Юз ёшли онахон хонадонида
Туманимизнинг Амир Темур МФЙ Тўқмоқ қишлоғида истиқомат қилувчи пиру бадавлат онахон Марям Гайнатуллаевани жорий йилнинг август ойида 100 ёшни қарши олганлиги ва ушбу муборак ёш муносабати билан ўтказилган юбилей тўйи ҳамда онахонннинг тарихий ҳаёт йўли ҳақида газетамиз саҳифаларида мақола эълон қилинган эди.
Қарийб бир асрлик умр кўрган онахон Марям Гайнатуллаеванинг таклифига кўра бугун “Оқдарё овози” газетасининг ижодий гуруҳи билан у киши умргузоронлик қилаётган файзли хонадон меҳмони бўлдик.
Онахон бизни узоқ вақт интиқлик билан кутган яқин қариндошларини кўргандек қувонч билан кутиб олди: “Мен сизларни жуда кўргим келди. Ўлиб қолсам, кўрмай қоламанми, деб қўрққан эдим...”, дея кўз ёшларини яширди. Онахоннинг бу кўз ёшлари самимий меҳр-оқибатга, инсоний муҳаббатга йўғрилган қалбидан ситилиб чиқаётган кўз ёшлари эди. Балки уруш йилларида ўз она ватанидан ёлғизгина қолган ўша қизалоқнинг, умри давомида қанчадан-қанча қийинчиликларни енгиб ўтган матонатли аёлнинг, қолаверса, Улуғ Ватан урушининг жангоҳларида мардонавор жанг қилиб юрак қисмидан ярадор бўлган турмуш ўртоғининг урушдан кейин ҳам чеккан азоб-уқубатлари онахоннинг қалбида ўчмас из қолдирган бўлса не ажаб...
Онахон билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашар эканмиз, ўша машъум уруш йилларида ёшгина Марямнинг Ўзбекистонга кириб келиши, ўзбек хонадонларида тарбияланиб, ўзбекона турмуш қуриши, уруш ортидаги қийинчиликларни бирма-бир сўзлаб берар экан, дарҳақиқат, юз билан юзлашиб, юздан ҳам ошган онахоннинг умр йўли бугунги ёш авлод учун ибрат намунаси эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиздир. Қолаверса, бир умр камтарона ҳаёт кечирган, ўз бахтини оиласи, фарзандлари, набираю чевараларининг камоли, бахти билан чамбарчас боғлаб, доимо шукроналик билан яшаётган пиру бадавлат онахоннинг инсонийлик ва самимийлик билан йўғрилган юз йиллик умри барчамиз учун ибрат мактабидир.
Ана шундай файзли хонадонда умргузоронлик қилаётган онахоннинг хонадонидан қайтар эканмиз, онахонга айни пайтда камарбаста бўлаётган азиз фарзандларига, набираларига ўзимизнинг самимий миннатдорчиликларимизни билдириб, онахонимизга соғлик-саломатлик, узоқ умр тилаб қоламиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА.
ҲАЁТДАН ШУКРОНА ҚИЛИБ ЯШАШ КЕРАК
- 12 ноя, 15:49
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00