Равотликларнинг қувончи чексиз

 Тумандаги Истиқлол МФЙга қарашли Равот қишлоғида истиқомат қилувчи каттаю кичик аҳолисининг қувончи чексиз. Негаки, узоқ йиллар давомида ёзда чанг-тўзон кўтарилиб ётган, ёмғирли, қорли кунларда кўлмак сувлар тўпланиб, тизза бўйи лой бўлиб, юриш қийинлашган эски йўл ниҳоят тўлиқ таъмирланиб, асфальт ётқизилди ва фойдаланишга топширилди.
  Дарҳақиқат, халқимиз томонидан йўлинг соз, машаққатинг оз, деб бежизга айтилмаган экан. Йиллар давомида равотликларни қийнаб келаётган йўл муаммосига ниҳоят чек қўйилди. Қишлоқ аҳолиси бир ёқадан бош чиқаришиб, “Очиқ овоз” платформаси орқали йўл қурилиши лойиҳасида ғолибликни қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилишди. Натижада Равот қишлоғи аҳолиси 4111 та овоз тўплаб, 7-ўринни эгаллади ва йўл қурилиш учун 1 миллиард 485 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу маблағ эвазига қишлоқнинг асосий йўлларидан бири сифатли асфальт билан қопланди.
Асфальт ётқизиш ишлари “Пойтахт нури-1” корхонаси бош раҳбари Азиз Сулаймонов бошчилигидаги тажрибали йўл қурувчилар томонидан амалга оширилди. Барча жараён бош проектчи Ваҳобжон Муҳаммадиев томонидан қатъий назорат остида олиб борилди.
  Шуни қувонч билан тилга олиш лозимки, йўл қурилиш ишлари давомида қишлоқ ёшлари ҳам ўзларини четга олишмасдан, ушбу эзгу ишга ўзларининг амалий ёрдамини қўшдилар. Жумладан, Элтой Тохиров бошчилигидаги фаол ёшлар ушбу жараёнда ўз ҳиссаларини қўшиб, қишлоқ ободлиги учун астойдил меҳнат қилишди.
Лойиҳа доирасида жами 2649 метр узунликдаги йўл асфальтланиб, бугунги кунда аҳолига фойдаланишга топширилди. Эндиликда Равот қишлоғи аҳолиси учун  йўл қатнови анча қулайлашди. Айниқса, мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар, ишчи-хизматчилар ва кексалар йўлларнинг қулайлиги туфайли янада хавфсиз ва осон ҳаракатланишмоқда. Транспорт воситалари учун ҳам энди аввалгидек йўлларда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
 Бугунги кунда Равот қишлоғи аҳли ушбу бунёдкорлик ишларидан ниҳоятда мамнун эканликларини билдириб, давлат раҳбарияти, туман ҳокимлиги, “Пойтахт нури-1” корхонаси, бош проектчи ҳамда қишлоқ ёшлари ва барча ташаббускорларга чуқур миннатдорлик изҳор этишди. Қишлоқда бундай катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани нафақат қишлоқ аҳлининг яшаш шароитини яхшилайди, балки уларнинг келажакка бўлган ишончини ҳам оширади.
                       Зарнигор ОРЗИҚУЛОВА.