МЕНИ ГАЗЕТА ТАРБИЯЛАДИ

"Оқдарё овози" газетасининг 90 йиллиги олдидан
МЕНИ ГАЗЕТА ТАРБИЯЛАДИ
Мен 1954 йил октябрь ойида туман марказидаги 20-ўрта мактабнинг 10-синфини битириб, туманимизда чоп этиладиган "Коммунизм учун" газетаси босмахонасидаги ҳарф терувчига шогирд сифатида ишга қабул қилиндим. Тўрт йил ичида босмахонадаги ҳарф терувчилик, саҳифаловчилик (печатловчилик, вёрскачилик) каби касбларни ҳаммасини ўрганиб олдим ва 1957 йилдан саҳифаловчи вазифасида ишлай бошладим. Шу давр мобайнида кичик мақолалар ҳам ёзиб турдим. Ўша вақтда таҳририятда икки киши - муҳаррир Соли Хўжаев ва масъул котиб Ражаб Шукуров ишлар эди. Иккаласи ҳам ёши ўтиб қолган кишилар эди. Газетада баъзан қўпол хатолар ҳам чиқиб кетар эди. Ҳар замонда раҳбарларимизга бу хатоларни ётиғи билан кўрсатиб ҳам қўярдим. Шунда улар менга газетани босишдан олдин бир кўз югуртириб чиқишимни, кейин босиб чиқаришимни маслаҳат берардилар.
Вақт ўтиши билан Ражаб ака пенсияга чиқиб, туғилган юртига кўчиб кетди. 1959 йил 20 мартда муҳарриримиз мени газетанинг масъул котиблиги вазифасига тайинлади. Босмахонада тик туриб ишлаш керак. Янги вазифада эса стулда ўтириб ишлаш, ижод қилиш лозим бўларди. 20 яшар ёш йигитнинг зиммасига серқирра ҳаёт ва ишлаб чиқаришнинг ҳамма соҳалари бўйича қалам тебратиш, ютуқ ва камчиликларни аниқлаш, нуқсонларни тугатиш бўйича тавсиялар беришдек мураккаб, шу билан бирга шарафли вазифа кўндаланг бўлди. Бу вазифани бажариш учун тинимсиз ўз устимда ишлаш, изланиш, ўқиш, ўрганиш, идрок қилиш, фикр юритиш керак бўлди.
Ишлаб чиқариш илғорларининг мақолаларини уюштириш, баъзи соҳалардаги қолоқлик сабабларини аниқлаш ва танқидий мақола ёзиш, қишлоқ хўжалик соҳасидаги ишларнинг бориши ҳақида ахборотлар тайёрлаш учун менга таҳририят велосипед олиб берди. Бу эса ишни анча енгиллаштирди. Ўша вақтларда ташкилотларда, колхозларда ҳали машина йўқ эди. Мажлисга раҳбарлар от миниб келишарди. Отлар райижрокомнинг отхонасида сақланарди. 
Серташвиш кунларнинг бирида кечки пайт муҳаррир бир соҳа бўйича газетанинг эртанги сони учун мақола тайёрлаб келишни буюрди. Уйга бориб овқатланиб, чой ичиб бўлгач, мақола ёзишга киришмоқчи бўлдим. Мақола учун керакли факт ва материаллар етарли, лекин ёзишни бошлай олмаяпман. Шу зайлда икки соат вақт ўтиб кетди: "Эрталаб бориб бу ишда ишлай олмайман мен, деб айтаман", деб ётиб ухладим. Эрта тонг туриб мақолани ёзишга бир уриниб кўрдим. Қарасам яхшигина мақола ёзишни уддаладим. Демак, руҳан чарчаган эканман. Ишим яна аввалги маромига тушиб кетди. 
Юқори ташкилотларнинг газеталарини ўқиш, улардан ўрганишга эътибор бердим, уларга ҳам мақолалар ёзиб жўнатиб турдим. Улардан ҳар ойда қалам учи (ганорар) олиб турардим. Ўзимизнинг газетамизнинг ҳар сонига давлат томонидан йигирма сўм қалам учи (ганорар) ажратилар эди. Ундан ҳам ёзган мақолаларим учун ганорар олиб турардим. Шу тариқа газеталарга меҳрим ошиб борди. Бир кишини қўлида газета кўрсам бир минутга сўраб олиб дарҳол варақлаб чиқардим. Газетанинг таъсир кучи шу даражагача етдики, кунлик бажарган ишимни чамалаб чиқиб, кўнглим тўлмаса ишдан кейин қолиб ишлаб, қилган ишимни кундалигимга ёзиб, кейин уйга кетардим. Бу менинг виждон бурчим эди.
Район партия ташкилотининг конференцияларига, пленумларига раҳбарларнинг докладларини, байрамларда уларнинг табрик сўзларини тайёрлашга мени ҳам жалб қилишар эдилар.  
1959-60 йилларда муҳаррир меҳнат таътилига чиққанда газетани тайёрлаш, чоп эттириш тўлиқ менинг зиммамга тушди. Лекин муҳаррир вазифасини бажарувчи деб менинг имзом билан газетани чоп этишга партиясиз бўлганим учун ҳақли эмас эдим. Газета райкомда ишлаётган Райимжон Умаров, Мамасаид Муҳиддиновлар имзоси билан босилиб чиқар эди. Бу эса менга алам қиларди. Буни тушунган райком ходимларидан Ўроқ Маҳмудов, Амирхон Муртазинлар тавсияси билан партия сафига қабул қилиндим. 1960-62 йилларда муҳаррир меҳнат таътилига чиққанда, газета менинг имзом билан чиқадиган бўлди.
Газетамиз ҳафтада 2 марта 2020 нусхада, ҳозирги "Оқдарё овози"нинг тўртдан бир баравари ҳажмида чиқар эди. Шундан 20 нусхаси текшириб туриш, назорат қилиш, хабардор бўлишлари учун юқори ташкилотларга юборилар эди. Таҳририятда давлатнинг муҳим, тезкор хабарлари, шунингдек, хориж хабарлари газетада ёритилиши учун таҳририятдаги кичик махсус радио канал орқали "диктовка" қилиб ёздирилар эди. Қулоқчин кийиб ёзиб олардим. Чет элдаги ташкилотлар, кампаниялар, нашрларнинг номлари нотўғри ёзилиб қолмаслиги учун ҳарфлаб айтилар эди. (масалан: армия, Ватан, лейтенант, иттифоқ каби сўзлар).
Бир гап билан айтганда, газета мени тарбиялади, ишга, илмга ўргатди. Газета орқали олган билимлар туфайли Самарқанд давлат университетига сиртдан ўқишга кириб, уни қийналмасдан битириб чиқдим. 1962 йил июнь ойида район газеталари тугатилгач, район партия комитетининг инструктори вазифасига қабул қилиндим. 1963 йил 1 январдан районимиз Иштихон туманига қўшилиб кетгач, Иштихон район партия комитетининг инструкторлигига қабул қилиндим. 1969 йил районимиз яна алоҳида бўлгач, район партия комитетининг пропаганда ва агитация бўлими мудирининг ўринбосари, 1970 йилдан шу бўлимнинг мудири, 1985 йилдан райижрокомнинг ташкилий ишлар бўлими мудири, 1992 йилдан 1997 йилгача туман ҳокимлигида ташкилий ишлар бўлимининг мудири вазифаларида 43 йил ишлаб, айни пайтда қарилик гаштини сурмоқдаман.
Шу ёшимда ҳам ҳамон газета-журналларни мутолаа қилишни яхши кўраман. Газета-журналларни ўқиб турмасам маънавий озуқасиз қолгандек бўламан. "Ҳидоят" журнали, "Ислом нури", "Оқдарё овози" севимли нашрларим ҳисобланади. Газетхонлигимни яхши билган туман "Оқдарё овози" газетаси таҳририяти ташаббус кўрсатиб, жорий йилда мени вилоятда чиқадиган "Зарафшон" газетасига хайрия фонди ҳисобидан бир йил муддатга обуна қилдирганлиги учун миннатдорчилик билдираман.
Туманимиз кузгўси ҳисобланган "Оқдарё овози" газетаси жорий йилда ўзининг шонли 90 йиллик юбилейини нишонлаётган экан, мен ҳам ҳаётимнинг энг яхши дамлари ана шу газета билан боғлиқ ҳолатда ўтганлиги билан фахрланаман ҳамда айни пайтда фаолият кўрсатаётган таҳририят ходимларининг келгуси ишларида зафарлар тилаб қоламан.  
 Искандар ҚУРБОНОВ,
       меҳнат фахрийси.
Мавзуга оид: