“Оқдарё овози” бонг уради ЛОЙИШДА “ЎГАЙ КЎЧА” БОРЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?

Кейинги йилларда туманимиз маркази ҳисобланган Лойишда катта миқёсидаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Илгари ёзда чанг, қишда эса лой босган кўчалар таъмирланди. Буни инкор қилиб бўлмайди.
Бироқ Лойиш шаҳарча фуқаролар йиғини таркибига 1987 йилда киритилган Тўлак қишлоғи кўчаларидаги аҳвол ниҳоятда ачинарли. Маҳалла аҳли тумандаги барча мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишган бўлсаларда ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Фуқаролар раҳбарлардан фақатгина қоп-қоп ваъда олишяпти, холос.
- Лойиш шаҳарчасининг барча кўчалари кейинги икки йил ичида сифатли таъмирланди, - дейди Ибн Сино кўчасида яшовчи Абдурашид Эгамқулов. – Афсуски, бизнинг кўчамиз раҳбарларга “ўгай” шекилли, эътибор ҳам беришмаяпти. Қайта-қайта қилган мурожаатларимиз натижасиз қолмоқда. Айниқса ҳозирги қиш кунларида ёмғир ва қордан кейин юришнинг имконияти йўқ. 20-мактабга бораётган ўғил-қизларимиз лой ва сув кечиб юришга тўғри келмоқда. Наҳотки, раҳбарларимиз бу ачинарли аҳволга барҳам бериш ҳақида ўйлаб кўришмаса?
Мурожаатчиларнинг сўзларида жон бор эканлигини улар келтирган суратлар ҳам яққол исботлаб турибди. Эҳтимол бу суратларни кўришгач, мутасадди раҳбарлар бу холи хароб кўчани таъмирлашга эътибор беришар. А, лаббай!
Жўшқин.
Суратларда Ибн Сино кўчасининг бугунги аҳволи акс эттирилган.