Мулоҳаза учун мавзу ОҚДАРЁДА ДАНГАСАЛАР КЎПМИ?

- Ҳой, хўжайин, сиз ҳам сал эртароқ туриб бирор фойдали иш қилсангиз бўлмайдими? Туш бўлди ахир!
Хонзода кеча кечқурун тўйга бориб йиқилиб қолгунча ичиб келган эрини уйғота олмай овора эди. Ҳар куни ароқ ўлгурни ичгани ичган. Рўзғор тебратишга пул йўқ, лекин ароқ деса пул топилади. Қишлоқда нима кўп, дўкон кўп. Насияга ҳам бераверишади. Сотувчиларга нима, бир сумни ўн сўм қилиб ёзиб қўйишади. Кейин бир амаллаб ундиришни билишади. Хорижга кетган ўғлидан пул келса тўлайди. Ўғли ҳам бир неча ойдан бери пул юбормай қўйди. Айтишича, бошқа жойга кўчаётганмиш. Бу хабарни эшитиб эри Аҳмаднинг кайфияти бузилди. Пул келмагандан кейин Лойишга чиқиб айланиб келиш ҳам қийинда.
Очиғини айтганда рўзғор ташвишларининг барчаси бечора Хонзоданинг зиммасида. Яхшиямки тикувчилик касби бор экан. Бўлмаса икки боласи билан анча қийналиб қолишарди. Эрининг аҳволи бу бўлса. Мактабни битиргач, тракторчилик курсида ўқиган эри Аҳмад бир неча йил гаражда ишлади. Колхоз фермер хўжаликларига айлантирилгач, ишсиз қолди. Доимо трактор ҳайдаб юрган одамга унча-мунча иш ёқавермас экан. Бир муддат қўшнисининг фермер хўжалигида пахта ва ғалла етиштиришда ишлаб юрди. Бу иш ҳам ёқмади, қўлидан сувоқ қилиш, пахса уриш, ғишт териш каби ишлар келганлиги боис, тўрт-беш сўм топиб келадиган бўлди. Албатта халқимиз мардикор бўлиб кимнинг уйида ишласа пулини бериш билан бирга ош-чой қилиб, ароқ, дегандай олдига қўяди. Аҳмад ҳам устачилик - қўпол қилиб айтганда, мардикорлик қилиш юрган пайтларида ичикиликка рўжу қўйди. Ичса кўп гапирадиган бўлиб қолади. Бир  пайтлар ажабтовур сартарошлик қилишга ҳам уқуви бор эди. Аммо бир неча бор туман ташкилотларидан бирида ишлаётган ҳамқишлоғи сизга сартарошхона очиб берайлик, ишли бўлиб қоласиз, деганида ҳам энди бир камим шу ишни қилишим қолув-ди деб унамади. Шунда Хонзода: «Хўжайин, кун бўйи уйда бекор ўтиргандан кўра, сартарошлик қилсангиз бўлмайдими», деганида хотинини уришиб берганди. Ўз билганидан қолмади. Бўш қолса кўчага чиқиб мактабнинг ёнидаги дўконда карта ўйнайди, беш юз сўмдан йиғишиб, улфатлари билан ароқ ёки пиво ичишади. Хонзода бўлса тоғни урса талқон қиладиган эрининг бу аҳволини кўриб ич-ичидан эзиларди. Ахир бирин-кетин фарзандлари улғайишяпти, уларни ўқитиб, уйли-жойли қилиш керак. Эрининг аҳволи эса бу, нима қилишга ҳам ҳайрон. Хонзода бир кун келиб эрининг инсофга келишини кутишга мажбур эди…

АЁЛЛАР ҒИЙБАТГА ЎЧ БЎЛИШАДИМИ?
Ҳар куни ишга бораётганимда уч-тўрт аёлнинг дарвоза ёнида тўпланишиб ўтирганларининг гувоҳи бўламан. Орадан тўрт-беш соат ўтгач, яна тушлик қилиш учун уйга қайтаман. Шунда ҳам ўша аёллар гурунгини давом эттиришаётган бўлади. Тушлик қилишга бораётган пайтимда яна ўша аёлларга кўзим тушади. Бунча гапи кўп бўлмаса бу аёлларнинг, дейман-у, йўлимда давом этаман. Соат кечки пайтларда ишдан уйга қайтаётганимда ҳам ўша аёллар яна тўпланишиб олиб, бир-бирига навбат бермай қизғин баҳслашаётган бўлади. Энди ўзингиз ҳисоблаб кўринг. Эрталаб соат саккиздан кечки соат олтигача қанча вақт бор? Ҳа, балли, шунча соат. Аёллар шунча вақтларини фақат ғийбат билан ўтказишди деган маънони англатмайдими? Нега бизнинг аёлларимиз бирор бир ҳунар билан шуғулланишмайди? Сир эмаски, вилоятимизнинг Нуробод, Қўшработ, Ургут ва бошқа туманларида қизларни ёшлигидан бошлаб тикувчилик, каштадўзлик сингари ҳунарларни ўргатишга жалб қилишади. Бундай мисолларни Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Лекин бизда-чи? Айрим аёлларимиз бўлса, эри топиб келса ейди, бўлмаса йўқ. Кун бўйи бекор ўтирса ўтирадики, қўлини совуқ сувга уришмайди. Ҳатто уйда уни, ўтини бўла туриб нон ёпмайдиган аёллар ҳам бор. Улар тайёр дўкондаги нонни сотиб олишни эп кўришади. Ахир узун кун бекорчиликдан пашша қўриб ўтиргандан кўра, уй-рўзғор ишларини, янада аниқроқ қилиб айтганимизда, аёллик бурчини бажаришса бўлмайдими? Ҳатто ҳовлисига экилган сабзи, пиёз сингари экинлар ичидаги бегона ўтларни ҳам тозаламайдиган аёллар ҳам йўқ эмас. Улар менинг ишим фақат эрим топиб келганини пишириб берсам бўлди, шу менинг вазифам, деб ўйлашади. Ахир халқимизда эр-хотин қўш ҳўкиз деган ҳикматли нақл бор. Бу нақл замирида бир олам маъно мужассам эмасми?
Яқинда Самарқанд шаҳрининг чекка маҳаллаларидан бирида бўлиб ўтган бир тадбирда қатнашишимга тўғри келди. Хонадон соҳиби бизнинг қаердан эканлигимизни сўради. Биз айтдик. Сизлар хафа бўлмангизлару, лекин Оқдарёдан бир келин олган эдик, олганимизга минг бир пушаймон бўлдик. Сабабини айтадиган бўлсак, уй-рўзғор ишларини умуман билмайди. Овқат пиширишни-ку айтмасак ҳам бўлади. Ҳатто игнани қандай ушлашни ҳам билмайди, десам ишонмайсизлар. Кун бўйи уйда бекор ўтиришдан зерикмайди. Ўзларингизга маълум, биз ҳовлимиздаги бир сотих ердан унумли фойдаланиб, миллион-миллион фойда қиламиз. Келинимизга сиз ҳам деҳқончилик қилишга ўрганинг, десак хоҳламайди. Телефонда гаплашишларини айтмайсизми? Ҳали уйдагилари, ҳали аммаси, ҳали холаси, ҳали онаси, қўйингчи, соатлаб телефонда ғийбатлашиб ўтиради. Ахир телефонда гаплашгани учун ҳам пул тўлаш керак. Ўзи ишламагандан кейин ўғлим телефон пулини тўлашга мажбурда. Нима қилишга ҳам ҳайронмиз.
Мезбоннинг гапидан ер ёрилмади-ю, ерга кирмадик. Ўзимиздан ўтганини ўзимиз билсакда, сир бой бермай, энди ҳамма жойда ҳам ишёқмас келинлар бўлади-да, дея изоҳ беришга уриндик. Аммо уй эгасининг ҳақлигини ҳаммамиз сезиб турардик.
Очиғини айтиш керак, бир пайтлар, аниқроғи ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Лойишда атлас тўқиш цехи, Даҳбедда эса гилам тўқиш цехлари ишга туширилган эди. Вақт ўтиб бу хайрли ишлар негадир тўхтаб қолди. Бизда ҳам гилам, атлас тўқиш цехларини очиш муҳим. Ёки уй шароитида ҳам дўппидўзлик, костюм-шим тикадиган цехларни коллежларнинг ўзида ташкил этиш мумкин эмасми? Мумкин. Лекин, бизнинг фақат билиб олганимиз педколлеж, медколлеж ва бошқа йўналишлардаги коллежлар холос. Ахир бир йилнинг ўзида биргина Оқдарё педагогика коллежини юзлаб талаба қизлар битириб чиқишаётган бўлишса, туман мактабларида юзлаб иш ўринлари уларни кутиб тургани йўқ-ку. Демоқчи бўлганимиз коллежларда ўқиётган қизларни ҳам ҳаётда кўп фойдаси тегади-ган ҳунарларга, дей-лик, тикувчилик, каш-тадўзлик, гиламдўз-лик сингари ҳунар-ларга ўргатиш керак. Ана шундагина кол-лежларни битириб чиққан қизлар менга иш топилмаяпти деб уйда бекор ўтирган-дан кўра, ҳунар билан шуғулланган бўларди.
Яқинда Фарғона водийсининг Қўқон шаҳрида, Риштон, Олтиариқ ва Данғара туманларида бўлдик. Бирор жойда аёлларнинг бекорчиликдан гап сотиб ўтирганликларини учратмадим. Бунинг боисини мезбонлардан сўраганимда, улар: «Бизда хотин-қизлар сира бекор ўтиришмайди. Ҳар бир аёл хоҳ у мактабда, хоҳ давлат корхонасида ишласа ҳам, асосий ишдан кейин ҳунар билан шуғулланишади. Асосан, каштачилик, гиламдўзлик, дўппидўзлик, атлас тўқиш, кулолчилик билан банд бўлишади”, дейишди. Кузатишларимиздан шу нарса маълум бўлдики, водийлик эркаклар ҳам асло бўш ўтиришмас эканлар. Улар давлат корхоналаридаги иши тугагач, уйларига бориб косибчилик, темирчилик ёки шунга ўхшаш ишлар билан шуғулланишар эканлар. Албатта бу борада водийликлардан анча ўрнак олсак арзийди.
Хўш, бизда-чи? Тан олиб айтишимиз керак, бу борада камчиликларимиз кўп. Оиладаги эр-хотинлар кун бўйи бекор ўтиришса ўтиришади, лекин ҳовлисидаги ердан унумли фойдаланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Улар фақат маҳалладан бериладиган болалар нафақаси ёки моддий ёрдамга кўникиб қолишган. Ваҳоланки, ҳовлисидаги 15-20 сотих майдонни экин ўрнига ёввойи бурган босиб ётади. Ахир водийликлар ёки Самарқанд шаҳрида яшовчилар бир сотих ердан миллионлаб сўм фойда қилишса-ю, биз бўлса неча ўн сотихлаб ердан унумли фойдаланмай, дангасалик қилсак. Шу ҳам инсофданми? Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керак ахир. Японияда ер камлиги учун аҳоли денгиз ёқаларига бориб сувнинг устига сол ясаб экин экаркан. Ана кўрдингизми, қандай тадбиркорлик. Бу борада японлардан ибрат олсак фойдадан холи бўлмайди. Муҳтарам Президентимиз биз учун шунчалик кенг имкониятлар яратиб берса-ю, биз дангасалик қилсак. Биз доимо кўп гапирамизу, аммо кам ишлаймиз. Худди халқ мақолида айтилганидек, гап деса қоп-қоп, иш деса Маккадан топ деганларидек, аслида кам гапириб, кўп ишлашимиз лозим эмасми? Вазирлар Маҳкамасининг озиқ-овқат экинларини кўпайтириш, фуқароларнинг томорқа хўжаликларидан унумли фойдаланиш тўғрисидаги қароридан сўнг анча ишлар амалга оширилди. Маҳаллалар бу ишга бош-қош бўлишлиги айтилди. Аммо шунча гаплардан кейин ҳам ҳовлисидаги ерга озиқ-овқат экинлари экмаган шахслар ҳам топилади. Бундайларга маҳаллаларнинг фаоллари янада тушунтириш ишларини олиб боришга тўғри келади.
Дангасага иш айтсанг, отангдан кўра яхши маслаҳат беради деганларидек, айрим оилаларда икки-уч нафар ишга яроқли кишилар бўлишига қарамасдан, уйларида бекор ўтиришади. Фақат давлатдан нажот кутиб ўтириш ҳам инсофдан эмаску, ахир. Қачонгача боқимандалик билан рўзғор тебратиш, кун кечириш мумкин?
Айни шу кунларда ишлайман, даромад топаман деган кишига иш кўп. Далаларимизда пахта терими қизғин паллага кирган пайтларда эса ҳар килограмм пахта учун 1500 сўмдан, иккинчи теримдан бошлаб эса 2000 сўмдан иш ҳақи тўланадиган бўлди. Бир киши ўртача бир кунда 100 килограмм пахта терса, 150 минг сўм ишлайди. Агар 10 кунда шу ҳолатда пахта терса 1500 минг сўм терим ҳақи олади. Кўпчилик бўлиб, оилавий теримчилар иштирок этишса, кунига 500 минг сўмдан пул ишлаши мумкин. Бунинг учун истак, хоҳиш бўлиш керак холос. Ахир халқимизда ишламаган тишламайди, меҳнат бахт келтиради, деган нақллар бежизга айтилмаган-ку.
Хўш, мақсад нима? Мақсад шуки, энг аввало хонадонлардаги шахсий ёрдамчи хўжа-ликлардаги ерлардан унумли фойдаланиш, йигит-қизларга ҳаётда керакли бўладиган касб-ҳунарларни ўргатиш ниҳоятда зарур. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам бекорчиликдан гап сотмай, фойдали иш билан шуғуллансалар оиламиз ҳам тўқ, юртимиз ҳам обод бўлади. Буни шу азиз Ватаннинг ҳар бир фуқароси унутишга ҳаққи йўқ.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: