НОМСИЗ КЎЧАЛАР, РАҚАМСИЗ УЙЛАР ҲАҚИДА (Замонавий эртак)

 Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда эмас, айнан ҳозирги даврда Лойиш шаҳарчасининг Мустақиллик маҳалласига қарашли бўлган Улуғбек кўчаси бор экан. Бошқа кўчаларни билмадигу Улуғбек кўчаси маҳалланинг энг обод ва замонавий кўчаларидан бири бўлиб, уйлар проект асосида қурилган, йўллар асфальт қилинган, қачон қараманг машиналар ғиз-ғиз ўтиб турар эмиш. Ҳаммаси яхшику-я, шу машиналар ғиз-ғиз ўтганида, икки томонлама ҳаракат бўлганида йўловчига ҳам, транспорт эгаларига ҳам бироз ноқулайликлар туғилар экан-да. Нега, дейсизми? Сабаби шундаки, кўча жуда тор бўлиб қолган. Тўғри, асфальт йўли ҳам жуда тор, лекин ҳеч ким билмасину шу кўчада истиқомат қилувчи хонадон аҳлига ҳам қойил қолмадим. Кўчанинг тор бўлиб қолишига ўзлари ҳам сабабчи-да. Улар уйларининг орқасидаги томорқасини белгиланган 2-3 метр ўрнига 10 метргача эгаллаб, темир панжаралар билан мустаҳкамлаб олишганлигига нима дейсиз? Кўчадаги ерни қизғонаяпти, демангу барибир кўча кенг бўлгани яхши-да, айниқса, икки томонлама йўл бўлса, худди қўшни Мустақиллик кўчасига ўхшаб. 
Майли, ҳаммаси ўз йўлига. Гап бу ҳақда эмас. Биз айтмоқчи бўлган гап, ўша биз таърифлаган Улуғбек кўчаси ҳақида эмас, балки, унга йўлдош бўлган, номи ҳам сал ғалатироқ аталадиган "тупик" кўчалари ҳақида. "Тупик" сўзи боши берк кўча деган маънони англатса-да, Улуғбек кўчасига қарашли 5 тадан зиёд "тупик" кўчалар борлиги кишини ажаблантиради. Айниқса, бу кўчаларга узоқ-яқиндан келган меҳмонларнинг сарсон-саргардон бўлаётганлигини айтмайсизми?
Яқинда бир қизиқ воқеанинг шоҳиди бўлдик. Қўшни Пайариқ туманидан келган совчилар Давлат аканинг уйини роса излашибди. Йўлда келаётиб қўлларидаги ёзилган манзилни кўрсатишиб, одамлардан суриштиришибди: "Улуғбек кўчаси, 2 -тупик,  уйининг рақами кўча томондан санаб борсангиз ё тўртинчи ёки бешинчи хонадон, дарвозаси янгидан қурилган".
Бечора совчилар "тупик" кўчаларнинг ҳар бирига кириб-чиқишиб, Давлат аканинг уйини роса излашибди. Қайси кўчага киришмасин, кўчалар номсиз, уйлар эса рақамсиз, дарвозалари ҳам бир хил эмиш. Давлат аканинг уйини тополмаган совчилар "тупик" кўчаларнинг ҳар бирига кириб-чиқайвериб, охири ҳолдан тойишиб, қайсидир кўчанинг охирига бориб қолишибди. Шу кунларда ҳаво ҳарорати ҳам роса кўтарилган эмасми, терга ботган совчилар яна бир хонадоннинг дарвозасини тақиллатишибди. Дарвоза очилиб, ёши ўн етти-ўн саккизлардаги бир қиз кўринибди ва меҳмонларга салом бериб, уйга таклиф қилибди. Тинкайи мадори қуриган совчилар бу хушруй, одобли ва гўзал қизни кўргач бирдан сергакланиб қолишибди. Сув сўраш ҳам ёдидан чиқиб, қизни саволга тутишибди:
- Қизим биз, қўшни тумандан келяпмиз, Давлат аканинг уйини излаб тополмадик. Дадангизнинг исми нима?
-  Савлат ака...
-  Йўғ-е, мабода...Давлат эмасми, демоқчи бўлди-ю, лекин ичида: "Давлатми, Савлатми, отасининг нима фарқи бор, асосийси, қизи ойдеккина экан-ку", деб ўйлади-да, қизга зимдан  қараб:
- Қизим, роса чанқадик, бизга муздеккина сув берсангиз.
Қиз ичкарига кириб кетган пайти совчилар дарвозанинг бир четига белги қўйиб кетиб, эртаси куни Савлат аканинг уйига совчи бўлиб келишиб, ўша сув берган қизни келин қилиб олиб кетишган экан.
Нимасини сўрайсиз, бунга ўхшаш воқеалар бу маҳаллада деярли ҳар кун содир бўлар экан. Хуллас, бу кўчаларни кимдир "тош кўча" деса, кимдир номсиз, яъни "тупик кўча", яна кимдир "рақамсиз кўча", "симёғочлари айрича" ҳам деб айтишар экан. Яна кимдир эса "гадой топмас кўча" ҳам дер эмиш. Кимгадир кулгули, кимгадир ғалати туюлиши мумкин. Лекин, бу кўчаларга янги иморат қилиб, кўчиб келган кишиларнинг ёши ҳам анчага бориб қолгандиров, негаки, ўша даврга ҳам оз эмас, кўп эмас, роса ўттиз йил бўлди. Ўттиз йилдан бери бу кўчалар на асфальт кўради, на хонадонларга рақам берилади, на симёғочлар ўрнатилади. Ҳар бир кўчага "тупик кўча" демасдан, алоҳида ном берилса, бунинг нимаси ёмон экан. Бу ҳақда минг айтган билан, фойдаси йўқ. Негаки, бу борадаги муаммоларни ҳал қилишда Мустақиллик маҳалласи раиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш қўмитаси, қолаверса, маҳалладан сайланган депутатлар ва бошқа масъул раҳбарлар ҳеч бўлмаганда бир маротаба ушбу кўчаларга ташриф этишса-да, бу борадаги муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам беришса, юқорида айтилган эртакларимиз ҳақиқатга айланган бўлар эди. Шундагина бир-бирини топа олмай сарсон-саргардон бўлаётган қариндош-уруғлар аниқ манзилларни қийналмасдан топиб, обод ва чароғон кўчаларга қайта-қайта келиб, шу хонадон соҳибларининг яхши кунларига, хуш кайфиятларига шерик бўлишар ҳамда орзу мақсадларига эришган бўлар эди.
Мавзуга оид: