Китоб ва китобхонлик - инсон маънавияти кўзгуси

Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, "Китоб - беминнат устоз, билим ва маънавий юкасалишга эришишнинг энг асосий манбаи". 

Неча минг йиллардан буён сайқалланиб, не-не авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқона ҳикматлар негизидаги асл ҳақиқат шуки, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли бўлишининг муҳим омили - бу китобга дўст бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва китоб мутолаасини умр бўйи канда қилмасликдир. Негаки, китоб инсоният онгли ҳаёти ва маънавият оламининг бош тимсолларидан  саналади. У - бепоён  олам: бағрикенг, осмони баланддир. Китоб билим манбаи, инсоният тўплаган ҳикматлар хазинаси, ижтимоий онг маҳсулидир.

Халқимиз тилида ҳам китоб ўқиб, билим ва муносиб таълим-тарбия олиш, илм-фан билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, "Китобсиз ақл - қанотсиз қуш", "Бахт белгиси - билим", "Билим - ақл чироғи", "Гўзаллик - илму маърифатда", "Илм бахт келтирар, билим тахт келтирар", "Ҳунар - оқар булоқ, илм - ёнар чироқ" кабилар.

Бугун мамлакатимиз жадал ривожланаётган бир даврда аждодларимиз, донолар фикрида ўз аксини топган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантиришга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки ёш авлоднинг ҳар томонлама шаклланишида китоб мутолаасининг ўрни беқиёслигини англаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январда "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди. Бу ҳужжатда аҳолининг кенг қатламини китоб ўқишга жалб қилиш, китоб ўқиш ва китобхонликни тарғиб этиш, вояга етган фарзандларимизни боғча ёшидан бошлаб китобга меҳрли қилиб тарбиялаш, китоб маҳсулотларининг мазмунига эътибор бериш, уларни чоп этиш сифатини яхшилаш, турли мазмундаги китоблар билан тўлдирилган китоб дўконларини кўпайтириш, китоблар фондини янада бойитиш кўзда тутилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев: "Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ", -дея таъкидлайдилар. Шунинг учун ҳам  ёшларни ҳар томонлама фикрлайдиган, маънан етук, ҳар қандай ахборотларни ақл билан таҳлил эта оладиган, баркамол инсон қилиб  тарбиялаш биз, кутубхоначи ва ўқитувчиларнинг асосий вазифамиздир.

Шунинг баробарида, ота-оналар мунтазам равишда ўз фарзанд-ларини китоб дўконларига олиб боришлари, уларнинг кутубхонага қатнашини рағбатлантиришлари даркор. Китоб совға қилиш анъанасини кенг жорий қилиш керак. Ҳозирги кунда юртдошларимиз орасида байрам, тўй ва туғилган кунларда китоб совға қилиш оммалашиб бораётган бўлса-да, айримлар ҳалигача китоб ҳадя этишдан ор қилади, уялади. Ваҳоланки, китобдан улуғ совға борми?! Айтмоқчимизки, Интернет ва бошқа воситалар жадал ривожланаётганига қарамай, инсоннинг онг ва тафаккурини чархлаш, маънавий оламини бойитиш, эзгуликни   тарғиб этишда босма китобнинг ўрни бундан кейин ҳам сақланиб қолаверади. Бинобарин, китоб асрлар давомида ахборот сақловчи энг самарали восита вазифасини бажарган. Қолаверса, минг йил олдин Самарқанд қоғозида битилган қўлёзмалар ҳозир ҳам инсониятга маърифат нурини сочмоқда.

Мамлакатимизда "Адабиётга эътибор - маънавиятга, келажакка эътибор" шиори остида ҳар йили республика "Китоб байрами" ҳамда "Ёш китобхон" тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Айтиш жоизки, ушбу маънавий-маърифий тадбирлар давлатимиз томонидан адабиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш, китобга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплашда ўз самараларини бермоқда. 

Бу борада туман Ахборот кутубхона маркази кутубхоначилари томонидан бир қатор ибратли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Кутубхонамизда ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик билим кўникмаларини оширишда,  китобхонлик даражаси ва китобга қизиқишини тизимли ўрганиб бориш, кутубхона хизмати тўғрисидаги тушунчаларни ошириш ва кутубхона маркази фаолиятини тарғиб этиш мақсадида "Йўл-йўлакай китоб ўқиймиз" лойиҳаси ташкил этилган. Яқинда ушбу лойиҳанинг навбатдаги ташрифи бўйича туман Ахборот-кутубхона маркази мутахассислари Лойиш шаҳарчаси аҳоли ўртасида ташкиллаштирилди ва китобга ошно қалб эгалари кутубхонага аъзо қилиниб, бадиий адабиётлардан китоб тарғиботи ўтказилди. 

Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларини тарғиб этиш мақсадида тумандаги 1-сонли "4 мўъжиза" хусусий мактабининг 2-синф ўқувчилари билан Ахборот-кутубхона марказида экскурсия ташкил этилди. Ўқувчиларга кутубхонанинг бугунги фаолияти тўғрисида мутахассислар тўлиқ маълумотлар бериб ўтишди, кутубхонага келган янги адабиётлардан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди.

Дарҳақиқат, китоб - қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида тенгдошлар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир.


  Р.НИЗОМОВА,

туман Ахборот кутубхона маркази Абономент ва

 фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш раҳбари.


Мавзуга оид: