ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ ОҚДАРЁНИНГ ФИДОЙИ ФАРЗАНДИ ЭДИ

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
Алишер Навоий.
Қадрдонимиз Зойир Эшмуродов билан 1980 йилнинг ўрталарида илк бор учрашган эдик. Ўшанда биз бир гуруҳ дўстлар Лойиш марказидаги ҳозирги эски паркда туш пайтида суҳбатлашардик. Ана шундай кунларнинг бирида Жамол Исроилов (марҳум) узун бўйли, кенг гавдали бир йигитни бошлаб келди. Уни қаердадир кўргандай бўлдим. Салом-алик қилгач, ҳаммамизни у билан таништирди.
- Бу киши 1-ўрта мактабнинг директор ўринбосари. қадрдонимиз Зойир Эшмуродов бўлади, - деди Жамол ака ўтирганимиздан сўнг. - Зойирнинг акасини кўпчилик яхши танирди. Туман газетасида кўп йиллар меҳнат қилган афсуски автоавария туфайли оламдан ўтган.
Шу куни Зойир Эшмуродов билан анча суҳбатлашдик. Мен у кишининг акаси Тоҳир Муҳаммадиев билан Даҳбед қишлоғидаги редакцияда меҳнат қилганимни, бу инсон устозимиз эканлигини таъкидлаб ўтдим. Шу суҳбатдан сўнг иккаламиз қадрдон дўст бўлиб қолдик. Чунки у киши мендан бир неча ой олдин туғилган экан. 1986 йилда у ўзи ўқиган 6-ўрта мактабга директор вазифасига тайинланди. Ўшанда биз янги директорни қутлаш учун билим масканига ташриф буюрдик. Ўз навбатида янги раҳбар билан келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида батафсил фикрлашдик. Бизнинг қадрдонлигимиз айниқса, 1990 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар пайтида янада мустаҳкамланди. Чунки ўша пайтда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига Тошкентдаги нуфузли идоранинг раҳбарларидан бири ўз номзодини қўйган эди. Тумандан эса номзод этиб 26-мактабнинг тил ва адабиёт фани ўқитувчиси Ойгул Маматованинг номзоди қўйилган эди. Ўша пайтлари ташаббускор гуруҳлар тузиб, номзод кўрсатишга имкон берилганди. Янгиқўрғондаги 2- ва Суғончидаги 6-ўрта мактабларнинг педагогик жамоалари ўзимиздан депутат чиқсин дея шоира Ойгул Маматованинг номзодини кўрсатишганди. Очиғини айтиш керак, кураш қизигандан қизиди. Сайлов участкалари гўё жанг майдонини эслатарди. Туманнинг, вилоятнинг раҳбарлари ва тегишли идораларнинг вакиллари пойтахтдан кўрсатилган номзодни ўтказиш учун барча кучларни ишга солишди. Бироқ шундай бўлишига қарамасдан, халқ ўзининг оддий ўқитувчи шоира қизига овоз берди. Шу тариқа оқ-дарёликларнинг бу сайловида Ойгул Маматова Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати этиб сайланди. Ўша йили бўлиб ўтган туман кенгаши депутатлигига мен, Жамол Исроилов, Зойир Эшмуродов, Шавкат Қурбонов, Ўктам Икромов ва яна бир қанча дўстларимиз сайланишган эди.
Ўша вақтларда депутатлар 75 нафарни ташкил этарди. Ҳар бир соҳа бўйича туман кенгаши қошида қўмиталар ташкил этилди. Маданият, халқ таълими ва ижтимоий таъминот қўмитасининг раислигига камина, раис ўринбосарлигига Жамол Исроилов ва котиблигига Зойир Эшмуродов сайланди. Шу тариқа биз учаламиз ҳафтасига бир марта учрашиб, амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар ҳақида фикрлашиб, йиғилиш ўтказардик. Аниқ режалар тузиб, амалда бажаришга ҳаракат қилардик. Ўша пайтларда мактабларнинг юқори синф ўқувчи қизларига туман марказидаги ўқув ишлаб чиқариш комбинатларига олиб келиб тракторчилик ва шунга ўхшаш қизларга оғирлик қиладиган ҳунарлар ўргатилар, шунингдек, кечки мактаблар ҳам мавжуд бўлиб, номигагина фаолият кўрсатарди. Энг ачинарлиси, бу мактабларда ҳам ўқувчилар ўқитилаяпти, деган ҳужжатлар сохталаштирилиб, ойлик маошлар олинар, очиғини айтганда етуклик аттестати сотиларди. Мана шу қалбакиликларни фош қилиш учун Жамол Исроилов ва Зойир Эшмуродовларнинг хизматлари беқиёс бўлганлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Чунки иккаласи ҳам мактабда тобланиб, халқ таълимининг бутун сир-асрорларини яхши билар, қайси йўл билан фош этишни англашарди. Қўмитанинг таклифи билан туман кенгашининг сессиясига ўқув ишлаб чиқариш комбинати ва кечки мактабларни тугатиш ҳақида масала киритилди. Кенгашда бир овоздан депутатлар қўллаб-қувватлашди. Шундан кейинги йилларда ҳам Зойир Эшмуродов депутат бўлиб сайланди. Сайланганда ҳам ўз ҳамқишлоқларининг ишончини оқлаган ҳолда фаолият кўрсатганлигини алоҳида таъқидлаш керак.
- Зойир Эшмуродов билан худди ака-укадек бўлиб қолганлик, - дейди кўп йиллар туман мактабларида директор вазифасида фаолият кўрсатган Жар қишлоқлик Ўктам Икромов. - Айниқса унинг ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида депутат бўлганлигини яхши эслайман. Ўтказилган ҳар бир сессияда сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалаларга ўзининг холис муносабатини билдирарди. Биз унинг журъатига, билимдонлига қойил қолардик. Қанийди ҳозирги кунларимизда ҳам ана шундай жасур депутатларимиз кўп бўлса.
- Зойир ака маҳалламизнинг фахри эди, - дейди Суғончи маҳалла қўмитасининг раиси Эшмон Бозоров. - У киши маҳалламизда бўладиган барча тадбирларга бош-қош бўлиб, ниҳоятда ташкилотчи инсонлигини барчага намоён этарди. Депутат сифатида ҳам халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилди десам, асло муболаға бўлмайди. Барчадан ўзининг ёрдамини аямасди.
Дарҳақиқат, Суғончи қишлоғида бўлсангиз, бу инсоннинг қилган эзгу амаллари, фидойиликлари ҳақида жўшиб гапиришади. Барчаю барча қишлоқ ва унинг аҳолиси учун фидойилик қилган бу инсонни доимо хотирлаб туришади. Айни пайтда 6-умумтаълим мактабига директорлик қилаётган қизи Чарос Муҳаммадиева шундай дейди:
- Отам менинг биринчи устозим эди. Ёшлигимданоқ отамнинг касбини эгаллашга ҳаракат қилардим. Отам ҳам агар барча фанлардан аъло баҳоларга ўқисанг, менинг касбимни танлашингга ижозат бераман, дерди. Шу сабаб 1-синфдан бошлаб аъло баҳоларга ўқий бошладим. Албатта, бу касбни танлашда отамнинг хизмати беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Отам мактаб учун жуда кўплаб ишларни амалга оширди. У кишининг бевосита ташаббуси билан 530 ўринли 21 та синф хонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, айни пайтда мактабимизда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг аксариятини у кишининг шогирдлари ташкил этади. Биз ҳамиша отам билан фахрланамиз. У киши бизнинг ҳамиша қалбимизда яшайди.
Дарвоқе, Оқдарёнинг фидойи фарзанди ташаббускор, камтарин Зойир Эшмуродов 1986 йилдан 2018 йилгача 6-мактаб директори вазифасида самарали фаолият кўрсатди. Шу давр мобайнида юқорида таъкидлаганимиздек, ҳам депутат сифатида, ҳам шу юртнинг фарзанди сифатида жуда кўп хайрли ишларни амалга оширди. Турмуш ўртоғи Салтанат Рашидова билан беш нафар фарзандларини меҳнатсевар, билимли ва илмли қилиш учун астойдил ҳаракат қилишди. Оилада яхши тарбия кўрган фарзандлар ҳам ўз ота-оналарига раҳмат олиб келадиган инсонлар бўлиб етишишди. Катта қизи Чарос мактаб директори, ўғли Рамз Тошкент тиббиёт академиясида профессор, Учқун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида, Ризо Тошкентдаги Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекциясининг бошлиғи, қизи Гулруҳ Иштихон туманидаги 2-умумтаълим мактабида педагоглик касбини эъзозлаб келмоқда. Бу фарзандлар ўзларини шу даражага етказган оталари Зойир Эшмуродовдан бир умр миннатдор эканликларини доимо таъкидлашади.
Бугун қадрдон биродаримиз Зойир Эшмуродов орамизда йўқ. Суғончи гўё ҳувиллаб қолгандек. У раҳбарлик қилган мактаб жамоаси ҳам бугун ўз устозларини жуда соғинишади. Бироқ, ҳар бир киши пешонасида ёзилган умрни кечиради. Инсон тупроқдан яралган экан, тупроққа айланиши турган гап. Шундай экан, ҳозирги хотира дамларида дўстимиз Зойир Эшмуродовни ёдга олиб, унинг эл учун қилган эзгу ишларини ёдга олдик. Жойингиз жаннатда бўлсин, қадрдон биродарим Зойиржон!
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22