Инсон хотираси азиз ЎЛИМЛАРНИ ДОҒДА ҚОЛДИРА ОЛМАГАН УКАМ ТОҲИРЖОН!

Укажоним Тоҳиржонни ёд этиб…


Тоҳиржон туғилган пайтда мен беш ёшда эдим. Бу воқеа 1961 йилнинг май ойларида юз берганди. Ўша пайтларда туғруқхона ҳозирги Узунқишлоқдаги почта биносида жойлашган эди. Ўша йиллари бу бино туғруқхона бўлиб, кейинчалик почтахонага айлантирилганди. Раҳматли энам уни менга кўрсатиб, мана, сен укали бўлдинг, отини Тоҳиржон қўямиз, деганди. Мен эса ўзимда йўқ хурсанд эдим. Энди менинг ҳам укам бор, деб жўраларимга мақтанаман, дердим.

У ёшликдан камгап эди. Бирор нарса сўрамасангиз гапирмасди. Аммо жуда келишган, хушбичим, бир кўришдаёқ қизлар ёқтириб қоладиган йигит бўлиб улғайди. Мактабни битиргач, армияга кетди. Орзуси ҳофиз бўлиш эди. Ёшлигиданоқ Акбар акамнинг рубобини қўлига олиб, ўзи қўшиқ куйларди. Айниқса, «Гўрўғли», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Тоҳир ва Зуҳра» достонларидаги қўшиқларни жону дили билан куйларди. Унда қобилият бор эди. Аммо орзуси амалга ошмади. Қўшиқчилик йўналиши бўйича ўқишга бормади. Қишлоқда қолиб техника рулига ўтирди. Шу соҳада меҳнат қилди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, ўзимизнинг авлодимизга тегишли бўлган Гулсум жиянимизга кўнгил қўйди. Тўйлари ҳам мазмунли ўтди Улар бир-бирига жуда меҳрибон эдилар. Оилада бирин-кетин тўрт фарзанд - икки қиз ва икки ўғил дунёга келди. Эр-хотин бахтиёр эди. Фарзандлари ҳам кўз ўнгиларида вояга етишмоқда эди.

Ана шундай бахтиёр кунларнинг бирида оилага кўнгилсизлик, фожиа юз берди. Доимо кулиб, шодон юрган Гулсум бир кечадаёқ қаттиқ оғриб Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли шифохонага ётқизилди. Аммо бу вақтда унинг аҳволи жуда оғир эди. Шифокорларнинг ҳарчанд ҳаракатларига қарамай, у ўша тунда ҳаёт билан видолашди. Гулсум эндигина 38 ёшда эди.

Рафиқасининг тўсатдан ўлими Тоҳиржонга қаттиқ зарба бўлди. Анча вақтгача ўзига келмади. Тўй-ҳашамларга бормас, гўё тарки дунё қилгандек эди у. Вақт ҳамма нарсанинг давоси дейишади. Бу рост эканлигига Тоҳиржон ишонмасада яққол кўрдим. Йиллар унинг дардини даволади. Яна илгаригидек давраларда аралашадиган, ёрдамга муҳтожларга қарашадиган бўлди. Шу орада кўнглига ёққан қизга ҳам уйланиб, бир ўғилли бўлди. Бундан биз ҳам хурсанд эдик. Чунки унинг турмуши ҳам изга тушиб кетган, камчилиги йўқ эди.

Худди кечагидек эсимда. Адашмасам, 2015 йилнинг декабрь ойи охирлари эди. Акбар акам менга Тоҳирнинг мазаси бўлмаяпти экан, шаҳардаги дўхтирларга бир текшириш керак, деди. Эртаси куни ака-укалар Тоҳиржонни олиб Самарқанддаги онкология диспансерига бордик. Ҳар хил анализларни топширдик. Ниҳоят таҳлиллар натижаси тайёр бўлди. Аммо бу биз учун кутилмаган натижа эди. Таҳлиллар унда саратон хасталиги борлигини кўрсатиб турарди. Кайфиятимиз тушиб кетди. Докторлар зудлик билан операция қилиш лозимлигини айтишди. Илож қанча, рози бўлдик. Орадан бир неча кун ўтгач, операция ўтказилди. Бироқ, унинг аҳволи оғир эди. Шунда шифокорлар қайта операция қилиш лозим, деган хулосага келишди. Бизнинг розилик беришдан бошқа йўлимиз йўқ эди. Иккинчи операция ҳам ўтди. Беморни бир неча кун касалхонада олиб қолишгач, уйига жавоб беришди. Унинг умри тугаб бораётганлигини, агар тинимсиз даволаниб борилса, бир неча ой яшаши мумкинлигини шифокорлар айтишганида, йиғлаб юбордик. Наҳотки укамиз ўлади, наҳотки биз ундан ажралиб қоламиз, дердик биз.

Шу тариқа Тоҳиржон ўз уйида олти ойлар чамаси даволанди. Аммо докторларнинг айтган куни келди. 2016 йилнинг айни ёз кунларида меҳрибон укажоним бу дунёни тарк этди…

Тоҳиржон билан боғлиқ хотираларни эслар эканман, бу дунёга келиб, у нимани кўрди, деган савол мени кўп қийнайди. Ака сифатида унга мен нима қила олдим, қандай ёрдам бердим? Укам мендан рози бўлиб кетдимикан? Умрининг сўнгги лаҳзаларида нималарни ўйладийкан? Ортда қолаётган азиз фарзандлари - Чарос, Миржалол, Суҳроб ва Нафосатни тақдири, уларнинг камоли ҳақида ташвиш чекдимикан? Бу саволларнинг афсуски жавоби йўқ.

Энам раҳматли Тоҳиржон ҳақида доимо ғамхўрлик қиларди. Шу боис, бизга Тоҳирдан хабар олиб туринглар, оиласига ёрдам беринглар деб, ўзининг пенсиясидан ҳам унга улуш ажратарди. Кейинчалик ўйлаб қарасам, энам ҳақ экан. Сабаби оилада колхозда ишлаган рўзғор боқувчисининг топгани нима бўларди. Етар-етмас, бир амаллаб кун кўришга етарди холос. Айниқса, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларида мамлакатимизда ун муаммосида қийинчилик юз берганлиги кўпчиликнинг ёдида. Ана шундай кунларда ҳам энам раҳматли  унинг оиласига қарашиб турди. Жумладан биз ҳам унга ёрдам бердик.

- Тоҳиржон худди ўзимнинг укамдек бўлиб қолганди, - дейди «Гулистон» жамоа хўжалигининг раиси бўлиб фаолият кўрсатган, ўзининг ташаббускорлиги ва фидойилиги билан элда ҳурмат қозонган Собир Амиров. - Доимо камгап ва самимий бу инсон билан кўп мулоқот қилганман. Ўз ишига масъулият билан ёндашар, камтарлик ва ҳалоллик унинг шиори эди. Тоҳиржонни билган ва таниганлар хотирасида доимо у қолди, деб ўйлайман.

Инсоннинг ёши ўтган сайин ака-укаларини, яқинларини кўргиси, улар билан суҳбатлашгиси келаркан. Тириклари билан суҳбатлашишга имкони бор, аммо бу ҳаётдан ўтганлар билан бунинг асло иложи йўқ. Улардан фақат хотира қолади.

Агар ҳаёт бўлганида Тоҳиржон шу кунларда ўзининг олтмишинчи ёшга ўтганлигини нишонлаган бўларди. Бор-йўғи эллик беш йил умр кўрган укам-а… Бизни доғда қолдириб, зор йиғлатиб кетган камгап укам-а. Жойинг жаннатда бўлсин, қабринг нурларга тўлсин, азиз укам Тоҳиржон…

Мавзуга оид: