ВАТАН ОСТОНАДАН БОШЛАНАДИ МЕНИНГ ЖОНАЖОН ҚИШЛОҒИМ

Бизнинг қишлоғимиз баланд тоғлар, ям-яшил қир-адирлар, шарқираб оқаётган сойлар ёнида жойлашган эмас. Қишлоғимиз  атрофи кенг пахтазор далалар, буғдойзорлар, экин майдонлари ва ажойиб боғлар билан ўралган мўъжазгина қишлоқдир. Қишлоғимизнинг номи эса "Арпа" деб аталади. Қишлоғимиз ёнидан чет давлатларга ҳам чиқа оладиган катта йўл ўтган. Биз бу йўлни "бетонка"  деб атаймиз. Яна қишлоғимиз ёнида тарихи минг-минг йилларга бориб тақаладиган, майдони 4 гектар келадиган баланд тепалик жойлашган. Бу тепаликни қачон пайдо бўлгани маълум эмас. Халқимиз орасида бу тепалик қўл кучида бунёд этилган, деган  фикрлар ҳам юради. Тепалик қадимда истеҳком вазифасини бажарган, деган гаплар ҳам бор. Қишлоғимиздан 1-2 километр узоқликда кичикроқ тепаликлар жойлашган. Булардан эса "назорат пунктлари" сифатида фойдаланилган, деган фикрлар мавжуд.

Қишлоғимиз икки дарё: Оқдарё ва Қорадарё оралиғида жойлашган. Шу сабабли бизнинг жойларимиз "Миёнқол",  деб аталади.

Далаларимиз серсув, серҳосил, баракали ерлардан иборат. Қишлоғимиз одамлари деярли барчаси қариндош-уруғлардан иборат. Қишлоқдошларим меҳмондўст, бир-бирига меҳрибон кишилардир. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳар замонда сал бошқачароқлари ҳам учраб туради. Мен барчасини шу ҳолича яхши кўраман.

Бундан 45-50 йиллар аввал қишлоғимиз тарихи ҳақида отам Худойқул отадан эшитган ривоятни сизларга сўзлаб бермоқчиман:

- Эмишки: Қадим замонларда қишлоғимиз кенгайиб,   чангалзорлар ўзлаштирилиб, экинзорларга айлантирила бошлабди.

Шунда сув муаммосига дуч келишибди. Кўпчилик   фикрлашиб ариқ қазиб сув олиб келишмоқчи бўлишибди. Ариқ қазиш бошланибди. Ариқни тўғри белгилаб олиш учун арпа донидан сепишибди. Ариқ қазилибди, сув келтирилибди, ерлар обод бўлибди.

Ариқ қазилганда сепилган арпа донлари ариқ   четига чиқиб қолиб сувдан унибди. Пишиб етилибди. Қишлоқ ёнидан ўтаётган йўловчилар шу ерда ўтириб дам олишиб, пишган арпалардан ейишибди. Ариқдан сув ичишибди. Шунда йўловчилар қишлоқ аҳлига раҳмат айтишибди. Қишлоғингиз  арпали қишлоқ экан,  дейишибди. Шундан сунг қишлоғимиз "Арпа" қишлоқ деб аталган экан.

Бу бир ривоят. Лекин албатта, ҳар қандай ривоят замирида ҳақиқат бўлганидек, биз ёшлигимизда пахта далаларида 10-12 метр кенгликда пахта чунонам ҳосилдор ва кўм-кўк бўлиб ўсарди. Ким айтгани эсимда йўқ. "Бу арпа ариқни ўрни" дегани эсимда. Бир пахтазор тугагач бу ҳолатни давомини бошқа пахтазорда ҳам кузатганман. Демак, ривоятда ҳақиқат ҳам мавжуд. 

Йиллар ўтиб қишлоғимиз тарихи ҳақида қайнотам Мамадамин отадан яна бир ривоят эшитиб қолдим. Буни ҳам сизларга илиндим: 

Эмишки: Қадим замонларда бошқа атроф, қирларда, баланд жойларда ҳаво жуда ҳам исиб, қирғоқчилик бошланибди. Экинлар қовжираб, ҳосил яхши бўлмабди. 

Аввал айтганимдек, биз икки дарё оралиғида яшаганимиз сабабли бизда ҳосил яхши бўлибди. Шунда қир-адирларда яшовчилар келиб биздан дон олиб кетар экан. Йўловчилар бир-бирига қаердан келяпсизлар, деса арпадан, қаерга кетяпсизлар, деса арпага деб жавоб беришар экан. Шундан сунг қишлоғи-миз "Арпа қишлоқ", деб аталган экан.

Ватан остонадан бошланади, деганидек мен қишлоғимни ҳам, ватанимни ҳар қарич ерини ҳам муқаддас атайман. Севимли шоиримиз Ҳамид Олимжон айтганидек: 


Водийларни яёв кезганда,

Бир ажиб ҳис бор эди манда…

Чаппар уриб гуллаган боғин,

Ўпар эдим ватан тупроғин.

Одамлардан тинглаб ҳикоя

Ўсар эди шоирда ғоя.

Дарёлардан куйлаб ўтардим,

Эртакларга қулоқ тутардим.

Ҳаммасини тинглардим, аммо,

Ўхшашини топмасдим асло. 

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,

Достонларда битган гулистон, -

Ўзбекистон дея аталур,

Уни севиб эл тилга олур...

Одам улғайгани сари "киндик қони тўкилган маскан", деган жумланинг маъносини тушуниб борар экан.  Яшаб турган масканинг-ни нақадар муқаддаслигини ҳис этиб бораркансан. Сен билан яшаб турган инсонларни нақадар яхши кўришингни ҳис қилар экансан. Яшаб ўтиб кетган, таниган инсонларни қадрини эслаб соғинар экансан.


Норбуви ҚУРБОНОВА,

 Халқ таълими фахрийси.