Устозга эҳтиром ОҚДАРЁНИНГ ЗАБАРДАСТ ШОИРИ

У шоир юраги, шоир юраги, - дея ёзади Самарқанд вилоят "Зарафшон" газетаси маданият ва турмуш
бўлимининг мудири,таниқли
публициства шоир Суръат Орипов ўзининг шу сарлавҳали шеърида.
Мақоламизни бежизга таниқли шоир Суръат Ориповнинг сўзлари билан бошлаётганлигимиз йўқ.
Чунки, истеъдод соҳибларининг камолотида оиладаги, қолаверса, у яшаган муҳитнинг ўрни ва роли беқиёс.
Бугун биз хотирлаётган самарқандлик таниқли шоир ва публицист Суръат Орипов туғилиб ўсган Янгиқўрғон шаҳри азалдан Миёнколнинг энг қадимий маданий-маърифий марказларидан бири бўлган. Бу ерда илм-фан ҳамда маданият ривож топган.
Шу ўринда биргина XVIII асрнинг охири ва XIX асрнинг етмишинчи йиллари оралиғида Янгиқўрғонда яшаб ижод этган зуллисонайн шоир Вола ва ХХ асрда Самарқанд вилоят "Зарафшон" газетасининг бўлим мудири вазифасида ишлаган таниқли публицист ҳамда шоир Суръат Ориповнинг ҳаёти ва фаолиятини эслаб ўтиш кифоя бўлса керак.
Миёнкол ижод мактабининг пайдо бўлиш тарихи ва тараққиёти масаласига келсак, у Вола ижоди билан эмас, балки ундан ҳам узоқроқ даврларга бориб тақалади. Бу ерда Сўфий Оллоҳёр каби кўплаб машҳур ижодкорлар яшаб ижод қилишган.1937 йилда Оқдарё туманидаги Янгиқўрғон шаҳарчасида туғилган, истеъдодли публицист ва шоир Суръат Орипов ҳам Миёнкол ижод мактабининг вакилларидан биридир.
Адабиётимиз осмонида ёрқин юлдуз каби порлаб, ижод этган бу юксак истеъдод соҳиби Самарқанд давлат университетининг филология факультетини битирган ва у ўзининг қисқа умри давомида ўтли, ҳароратли, таъсирчан шеър ва балладалари, бадиий юксак публицистик асарлари билан кенг адабий жамоатчилик назарига тушган.
Оқдарёлик машҳур бахши Парда шоир Оқбўтаев, иштихонлик таниқли адиба Шаҳодат Исохонова, таниқли тарихчи олим Комил Пардаев, иқтидорли шоира Кубарро Баҳромова, шоира ва ёзувчи Ойгул Маматова, Бахтиёр Бобонов, /Бахтиёр Раббим/, журналист Ниёзхон Алиев, шу- нингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Хосият Бобомуродова, Йўлдош Эшбек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Фармон Тошев, пайариқлик публицист ва шоирлар Абдумурод Исматов, Зиёдулла Нурматов, журналист Ўктам Қурбонов, Ниёзхон Алиев, Йўлчи Муҳаммадиев, Тоҳир Долиев, Дилором Абдураҳмонова каби юзлаб истеъдод соҳибларининг қаламини чархланишида ҳам Суръат Ориповнинг хизматлари катта.
Шу боисдан ҳам улар Суръат акани ўзларига устоз деб билиб, унинг ижодидан илҳомланган ва устоз-мураббийга атаб ҳатто шеърлар ҳам битишган.
Мана ана шундай шеърлардан бири:
СЕН ЎЗИНГ ҒОЛИБ
Суръат Ориповга ўхшатма
Қайдадир адашиб юрибди сабрим,
"Биламасман, мен унга қачон етарман!"
Мен орзу қилмасман - кутса-да қабрим,
Дунёдан бошимни олиб кетаман,
Менга май тутади шайтоний кибр,
Лаззатлар оғулаб секин ишшаяр.
Шафақлар тарафдан қандайдир гидр,
Аждардай булутлар менга ўшшаяр.
Лолалар урушдан сўнги касадир,
Бир япроқ ярмини қилибди қурбон.
Бу мунглуғ кўнгилни дорга осадир.
Бир урфон типирлаб бера бошлар жон.
Бирдан шафақларда тарам-тарам нур,
Пор-пор ёришади пасайган осмон.
Бир мозийлик қадар юксалар ҳовур.
Ариқ бўйлаб чопар сакраб ялпизжон,
Ялпизжон, сенга бу зилол сув бўлсин,
Тоғ, сенга дукурдак ҳур оҳу бўлсин.
Ҳей, кўнгул - ташналаб дарёларга чоп,
Симир булоқлардан оҳ-оҳ-ҳу бўлсин.
Менга зах ер бўлсин кўк, ялпиз бўлсин,
Майли, талх шеър бўлсин, кўп ожиз бўлсин,
Шоир-ки, мағлубдир, ажаб шеър бўлсин.
Фақат Сен ғолибсан. Бир ожиз экан -
Танимоқ - дунёда буюк мукофот.
Бекор санчилмайди "тасодиф тикан",
Илтижо қилмоқ ғам амал ва ҳаёт!
Йўлдош ЭШБЕК.
"Ижодкор асарида ўзини маълум даражада акс эттиради", дейишади. Суръат Ориповнинг "Шоир юраги" шеъри ҳам гўёки муаллифнинг ўзи ҳақидадек:
Даркор эмас унга сийму зар.
Тожу тахтнинг йўқдир кераги.
Қатра шодлик, қатра ғам етар,
У шоир юраги, шоир юраги!
Бир капалак ўлса, дили хун,
Бир ғунча очилса, кулар тилаги.
Керак ёруғ кундуз, керак қора тун,
У шоир юраги, шоир юраги.
Илҳомдек қалбига доим ҳамдам бўл,
Кўнглини ранжитма, севган малаги.
ўам чекса, ғам чеккин, кулса, сен ҳам кул,
У шоир юраги, шоир юраги.
"Шоир қалби дунёни тинглар" деганлари эҳтимол шу бўлса керак. Худди кечагидек эсимда. Ўшанда, яъни 1973 йилда Самарқанднинг эски шаҳар қисмидаги Даҳбед кўчасида жойлашган Надежда Крупская номли 6-ўрта мактабнинг 10-синфида ва шу билан бирга Ўзбекистон журналистлари уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими қошидаги ишчи-деҳқон мухбирлар тайёрлаш икки йиллик халқ университетида ўқир эдим.
Менда журналистика соҳасига қизиқиш ўйғотган, ҳисоб-китоб аълочиси, Самарқанддаги ҳисобчи-бухгалтерлар тайёрлаш ва малакасини ошириш вилоятлараро мактабининг директори, иқтисод бўйича профессор, тўнғич акам, раҳматли Салимжон Тошев ижодкорлар ҳақида сўз кетганда вилоят газетаси маданият ва турмуш бўлимининг мудири, таниқли шоир Суръат Ориповнинг номини доимо фахр билан тилга олар ва унинг яқин дўстларидан бири эканлигини доимо фахр билан тилга олар эди.
Кунлардан бир янги ёзган машқларимдан бирини - "Жажжи Насиба" номли қатра ҳикоямни конвертга жойлаб, почта орқали вилоят газетасига юбордим. Қатра ҳикояда асар қаҳрамони - қишлоқда яшовчи Каромат аянинг шаҳарда яшовчи тўнғич фарзанди Салимжонларнинг уйига келиши, набираси жажжи Насибанинг "Нима олиб келдингиз?!" дея унинг қаршисига пешвоз чиқиши акс эттирилган. Каромат ая набирасининг саволига "Асалим,сенга бир қоп эртак олиб келдим" дея жавоб беради. Шунда қизиққон набираси унга яна "Эртак солинган қопингизни кўрсатинг" дея хархаша қилади.
Кўп ўтмай каминага вилоят газетаси маданият ва турмуш бўлими мудири Суръат Ориповнинг имзоси билан жавоб хати келди.
Унда жумладан шундай жумлалар бор эди:
" - Ҳурматли А.Ашуров!
"Жажжи Насиба" қатра ҳикоянгизни олдик. Унда сизнинг топқирлигингиз ва ижодга бўлган қизиқишингиз сезилиб турибди.
Уни "Ленин учқуни" газетасига ёки "Гулхан" журналига юборишингизни маслаҳат берамиз.
Салом билан Суръат Орипов".
Таниқли ижодкордан келган мазкур жавоб хатини ўша пайтларда такрор ва такрор ўқиб чиққанман. "Умр мисоли оқар дарё" деганларидек, шунга ҳам мана 52 йил бўлибди. Мен ҳар гал Самарқанд ижод мактаби ҳақида сўз очилса, дастлаб устозимиз Суръат Ориповнинг ўша хатини эслайман.
1974-1979 йилларда Тошкент давлат университети ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультетининг кундузги бўлимида ўқиб юрган кезларимда Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи, Жаҳон шоирлар конгрессининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн, таниқли адиба Шаҳодат Исохонова, диний ва дунёвий шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Йўлдош Эшбек каби таниқли ижодкорлар суҳбатидан баҳраманд бўлганман. Менга айниқса, Ўзбекистон халқ шоири Руаф Парфи, шунингдек, шоир Азим Суюн ва Йўлдош Эшбеклар Суръат Ориповнинг ижоди ҳамда унинг юксак инсоний фазилатлари тўғрисида кўп гапиришган.
1976 йилда Рауф Парфининг менга шоир Суръат Орипов билан ҳаммуаллифликда чоп эттирган "Субҳидам" китобини берганлиги худди кечагидек эсимда. Бу икки забардаст ижодкорнинг мазкур поэтик асари ҳозир ҳам китоб жавонимдаги энг яхши асарлардан бири сифатида сақланмоқда.
Вилоят газетасида ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларимни ўташ чоғида ҳам Суръат ака билан кўп бор учрашиш насиб этди. Унинг Университет хиёбони ёнидаги кўп қавватли турар-жой биносидаги уйида ҳам бир неча бор бўлганман. Мен каби юзлаб ёш қаламкашларга тўғри йўл кўрсатган ва ижод қилишга руҳлантирган бу қалби дарё ижодкор тўғрисида унинг вафотидан сўнг Самарқанд вилоят телевидениеси орқали бир нечта хотира кўрсатуви тайёрлаганман ва у кишининг турмуш ўртоғи Раъно янга билан устозимнинг Янгиқўрғон қабристонидаги қабрини зиёрат қилганмиз.
Дастлабки кўрсатувимда Суръат Ориповнинг номини абадийлаштириш ва у туғилиб камолга етган Янгиқўрғон шаҳарчасидаги кўчаларнинг бирига бу улуғ ижодкорнинг номини қўйиш таклифини олға сурганман. Устозимизнинг турмуш ўртоғи Раъно янга билан Янгиқўрғон шаҳарчасига борганимизда, бу ердаги кўчаларнинг бирига у кишининг номи қўйилган бўлса-да, "Суръат Орипов номли кўча" деган ёзув мазкур кўчанинг бирор жойига ҳам қўйилмасдан маҳалла раиси хонасида чанг босиб ётганлигига гувоҳи бўлганмиз ва ўша куннинг ўзидаёқ ушбу ёзувларни устоз номи билан аталувчи кўчанинг кўзга кўринарли жойларига қўйдирганмиз.
1998 йилда Суръат аканинг шогирдларидан яна бири, вилоят "Зарафшон" ва "Самаркандская вестник" газеталари бирлашган таҳририятининг бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,"Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Фармон ака Тошев яна бир хайрли ишга қўл урди. У кишининг саъй-ҳаракати билан Самарқанддаги "Суғдиён" нашриётида Суръат Ориповнинг иккинчи китоби - "Товушлар ва ранглар" деб номланган поэтик асари чоп этилди.
"- Мен 1975 йилда Суръат акага шогирд бўлиб тушганман, - дея хотирлайди таниқли журналист Фармон ака Тошев устозининг юксак инсоний фазилатларини эслар экан.-Дастлабки кунлари Суръат акадаги салоҳият, топқирлик, ҳозиржавоблик ва бадиҳагўйлик бизни лол қолдирган. Аста-аста у киши табиатан шундай ажойиб ижодкор ва инсон эканлигини тушуниб етдик.
Деярли ҳар куни эрталаб ишни бизга тунда ёзган янги шеърини ўқиб беришдан бошларди.
"Ука, ҳаётингни ижодга бағишладингми, кўчада ҳам, ишда ҳам, уйда ҳам, керак бўлса уйқуда ҳам ёзишни ўрган" дердилар.
Суръат ака гарчи давраларда шоду хуррам ўтирса-да, унинг юрагида, кўзларида ҳамиша аллақандай сеҳрли мунг, дард-ҳасрат бўларди. У ана шу тўйғуларини шеърларига туширарди.
Фақат бугина эмас. Ўнлаб, юзлаб ёшларни атрофига тўплаб ижоддан сабоқ берарди".
Шунингдек, журналист Йўлчи Муҳаммадиевнинг 2009 йилда Тошкентдаги "NOSHIRLIK YOG'DUSI" нашриётида чоп этилган "Оқдарё фарзандлари" китобида Суръат Ориповнинг расми, таржимаи ҳоли ва "Ҳаёт ","Севги", "Қилич ва Қалам" сарлавҳали шеърлари берилган.
Суръат Орипов умрининг охирларида бир муддат Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида адабий эмакдош вазифасида ишлади. У бу ерда "Сарбадорлар" каби ўнлаб янги спектакллар яратилишига бош-қош бўлди ва бу спектакллар минглаб томошабинларнинг энг севимли саҳна асарларига айланди. Суръат аканинг ўғиллари Талъат ва Фирдавсжонлар билан гоҳи-гоҳида учрашиб турамиз. Уларнинг бири тадбиркор, иккинчиси эса Самарқанд давлат тиббиёт университетининг профессори, тиббиёт фанлари доктори. "Инсондан яхши ном, эзгу амаллар қолиши керак экан", дер эди раҳматли падарибузрукворимиз" де-йишди ака-ука Ориповлар.
Устозимиз Суръат Ориповнинг фар- зандларига айтган бу фикрларига биз ҳам қўшилдик.
Абдурасул АШУРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмасининг аъзоси.
Мавзуга оид:

МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 18 ноя, 11:53

МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 05 ноя, 15:29

МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 30 сен, 14:08

МИЁНҚОЛ АДАБИЙ МУҲИТИНИНГ ЙИРИК НАМОЁНДАЛАРИ
- 20 авг, 11:26

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22