ДАВЛАТ МУЛКИНИ ТАЛОН-ТАРОЖ ҚИЛГАН ФЕРМЕР

Судланувчи Ботиров Абдусалим (исми-шарифи ўзгартирилган)га, Оқдарё туманидаги "Барака" массивида жойлашган контурлардан жами 63,2 гектар ер майдонида турмуш ўртоғи Д.С.нинг номига фермер хўжалиги ташкил этилиб, ушбу ер майдони унга 49 йилга ижарага пахта-ғалла-сабзавотчилик экинларини экиб етиштиришлик учун берилган эди. Давлатимиз томонидан унга берилган бу имкониятдан тўғри фойдаланиш, оиласини, бола-чақасини ўзининг ҳалол меҳнати билан боқиш ўрнига, у ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишни мақсад қилиб олади. 
Шу мақсадда у  Сайдон қишлоғида яшовчи уй қуришлик учун ер-жой олиш истагида бўлган, бироқ бунинг учун тўпланиши лозим бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш тартиб-тамойилларини етарлича билмайдиган аҳолининг содда қатлами орасидаги айрим фуқароларнинг ишончига киришга ҳаракат қилади. У ўзини бу соҳадаги қонунчиликни яхши эгаллаган, ундаги бўшлиқлардан унумли фойдаланиб, уларни айланиб ўта оладиган уддабурон ва ишбилармон киши сифатида танитиб, ёлғон маълумотлар билан одамларга ваъда беради. 
Худди шу усулда уларнинг ишончига кириб алдов йўли билан фуқаро А.И.га мазкур фермер хўжалиги ерларидан ўзининг уй-жой қуришлик учун ер ажратиб бериш ваколати борлигини айтади. У бунга бошқа фуқароларни ҳам ишонтириш мақсадида эл ичида анча обрў-эътиборга эга бўлган А.И.нинг отаси Б.И.га кейинчалик ҳужжатлар расмийлаштириб беришини ваъда берган ҳолда бир маротаба ўтириб зиёфат беришлик эвазига ўзининг ваколати бўлмасада, ўзининг иш бошқарувчи сифатида ишлаб келаётган фермер хўжалиги еридан 180м ер майдонини ўлчаб берган.
Бундан ташқари, судланувчи Ботиров Абдусалим, такроран 2015 йил февраль   ойининг охирларида "Сайдон" қишлоғидан бўлган, уй қуришлик учун ер-жойга муҳтож бўлган фуқаро Э.ў.га фермер хўжалиги ерларидан уй-жой қуришлик учун ажратиб бериш ваколати борлигини айтиб, ишонтиради. Кейинчалик ҳужжатлар расмийлаштириб беришини ваъда берган ҳолда Э.ў.дан жами 25.000.000 сўм талаб қилиб, 150м ер майдони ўлчаб беради. У ушбу талаб қилган пулларидан 20.000.000 сўмини 2015 йилдан 2020 йилга қадар бўлган вақт оралиғида ва қолган 5.000.000 сўмини эса 2021 йил март ойида фирибгарлик йўли билан қўлга киритган ва ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган. 
Судланувчи Ботиров Абдусалим, Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг "б,в" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди ва давлат даромадига ундирилди.
И.Ғуломов,
Жиноят ишлари бўйича туман судининг судьяси. 
Мавзуга оид: