган. 1967 йилда техникумни тугатиб, Суғончи МФЙдаги 6-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб фаолият юритган. 1969 йилда Самарқанд Педагогика Университетининг Тил ва Адабиёт факултетига ўқишга киради. 1974 йилда ўқишни муваффақиятли битириб, туман марказидаги 45-умумий ўрта таълим мактабида фаолиятини давом эттиради. 1979 йилдан 1989 йилгача тумандаги 39-умумий ўрта таълим мактабида, 1989 йилдан 1993 йилгача 2-умумий ўрта таълим мактабида фаолият олиб борган. 1993 йилдан ҳозирга қадар нафақада.
Шуни мамнуният билан айтиш лозимки, 2022 йил бизнинг оиламизга жуда ҳам омадли келди, десак муболаға бўлмайди. Зарипов Мамадиёр хожибобо ҳамда Мардиева Маҳбиби хожи онамизнинг фарзандлари Флора Зарипова Самарқанд шаҳридаги 30-сонли умумий ўрта таълим мактабида педагог сифатида фаолият юритади. Ф. Зарипованинг ўғли Ўринов Суннатилло, қизлари Ўринова Зебо, Ўринова Ораста ҳамда келини Улуғмуродова Соҳибалар "Докторантура"га ўқишга қабул қилиндилар. Шунингдек, хожи бобомизнинг ўғиллари Зарипов Шахобиддиннинг қизлари Зарипова Азиза ва Зарипова Шаҳнозалар ҳамда Феруза холамнинг келини Моҳидил Салоҳиддинова ҳам "Доктарантура"га қабул қилиндилар. Бу хушхабар барчамизни қувонтирди. Ўтган йилнинг ўзида Зарипов Шавқиддин тоғамнинг қизлари Мамадиёрова Нозима ҳам "Бакалаврга" қабул қилинди.
Бундай кўрсаткич албатта ҳар қандай ота-онада фахр туйғусини уйғотади. Менинг хожи онам ҳам фахр ва ғурур, кўзларида ёш билан шундай дейдилар:
- Аллоҳимга мингдан минг шукрлар бўлсинки, барча фарзандларимиз эл-юрт хизматида. Феруза қизим менинг касбим давомчиси, болаларнинг севимли устози. Унинг ўғли Аҳмедов Раҳимжон вилоят ҳокимлигида фаолият олиб бормоқда. Қизи эса Аҳмедова Ситора бошланғич синф ўқитувчиси. Ўртанча қизим Баҳора ҳам кўп йиллар давомида савдо соҳасида фаолият олиб бормоқда, қизи Раҳматова Гулҳаё жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, икки нафар ўғли хусусий тадбиркор, кичик ўғли Раҳматов Фаёзиддин СамДУ психология факультетида 3-курс талабаси, "Баркамол авлод" болалар мактабида фаолият олиб бормоқда. Маҳфуза қизим тумандаги 6-мактабда олий тоифали ўқитувчи, 2 нафар фарзанди Олмосхон ва Отажон ҳам талаба, Озодхон эса олийгоҳни битириб, ўқув марказида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Кичик қизим Ҳафиза хусусий тадбиркор. Фарзандларим, набираларимнинг ҳаммаси эл корига ярайдиган инсонлар эканидан жуда хурсандман.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда хожи бобо ҳам, хожи она ҳам ўз фарзандлари ва набиралари қуршовида, шогирдлар ардоғида пиру бадавлат оила сифатида умргузаронлик қилишмоқда. Отахон ва онахоннинг оиласи, фарзандлари ва набиралари эришган ютуқлари билан қутлар эканмиз, мен ҳам шундай ибратли ва аҳил оила вакили эканлигимдан фахрланаман.
Фаёзиддин РАҲМАТОВ,
СамДУ психология факультетининг 3-курс талабаси.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00