Нуқтаи назар ПУЛ ИНСОНДАН АЗИЗМИ?

Биринчи воқеа: Бекатдаги баҳс

Ҳар галгидек бекатда одам гавжум. Ҳамма ўз юмушлари билан банд. Киракашлар одатдагидек мижозларни чақиришади. Бир маҳал икки киракаш ҳайдовчи тортишиб қолса бўладими?

- Сен менинг мижозимни миндирдинг, - деди ёши каттароғи ҳамкасбига, - у ҳар доим менинг машинамга минарди. Ҳозир тушириб юбор.

– Кечирасиз ака, у кишининг ўзи келиб машинамга ўтирган бўлса,  қандай қилиб тушириб юбораман, - деди иккинчи ҳайдовчи хушмуомалалик билан.

- Агар яна шундай қилсанг, ўзингдан кўр, хафалашиб қоламиз,  тушундингми?, - деди аламига чидай  олмай катта ёшдаги ҳайдовчи.

Шундоқ ҳам ёши катта деб муомала қилаётган ёш ҳайдовчига бу гап  оғир ботди шекилли:

- Қўлингиздан нима келарди?, - деб юборди.

- Нима қилишимни ҳозир кўрсатаман, - дедию, қўлини мушт  қилиб ҳамкасби томон юрди. Яхшиямки, атрофдагилар уни тўхтатиб  қолишди. Нари борса бир мижоздан  минг сўм пул оладиган бундай киракашлар пул инсондан азиз эмаслигини қачон англаб етаркан-а?!

Иккинчи воқеа: Ваъдасининг устидан чиқа олмади, лекин…

Раҳимнинг хотинини тўсатдан тоби қочиб қолди.  Қамбағалнинг моли бўлмаса бўлмасин, аммо касал бўлмасин экан. Эрталабдан буён анализ топшир, рентгенга тушир, врач қабулига кир сингари югур-югур ишлари анча чарчатди. Буни қарангки, уларга керак бўладиган врач йиғилишда экан. Иш пайти айни беморларни қабул қиладиган вақтда нега бу катталар мажлис қилишади. Жони оғриб келган касаллар оғриққа соатлаб чидаб ўтириша оладими? Жаҳли чиқиб ҳамширадан аламини олди. Ёшгина ҳамшира қизча эса «Бова, мен нима қилай, бошлиққа бўйсунадиган одамман-да», дея худди ўзи айбдордек хижолат  тортди.

Ниҳоят коридорда у кутаётган шифокорнинг қораси кўринди. Саломлашгач, ичкарига киришди. Хотинини текшириб кўргач, зудлик билан шаҳарга олиб бориш зарурлигини айтиб, даволаниш лозимлигини таъкидлади.

Шифокорнинг бу гапи очиғи, уни  ҳафсаласини пир қилди. Бўшашиб боши қотди. Энди нима қилса бўлади? Яқинда қиз чиқариб бўлари бўлган, тўйдан чарчаб чиққанлигидан асаби ҳам жойида эмасди. Шаҳардаги касалхонага олиб бориб ётқизиш айтишга осон. У ерда ҳам қўлга қарасалар керак. Кўпроқ пул топмаса бўлмайди, чоғи.

Шу хаёллар гирдобида Раҳим бозордаги бир қассоб танишидан қарз сўради.

- Ҳозир ишимизнинг мазаси кетди, - қассоб таниши дардини тўкиб солди. – Одамлар мол гўшти ўрнига товуқ гўштини олишаяпти. Ҳатто тўйларда ҳам аҳвол шу. Қарз бераман, аммо бир шарти бор. Олган қарзингизни бир ҳафтада қайтаришингиз керак.

Нима ҳам дерди, рози бўлмасдан бошқа чораси ҳам йўқ. Беморни тезроқ олиб бормаса бўлмайди. Қассобдан беш юз минг сўм олди-ю, хотинини олиб шаҳарга жўнади. Бир амаллаб касалхонага жойлаштирди. Керакли дориларни олиб берди. Харажат ҳам шунга яраша кетди. Касалхонага бир ҳафта қатнади. Олган қарзи ҳам тугади, ҳисоби. Бу орада хотини ҳам анча соғайиб қолди. Аммо Раҳимнинг ичини ит тирнарди. Эртага қассоб танишига олган қарзини қайтариши керак. Нима қилса бўлади? Сўрай деса пули бор таниш-билиши ҳам йўқ. Ҳозир ҳамма ҳам қарз беравермайди. Одамига, мансабига, касб-корига қараб қарз беради. Тун бўйи уйқуси келмади. Ваъдасининг устидан чиқа олмаётганлигига ич-ичидан эзиларди. Бироқ, осмон узоқ, ер қаттиқ. Қарзни қайтариш керак. Бориб ростини айтса бўлмасмикан?

Шундай қилди. Раҳимнинг гапини эшитиб, қассобнинг ҳозиргина кулиб турган юзи тундлашди. Асабий ҳолда нима дейишини билмас, сўз топа олмасди. Охири деди:

- Яна икки кун муҳлат бераман, ака, агар олиб келмасангиз уйингиздаги нарсаларни шунга ҳисоблаб олишга мажбур бўламан.

Раҳимнинг тили ожиз эди. Одамларнинг пул учун ҳеч нарсадан тап тортмаслигини ўз кўзи билан кўриб турарди.

Учинчи воқеа: Фирибгардан эҳтиёт бўлинг!

Қизингизни ўқишга киритаман, деб биздан фалон сўм олиб кетиб, орадан бир йил ўтса ҳам бергани йўқ, у ноинсоф, - деди танишларимдан бири оғир уф тортиб.

- У одам сизга яхши таниш эдими? Қаерда ишларкан, биласизми вазифасини, - сўрадим.

- Бир оғайним орқали бергандик шу катта пулни. Биринчи йили ректорга берган эдим, алмашиб кетди деб ҳар хил баҳоналарни қалаштириб ташлади. Тегишли идораларга хабар қилай десам, биздан пул олиб фирибгарга берган киши ҳам нуфузли идорада ишлайди. Жабр кўрмасин дейман-да.

Очиғини айтиш керак, матбуотда, ойнаи жаҳон орқали айрим фирибгарларнинг пул ишлаш мақсадида содда, ишонувчан одамларни чув тушириб кетганликлари ҳақида мунтазам равишда маълумотлар бериб борилмоқда. Бироқ, шундай бўлсада, ҳали ҳам бундай фирибгарларнинг тузоғига тушаётган кишилар йўқ эмас.

Бизнинг жамиятимизда барча нарса инсон учун, унинг бахт-саодати учун хизмат қилади. Жумладан, биз фикр юритаётган пул ҳам инсонга хизмат қилади. Ҳар бир киши пул, мол-дунё учун ўз виждонини сотаётган товламачи, фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш лозимлигини унутмаслик керак.

Тўртинчи воқеа: Ватан ҳамиша муқаддас

Ватан ҳақида гапириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Бежизга Ватанни онага қиёслашмайди. Ўнлаб, юзлаб, минглаб шеърлар Ватан ҳақида битилгандир. Ота-боболаримиз мана шу азиз тупроқ учун жонларини фидо қилишган.

Яқинда кўп йиллар тумандаги ташкилотларнинг бирида ишлаган танишимни учратиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашдик.  Соғлиги жойида эмаслиги юзидан кўриниб турарди.

- Кўринмайсиз, соғлигингиз яхшими? - дедим юзларига қараб

- Э, нимасини айтасиз, - деди у афсусланган ҳолда. - Ўғлим хорижга кетганди. Икки йил ишлагач, мени ҳам чақирди. Борсам бора қолай деб бордим. Ростини айтсам, борганларимга афсус қилдим. Уларнинг тилини тушунмайман. Худди гунг одамдек имо-ишоралар билан гаплашамиз. Об-ҳавоси бошқача, ҳамма ўзи билан ўзи овора. Икки ҳафтадан сўнг тобим бўлмай қолди. Шифокор текшируви фалон пул, дориларни айтмаса ҳам бўлади. Даволаниб чиққунча ўғлимнинг топгани кетди, ҳисоби. Овқатларини айтмайсизми? Барчаси гормон, на таъми бор, на мазаси. Ўша пайтда кўзимга ўзимизнинг Оқдарёмиз, унинг сувлари, таомлари кўриниб кетди. Хорижга бориб юрак касалини орттирдим. Ўғлимга ҳам телефон қилиб, юртимизга қайт, дедим. Оталаримиз бежизга узоқнинг  буғдойидан, яқиннинг сомони яхши, деб айтишмаган     эканда.

Танишимнинг сўзларини эшитарканман, айрим тумандошларимизнинг пул йиғиш мақсадида ўзга юртларга боришга ҳаракат қилаётганликлари оқибатда орзулари саробга айланиб хор-зор бўлиб  ортга қайтишаётганликлари кўз олдимга келди. Бизга пул, мол-дунё эмас, шу Ватан азиз эмасми? Тинчликнинг, Ватаннинг қадрига қачон етамиз? Ахир инсон учун берилган умр қисқа бўлса. У фақат мол-дунё учун яшамайдику. Жаҳонни забт этган Искандар Зулқарнай вафот этишдан олдин васият қилган эканлар: «Мени қабристонга олиб боришаётганда қўлимни очиқ ҳолда қолдиринглар, зеро одамлар нариги дунёга бойликни, ҳеч нарсани олиб кетиш мумкин эмаслигини билишсин».

Қиссадан ҳисса шуки, омонат ўткинчи   дунёда мол-дунёнинг, пулнинг қули бўлмасдан, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлайлик.


Йўлчи МуҲаммадиев. 

Мавзуга оид: