Инсон азиз - хотира муқаддас ҚАЛБИМИЗДА МАНГУ ЯШАЙДИ

Бобур маҳалласида жойлашган 10-мактабгача таълим ташкилотининг фидойи ва талабчан директори Венера Худойбердиевани бевақт ўлим орамиздан олиб кетди. Ҳали эндигина қирқ бир ёшни қаршилаган, орзулари бир олам бўлган жонкуяр устознинг кутилмаганда ҳаётдан кўз юмиши, нафақат бобурликлар,   балки бутун оқдарёликлар учун катта йўқотиш бўлди. 
Венера Худойбердиеванинг қарийб ўн саккиз йиллик раҳбарлик тажрибаси, саъй-ҳаракатлари, ташкилотчилик ҳамда ташаббуслари билан сўнгги йилларда асосий кўрсаткичлар асосида 10-МТТ туманда биринчи, вилоятда ҳам энг юқори ўринлар қаторида жойлашиб келаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Айниқса, боғча тарбияланувчилари туманда ўтказиладиган байрам тантаналари, фестивал, кўргазма, оммавий тадбирларда ҳам директорнинг бе-восита раҳбарлиги остида доимо фаол иштирок этарди.
- Венера Худойбердиева боғчамизнинг ҳар бир тарбиячисига бирдек хушмуомалада бўларди, - дейди 10-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Лайло Намозова. - Ўзининг чуқур билими, кенг дунёқараши ва эгаллаган бой тажрибасини амалиётга тадбиқ эта оларди. Агарда бирорта хатоликка йўл қўядиган бўлсак, уни бартараф этишда шундай самимийлик билан уқтирар эди-ки, бу ноўрин иш ўз-ўзидан қайта такрорланишга ҳожат ҳам қолмасди. Ҳеч соғлигидан шикоят қилмасди, фақат ишчан ва хушкайфиятда юрарди. Кутилмаганда бўлган бу мусибатни жамоамиз жуда оғир қабул қилдик. Биз учун жуда меҳрибон бўлиб қолган Венера Худойбердиеванинг ёрқин хотираси юрагимизда бир умрга сақланиб қолади.
Ҳақиқатдан ҳам, Венера Худойбердиева "З.М.Бобур" маҳалласи аҳли учун "қаҳрамон аёл"га айланганди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Маҳалладагиларнинг ҳар бири бу матонатли ва жасоратли аёл шаънига фақат ва фақат яхши сўзлар, юксак эътирофлар айтишади. Чунки у ўз ҳаётини болаларнинг таълим-тарбиясига бахшида этганди. Болажонларнинг қувончи ва беғуборликлари унга куч ва илҳом бағишларди. Касбига садоқат билан меҳнат қилаётганлиги юз-кўзида ҳам акс этиб турарди.
Дарҳақиқат, инсоннинг умри   қанча яшагани билан эмас, балки, қандай яшагани билан ўлчанади. Венера Худойбердиева ҳам ўз умрини меҳнатсеварлик, ободлик билан бирга самимий нигоҳ билан ҳам керакли натижага эришиш мумкинлигини бу ҳаётда исботлаб кетди. Унинг эзгу ишлари ҳамда порлоқ хотираси қалбимизда мангу барҳаёт бўлиб яшайди.
         
Суннатулло ИБРАГИМОВ.