УСТОЗ ХОТИРАСИ ДОИМО ЁДИМИЗДА

Инсон ҳаётга келар экан, авваламбор ўзининг волидаи муҳтарамаси бўлган онасини танийди ва онаси гўдак учун унинг ҳаётининг борлиғига ва мазмунига айланади.
Орадан кунлар, ойлар, йиллар ўтиб ўша гўдак аста-секин она меҳрини дилга жо этган ҳолда худди онасидек меҳрибон, муқаддас яна бир зот борлигини англайди.
Бола улғайган сайин тили чиқиб, онасидан нималарнидир сўрашга, яна нималарнидир билишга талпинади ва шу зайл мактаб деган муқаддас даргоҳ томон илк қадамларини ташлайди.
Ўша гўдак болани кўзларида меҳр тўла қувонч билан қаршилаган мўътабар инсон бу - унинг биринчи ўқитувчиси бўлади ва бола учун у зот иккинчи онасига айланади.
Бошланғич таълим дегани мурғак қалбни ҳақиқий ҳаётга тайёрлаш, пок қалбга зиё таратиб, инсоний ва илмий билимларни ўргатиб, мурғак қалбни тўғри йўлга бошлайди.
Имкон илмли, билимли, ақлли, зукко, одоб демакдир. Дарҳақиқат, имкон ҳақида икки оғиз айтиб кетмоқчиман. Устозимиз Назира Ўроқова бизга ўз илм, иқтидори билан минглаб имконият эшикларини очиб берган қалби дарё инсон эди. У кишининг камтарона меҳнатлари орқасидан туманимизнинг 2-мактабида таҳсил олган синфимиз битирувчиларининг аксарият қисми жамиятимизнинг энг сара, кўзга кўринган соҳаларида меҳнат қилишмоқда. Улар орасида давлат ва ҳукумат арбоблари, олиму профессорлар, журналистлар, тиббиёт ходимлари, давлат мукофотлари соҳиби ва соҳибалари бўлган бир нечта таълим, фан фидойилари бўлган ўқитувчилар, қишлоқ ва халқ хўжалиги ходимлари етишиб чиқди. Ҳар қандай меҳнатнинг роҳати, ҳар қандай савоб ишнинг натижаси бўлганидек, юқорида санаб ўтган эл таниган, ҳамқишлоқларимиз тан олган синфимиз фахри ва обрўйи бўлган йигит-қизлар устозимиз Назира Ўроқованинг камтарона меҳнатининг меваси деб биламан.
Энди билсам, устозимиз бизга умр сабоқларидан дарс берган экан. Устознинг ҳар бир гапи биз шогирдлар учун бир умрлик дастуриламал бўлди, десам янглишмайман. Шу боисдан ҳам мен бугун ўзимнинг хотирамда қолган болалик чоғларимни, иккинчи онам, яъни устозим Ўроқова Назира онамни ёдга олдим. Шунингдек, устозимга бағишлаб булоқ сувидек тоза, мусаффо осмондек чароғон, қуёш тафтидек иссиқ, она меҳридек илиқ, меҳрибон онамдек улуғ устозим Ўроқова Назира муаллимам хотирасини ёдга олдим. Зеро, устозлар ҳақида қанча кўп айтсак, шунча кам.
Устозимиз Назира Ўроқованинг ҳар бир ўгити, ҳар бир сўзи ҳамон қулоғим остида жаранг сочади. Устозимизни сабоқлар жараёнида адашиб кетиб "Ая", деганимизда муаллимамиз кулибгина "Ҳа, болажонларим мен ҳам сизларни оналарингман-да", деб бошимизни силаб қўйганлари ҳамон эсимда. Сўзимни мухтасар қилган ҳолда ўзимни дил изҳоримни қуйидагича таърифладим:
Устозим онам!
Бугун сизни ёдга олдим,
Устозим онам!
Бизга зиё таратдингиз,
Ёруғдир олам.
Ширинсухан сўзларингиз,
Ҳамон ёдимда.
Маёқдайин порлагайсиз,
Жисму жонимда.
Боқиб турар кўзларингиз,
Ҳамон меҳр-ла.
Сўзларингиз бир умрга
Қўйган сеҳрлаб.
Бошим узра учиб юрган,
Сизсиз парвонам.
Жойларингиз жаннат бўлсин,
Устозим онам!
Нажмиддин МАМАТОВ,
меҳнат фахрийси.

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22