Инсон хотираси муқаддас

ЭЛ ДАРДИГА МАЛҲАМ БЎЛГАН КАМТАРИН РАҲБАР ЭДИ
Абдулла Мирзаев 1952 йил 25 май куни Примкент қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли "Янгиқишлоқ" қишлоғида оддий оилада таваллуд топган. 1969 йилда 9-мактабни муваффақиятли тугатиб, 1970 йил 7 сентябрда Самарқанд "Мастер стат" бошқармасига ишга кириб, 2-разряд бўйича ёрдамчи бўлиб, иш фаолиятини бошлаган. 1971 йил Тошкент давлат қишлоқ хўжалиги ирригация институтининг инженер механик факультетига ўқишга кириб, ўша йили  туман "Ўзсельхозтехника" бирлашмасига назоратчи инженер лавозимига қабул қилинган ва 1977 йил 26 августдан шу корхонага катта назоратчи инженер лавозимига ўтказилган. У иш фаолияти давомида ўзининг ташкилотчилиги билан ўрнак кўрсатганлиги учун 1980 йил 1 февралдан шу корхонага бош инженер лавозимига та-йинланади.
Абдулла Мирзаев иш фаолияти давомида ўзига топширилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилар, раҳбарга хос хусусияти, талабчанлиги билан алоҳида ажралиб турар эди. Унинг бу масъулиятини ҳисобга олган Самарқанд вилоят раҳбарияти бир неча маротаба "Фахрий ёрлиқ" лар билан тақдирлаган. 1982 йил 19 апрелдан вилоят "Ўзсельхозтехника"сига қарашли "Эҳтиёт қисмлар" бошқармасининг катта инженер лавозимига тайинланди. У бу лавозимда фаолият кўрсатар экан, ўзига кўрсатилган ишончни оқлашга, астойдил фаолият кўрсатишга ҳаракат қилди. Ўша йиллари туман "Ўзсельхозтехника"сидаги ишлар бир мунча сусайиб бораётганлигини ҳисобга олган вилоят раҳбарлари тумандаги қолоқликка барҳам бериш мақсадида А.Мирзаевни яна туманга бош инженер лавозимига ўтказишади. Унинг ўз соҳасини пухта эгаллаганлиги, ташкилотчилиги, кадрларни тўғри танлаши ва ёшларни ишонч билан турли лавозимларга тайинлаганлиги туфайли қисқа муддатлар ичида қолоқликка барҳам берилиб, туман бирлашмаси ҳам вилоят, республика, қолаверса, чет давлатлар билан ҳам ҳамкорликлар ўрнатиб, барча кўрсаткичлар бўйича пешқадамлар сафидан ўрин олди.
1990 йил 10 майдан "Агроснаб ремонт" заводида бош инженер лавозимига тайинланиб, бу ташкилотда ҳам фаол иш юритди. 1991 йил 22 январдан эса ўша даврларда туманимиздаги энг машҳур ҳисобланган Карл Маркс номли колхозига раис этиб тайинланди ва ўша йили колхоз иккига бўлиниши натижасида Мирзо Улуғбек колхози ташкил этилди. Мирзо Улуғбек номли колхоз раиси сифатида иш бошлаган Абдулла Мирзаев янги колхозни ҳар томонлама ривожлантириш, қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида белгиланган давлат режаларини ошириб бажаришга астойдил ҳаракат қилди. Давлат режалари барча соҳалар бўйича туман, вилоят миқёсида биринчилардан бўлиб бажарилиб, халқнинг турмуш даражаси ва фаровонлиги ошди, шунингдек, раис раҳбарлигида колхозга янги техникалар келтирилди, қишлоқ ичидаги тошлоқ йўллар замонавий асфальт кўчаларга айлантирилди ва аҳолини газ билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди. Болалар боғчалари, мактабларга амалий ёрдам берилди.
1993-1997 йилларда Оқдарё туман машина-трактор парки директор ўринбосари, бош инженер лавозимларида ишлади, 1997 йилдан 2003 йилгача Оқдарё туман «Ўзқишлоқмашхолдинг» техник маркази директор ўринбосари ва директор вазифаларида фаолият юритди.
Ўзининг бутун умрини юртининг ободлиги, хал-қининг фаровонлигига бахшида этган меҳнатсевар инсон, билимдон раҳбар Абдулла Мирзаев ҳаёт бўлганида 2021 йил 25 май куни 69 ёшга тўлган бўлар эди. У ўзининг қисқа умри давомида туманимизнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Шундай экан, фидойи инсон, меҳнат фахрийси Абдулла Мирзаевнинг порлоқ хотирасини ёдга олиш, ёшлар қалбида ҳурмат-эҳтиром уйғотиш бизнинг инсоний бурчимиздир.
Ўтган шанба куни "Янгиқишлоқ" МФЙ ташаббуси билан марҳум Абдулла Мирзаев хотирасига бағишлаб спортнинг югуриш (кросс) ва бошқа турлари бўйича мусобақа ўтказилди. Бу хотира турнирини ўтказишдан мақсад, Абдулла Мирзаев спортнинг кураш, тош кўтариш, шахмат турлари бўйича кўплаб турнирларга қатнашган инсон эди. Спорт турнирида туманимиздаги 20, 22, 44, 45-мактабларнинг спортчилари ҳам фаол иштирок этишди.
Хотира турнирида 10 километр масофага югуриш бўйича  Б.Азаматов, С.Абдисаломов, А.Ҳасанов, А.Болтаевлар фахрли ўринларни эгаллашди. Футбол турнирида 1-ўрин Пониқи, 2-ўрин Янгиқишлоқ, 3-ўрин Боғдедак қишлоғи футболчиларига насиб этди. Хотира турнири якунида марҳум Абдулла Мирзаевнинг фарзандлари, қариндошлари ва дўстлари ҳомийлигида мусобақа ғолиблари ҳисобланган 80 нафардан ортиқ спортчилар пул ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, турнирнинг уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтишини таъминлашда туман ҳокимлиги жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Ёшлар Иттифоқи туман бўлими амалий ёрдам кўрсатишди. 

Бурхон УМИРОВ,

  спорт фахрийси. 

Мавзуга оид: