Саломатлик - туман бойлик ОҚДАРЁНИНГ ШИФОБАХШ МАСКАНИ

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида "Устоз" номи билан аталувчи сиҳатгоҳ мавжуд. Дастлаб ўз фаолиятини 1982 йилда бошлаган ушбу сиҳатгоҳга фидойи инсон, кўп йиллар вилоят миқёсида раҳбарлик вазифаларида самарали фаолият кўрсатган, 1994-2000 йилларда туман ҳокими бўлиб ишлаган Назар Аҳмедов асос солганлигини кўпчилик яхши билади. Йиллар мобайнида сиҳатгоҳ кенгайтирилиб, айни пайтда бир йўла 200 нафар киши саломатлигини тиклаш имкониятига эга. Мазкур масканда беморларни даволаш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Дам олувчилар маданий ҳордиғини намунали йўлга қўйиш мақсадида сиҳатгоҳ ҳудудида янги замонавий амфитеатр биносини қуриш ниҳоясига етказилмоқда. Даволаш бўлими хизмат кўрсатиш сифатини замонавий талабларга жавоб берадиган табиий жиҳозлар ва воситалар билан таъминланиб, жумладан, замонавий табиий балчиқ билан даволаш ва сув муолажалари бинолари қурилишга туширилди ва муолажа турлари 20 тага етказилди. Сиҳатгоҳга ташриф буюрган ҳар бир киши бу ердан даволаниш билан бирга катта таассуротлар билан ўз уйларига қайтишади. Масканда экилган дарахтлар кишига завқ бағишлайди. Хушманзара жойлар кўнглингизни кўтаради.
Сиҳатгоҳнинг бош шифокори Камол Исмоилов қарийб 25 йилдан буён шу масканда фаолият кўрсатмоқда. 1974 йили Иштихон туманидаги 10-мактабни муваффақиятли битирган К.Исмоилов СамМИга ўқишга кириб, ушбу олийгоҳни 1980 йилда тугаллаб, дастлаб ички ишлар бўлимида даволовчи врач бўлиб фаолият юритади. Сўнгра амбулатория бош шифокори ҳамда даволовчи терапевт сифатида ишлайди. 1999 йилдан бошлаб эса туманимиздаги "Устоз" сиҳатгоҳида ўз фаолиятини бошлайди. Айни пайтда кўп йиллик тажрибали терапевт, қўли эм шифокор К.Исмоиловнинг даволаш усули игна билан даволаш муолажаси бўлиб, у ҳар куни беморларни қон босимини ўлчаб кўриб, зарур бўлганида қўшимча дори-дармонларни ҳам тавсия қилади. Бу масканга ташриф этган ҳар қандай беморнинг дардига малҳам топишга, соғлигини тиклашга астойдил ҳаракат қилади.
- Мен ушбу сиҳатгоҳда йигирма икки йилдан буён фаолият кўрсатмоқдаман, - дейди бош ҳамшира Наргиза Абдужабборова. - Бугунги кунда сиҳатгоҳимизга ташриф этган дам олувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. 24 турдаги замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида 25 нафар ўз касбининг усталари бўлган тиббиёт ходимларимиз намунали хизмат кўрсатишиб, эл олқишига сазовор бўлишмоқда. Шунингдек, дам олувчилар учун сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам турли хил концерт дастурлари, қизиқарли учрашувлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб турилади. 
Дарҳақиқат, сиҳатгоҳда бугунги кунда ўз касбининг усталари бўлган тиббиёт ходимлари томонидан беморларга 24 турдаги муолажалар кўрсатилмоқда. Ушбу шифобахш масканга ташриф этар экансиз, бу ердаги турли хил манзарали дарахтлар, арчалар, товланиб турган товуслар киши кўзини қувнатади ва инсон кайфиятини кўтариб, соғлигингизга соғлик қўша-ди. Эрталабки гимнастика машғулотлари ва маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида ташкил қилинган концерт дастурлари ҳам дам олувчилар учун манзур бўлди. Ошхона хизматчилари эса ўзларининг шириндан ширин ва парҳезбоп таомлари билан дам олувчиларга беминнат хизмат кўрсатишди. 
Айниқса, шифо масканида даволанувчилар учун астойдил хизмат кўрсатаётган "Физиотерапия" ходимларидан барча мамнун эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Кўп йиллар давомида фаолият кўрсатиб келаётган фидойи ҳамшира Махсуда Қурбонова, ўз касбининг устаси бўлган қўли эм ҳамшира Шаҳрибону Тўхтаева, Садоқат Султонова, Гулжамол Саидова, Ойша Тўрамқулова, Дилшода Жўраева, Яйра Нуралиева, Ирода Зиёева, Ноила Маҳмудовалар ўзларининг хушмуомалалиги ҳамда беминнат хизматлари билан эл олқишига сазовор бўлишмоқда. Шунингдек, Дилшода Қўзибоева, Гулшода Миршаевалар ҳам мазали таомлар тайёрлашиб, дам олувчиларга чин дилдан хизмат кўрсатишмоқда.
- Сиҳатгоҳимизга Республикамизнинг барча жойларидан ўқитувчилар даволаниш ва дам олиш учун келишади, - дейди ташкилот директори Ҳабибулло Қаршиев. - Бу ерга қадам ранжида қилган ҳар бир инсонни очиқ чеҳра билан кутиб олишга ҳаракат қиламиз. Атрофдаги баҳа- во жойлар, табиатнинг гўзаллиги ҳар бир кишини мафтун этиши шубҳасиз. Спорт билан шуғулланувчилар учун ҳам барча шароитларни яратганмиз. Шу боисдан бу ерга келганларнинг барчаси ходимларимизни фаолиятидан мамнун эканликларини алоҳида таъкидлашмоқда. 
Бир сўз билан айтганда, туманимизнинг сўлим масканида жойлашган "Устоз" сиҳатгоҳи кўп йиллардан бери нафақат туманимиз аҳлига, балки, республикамизнинг барча вилоятларидан ўз дардига шифо истаб келаётган беморларга намунали хизмат кўрсатмоқда. Негаки, Сурхондарё вилоятидан Гулнора Назарова, жиззахлик Холмўмин Сувонов, Пастдарғом туманидан Ҳасан Ҳазратқулов, ургутлик Жумагул Алибекова, Каттақўрғон туманидан Ойша Камолова сингари  юртдошларимиз ҳам ушбу сиҳатгоҳ ҳақида, бу ерда фаолият кўрсатаётган фидойи шифокорлар ҳақида ўзларининг миннатдорчиликларини изҳор қилишди.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Суратларда: Сиҳатгоҳдан лавҳалар
акс эттирилган.
Мавзуга оид: