УСТОЗ ИБРАТИ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар ОСТОНОВни ёд этиб
ХОТИРАДорилфунун таҳсилини тугатиб, илк бор янги жамоада иш бошлайдиган ҳар бир ёш ходим учун ўша корхона ички муҳити нақадар муҳим! Биз олий таълимни тугатган ўтган асрнинг 80-йиллари ёш журналист учун ишга жойлашишнинг ўзи катта бир муаммо эди. Зеро "кўчадан келган", таниш бўлмаган ёш мутахассисни ишга олишлари амримаҳол пайтлар эди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети 4-курсини тугатгач, мақсадли равишда Ленинград давлат университети журналистика факультетига ўқишга жўнатилганим ҳамда йўлланмам бўлишига қарамай, шўро даври "буюк"лари мени Давлат Матбуот қўмитасига ишга олишмади.
Ишга киришдан аввал назардан ўтказиладиган махсус бўлимда у вақтда бир рус полковник ўтирарди. У менга ҳам савол-жавоб маҳали бир уюм қоғозларни олдимга ташлаб, русчалаб:- Разберис! - дея ўдағайлади.
Сўнг хонадан чиқиб кетиб, ўн дақиқалардан сўнг қайтиб келди-да:
- Қани, нима қилдинг?! - деб сўради.
- Мана бу хатларга жавоб тайёрладим. Мана буларни текшириб, чора-тадбир белгилаш керак. Буларни чоп этиш учун матбуотга берса бўлади.
- Ие, ақлли чиқиб қолдинг-ку! Қанақа тилларни биласан?
- Инглиз, рус, форс ва дари тилларини биламан. Дари тилидан махсус ҳарбий таржимонман.
- Ў-ў, жуда яхши! - яйраб кетди у. - Сендайларни армияга жўнатиш керак! Армиямизни мустаҳкамлашимиз лозим!
Унинг нега мени Матбуот қўмитасига ишга олишга рўйхушлик билдирмаётгани бир телефон қўнғироғидан сўнг янада аён бўлди. У телефон қилган аёлга жавоб бераётиб:
- Мана, сен айтаётган ўзбеклардан бири менинг қаршимда ўтирибди! Булар сен билан менинг ўрнимга ишга жойлаштириш учун кадрларни Ленинградга махсус мақсад билан ўқишга жўнатиб, мана энди ишга олишмоқчи. Мен уни армияга жўнатиб юбораман!
Мен, албатта, бунга рози эмас, журналистика, шеърият ва адабиёт билан боғлиқ бир олам орзуларимдан воз кечишни хаёлимга ҳам келтиролмасдим. Шу боис бу кимсани инсофга чақиришга ҳаракат қилдим:
- Ўртоқ полковник, мен ижодкор одамман. Ўз севган касбимда Ватанимга кўпроқ фойда келтираман, деган фикрдаман!
Хуллас, ўша кезда "Ўзбекистон" нашриётида хизмат қилаётган Бобохон Шариповнинг хайрихоҳликларига қарамай, мени ишга олишмади. Тошкентда ва Ленинградда ўқиб юрган чоғларимдан "Ёш ленинчи" (ҳозирги "Ёшлар овози"), "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" (ҳозирда тугатилган) газеталари, "Ёшлик", "Ёш куч" журналларига турли мақолалар билан қатнашиб турардим. Қўмита бўлмаса, шу нашрлардан иш чиқиб қолар, деган умидда эдим. Аммо пропискам йўқлиги ишнинг белига тепиб, 9 ой уйсиз, маошсиз гонорарлар ҳисобига кун кўришимга тўғри келди. Ниҳоят, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси хатлар бўлими мудири, шоира Муҳаббат Туробованинг кўмаги билан Тошкентда опанинг дугонасиникига пропискага қўйилиб, "Ёш ленинчи"нинг ижодкор ёшлар бўлимига ишга киришга муваффақ бўлдим.
Бағри ҳам тафаккури, меҳри каби кенг ва дарёдил устоз Жаббор Раззоқов раҳбарлик қилаётган бу газетага яқин-яқингача адабиёт газетасининг сатира ва юмор бўлими раҳбари бўлиб ишлаб келган Қулман Очил бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишга ўтганди. Бу даргоҳда Карим Раҳим, Маҳкам Раҳмон, Сафар Остон, Муқаддас Абдусаматова, Ислом Усмонов, Абдуқодир Ниёзов, Турғун Назаров, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Зайниддин Рихсиев сингари забардаст журналистлар ишлар, кейин улар сафига Аҳрор Аҳмад, Қурбон Эшмат, Саҳобиддин Сирожиддинов, Норқобил Жалил, Тўлқин Ҳайит, Муяссар Исроилова, Сувонқул Рустам, Ҳайдар Акбар, Гулчеҳра Алибоева, Қўчқор Норқобил каби иқтидорли ёшлар қўшилишди.
Бир куни ишчи ёшлар бўлими мудири Маҳкам ака Раҳмонов менга топшириқ бердилар: "Бектемирдаги мотор заводига бориб, ишчи ёшлар билан суҳбатлашасиз ва материал тайёрлайсиз".
Бошқа газеталарда чоп этилган мақолаларим шов-шув бўлганидан анча ўзимни тутиб олган бўлсам-да, бу менга ушбу газетадаги илк жиддий топшириқ эди. Автобусларга илашиб, Бектемирга, мотор заводига етиб бордим. У ердаги комсомол ташкилоти раҳбарига учрашиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, ёш, илғор ишчилар билан танишдим. Улардан интервьюлар олдим. Кўрсаткичларини дафтарчамга қайд этгач, уйга келиб қарийб 4 бетлик мухбирнома (корреспонденция) тайёрладим. Гўё ҳаммаси бинойидек эди. Шу боис тонгда ишчи ёшлар бўлими мудири Маҳкам акага қўлимдаги материални тутқаздим.
- Қани, бу ерга ўтиринг-чи, - дедилар устоз. - Бир кун шунча узоқ жойга бориб олиб келган нарсангиз шуми? - дедилар жиддий қараб.
- Ҳа, шу. Камми? - деёлдим қимтиниб.
Сўнгра Маҳкам ака материални таҳрир қилишга тушдилар. 4-5 бетлик корреспонденция зумда 1,5 бетлик хабарга айланди.
- Мана материалингиз, кўчиришга беринг. Бундан кейин бирор жойга борсангиз, камида бир ҳафта ёзишга материал бўладиган факт ва ахборот топиб келинг, хўпми! Бу сизга сабоқ бўлсин!
Ўзимни шу қадар ожиз ва нотавон сездимки, ҳатто "журналистикани танлаб хато қилибман", деган хулосага бордим: "Касбимни ўзгартиришим керак!" деб ўйладим.
Шу кунларда Маҳкам ака қайсидир комсомол конференциясини ёритиш учун Хоразмми ёки Қорақалпоғистонга сафарга жўнатилдилар. Сафардан қайтаётиб, бир илғор ишчи ёшлар вакили билан самолётда 2 соат бирга Тошкентга қайтибдилар. Мана шу суҳбат асносида олинган фактлардан Маҳкам Раҳмонов газетанинг ҳар бир сонида бир ҳафта давомли материал тайёрлаб бердилар. Бу менга ўша суҳбатимиздан сўнг "журналист ва журналистика мана бунақа бўлади!" деган тарсакининг ўзи бўлди.
Кескин қарор қабул қилиш арафасида эдим. Ўшанда спорт бўлими мудири бўлиб ишлаётган Сафар Остоновнинг Олимпия совриндори бўлган боксчимиз Руфат Рис-қиев ҳақида ёзган китоби чиққан пайтлар эди. Сафар акага жуда ҳавас қилардим. Гарчи таҳририятда Жаббор Раззоқов, Қулман Очилов, Муқаддас Абдусаматова каби сўзингни тинглаб, самимий тўғри маслаҳат олса бўладиган қалби покиза инсонлар бўлса-да, негадир Сафар акадан маслаҳат сўрадим.
Кунда-кун ора бўлиб турадиган "летучка" - ҳисобот ва режалар муҳокамаси чоғларида Сафар аканинг ёзган материаллари доим мақталар, бундан ташқари, ёш журналистлар шаънига бирор адолатсиз сўз айтилса, муҳаррирга қарши бориб бўлса-да, у киши ёшларни ҳимоя қилишга сўз топа олар эди. Балки дил ёришимга устознинг шу адолатпешалиги сабаб бўлгандир.
Сафар ака журналистикани ташлаш фикримдан мутлоқ кечишимни, ўз мавзуларим бўлиши лозимлигини таъкидладилар. "Шундай мақола ёзингки, у газета саҳифаларида қолиб, унутилиб кетмасин. Уни кейин ёзиладиган китобларга киритиш мумкин бўлсин, эскирмасин".
Сафар аканинг бу ўгитлари менинг "Мукаммал инсонни излаб" туркум мақолаларим ёзилишига туртки бўлди. Сафар ака "Спорт" газетаси ёки "Ўзбекистон овози" газетаси бош муҳаррири бўлган кезларида ҳам Миллий матбуот маркази раиси, "Hurriyat" газетаси бош муҳаррири бўлган пайтларимда ҳам у кишидан маслаҳатлар олиб турдим.
Устозда ўзганинг муаммосини ўзиникидек қабул қилиш, вазиятдан чиқиш учун тезда мавжуд чораларни сафарбар этишга киришиш хислати бор эди. Шунинг учун бўлса керак, атрофи мудом муаммоси мавжуд одамларга тўла бўларди. Спортчилар-ку у кишини ўзиники деб билишарди. Шу аснода мен Руфат ака Рисқиевлар оиласи билан яқин бўлиб, дўстлар орттирдим. Ҳатто Руфат ака, Алишер аканинг оналари билан она-бола тутиниб, уларнинг ҳовлисида тез-тез меҳмон бўладиган бўлдим. Руфат аканинг оналари Сафар акани, айниқса, жуда яхши кўрарди.
Таҳририятимиздаги соғлом муҳит, ижодий рақобат, аҳиллик боис газета ёшу қарининг севимли нашрига айланди. Ёшлар газетасида ишлаш фахр эди! Газета оммавийлигини янада ошириш учун мамлакатимиздаги турли туманларда газетхонлар билан учрашув ва мулоқотлар, спорт байрамлари, концертлар ташкил этишга киришдик.
Газетанинг бу ютуқларида, шубҳасиз, нафақат спорт, балки ҳуқуқ соҳасида муаммоли мақолалар билан қатнашган Сафар ака Остоновнинг муносиб ҳиссаси бор эди.
Сафар аканинг ибрати биз ёшларга ҳам юқиб, прокуратура, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, ҳуқуқи поймол бўлаётган инсонлар ҳақида муаммоли мақолалар ёзишга жазм этдик.
Эсимда, бир гал Шаҳрисабздан бир ота номидан шикоят хати келди. Унда ўлиги ҳовуздаги сув тубидан топилган ёш келин тақдири ва жазосиз қолаётган гумондор ҳақида ёзилган эди. Ушбу шикоятни текшириш менга топширилди. Воқеани чуқур ўрганиб, далилланган фактлар билан тергов воқеага юзаки ёндашганини қайд этиб, "Фарзанд доғи" деган мақола ёздим. Ана шу мақоламга мингдан ортиқ хатлар келган. Бу жуда катта шов-шув бўлган эди. Аммо тажрибасизлигимдан прокурор "қарори" дейиш ўрнига "буйруғи" деб ёзибман. Қарор ва буйруқнинг фарқини у кезлар чуқур тушунмаганмиз. Ана шу сўзга ёпишиб, прокуратура раддия талаб қилди. Ўшанда Сафар ака Остонов ва тажрибали юрист ва журналист Ҳабибулла Олимжонов биргаликда мени ҳимоя қилиб чиқдилар.
Бу эзгуликларини асло унутолмайман. Мен кейинчалик Сафар акани кўп масъул вазифаларда ишлаган пайтда ҳам кузатдим. У киши асло ўзгармади. Ўша-ўша керагида босиқ, сермулоҳаза, тўғри маслаҳатгўй инсон сифатида қолди. Аммо бир гал жаҳллари чиққанини кузатганман.
"Пахтакор" стадионида матбуот ходимлари учун ажратилган бўлмада футбол бошланишини кутиб тургандик. Аллақаёқдан ўзини даҳо санайдиган бир таниш фотограф келиб қолди. У ҳар жойдан ризқ чиқаришнинг устаси бўлиб, бу ўринда "кўча эгалари"га алоқадорлигини ҳам писанда қилишдан тоймасди. Шу одам Сафар ака ҳақида хунук гапларни тарқатиб юрган экан, ака ўша лаҳза фотографнинг таъзирини спортчиларга хос тарзда бериб, унга: "Бор, энди ўша "кўчанг"даги акаларингга бориб айт, қўлинг-дан келса! Сен ва ўша "кўчадаги"ларингнинг хоҳлагани билан хоҳлаган жойда гаплашаман. Иккинчи ғийбат гапларни тарқатганинг-ни эшитсам, ўзингдан кўр!" дедилар. Шу-шу "даҳо" ўз қадамини билиб босадиган, "мўминтой" бўлиб қолди.
Сафар Остоновни ўз фарзандига, оиласига қайғурувчи ота, оила бошлиғи, раҳбар, дўст, ака, ҳамкасб сифатидаги турфа фазилатларини тилга олиб ўтирмадим. Булар ҳақда бошқа дўстлар кўп ёзишган. Аммо мен устознинг қалбимда ва ҳаётимда қолдирган изини, нурли сиймосини асло унута олмайман.
Яқинда ажойиб журналист, орамиздан эрта кетган Абдукарим Раҳимбердиев ҳақида "Олисларда милтирар шуъла" деган китоб тайёрланди, унга марҳум журналистнинг ҳикоя, мақола, ҳажвияларидан иборат ижод намуналаридан ташқари, ҳамкасб дўстларнинг хотиралари ҳам эълон қилинган эди. Сафар аканинг ўзлари ҳам кўролмаган бу китобда энг самимий хотиралардан бири у киши қаламига мансуб "Бирортаси йўқлаб қолар деб юрибман" деган мақола эди. Унда устоз С.Остонов А.Раҳимбердиев ҳақидаги хотираларини хулосалаб, ушбу сатрларни битган эканлар:
"Амал талашиб, бировга ичиқоралик қилганлар ўйламайдиларки, бир кун келиб амал ҳам, давру даврон ҳам қўлдан кетади. Бу дунё ҳам қолиб кетади. Икки саволга жавоб беришга тўғри келади: "Кимга нима яхшилик қилдинг? Кимга нима ёмонлик қилдинг?" Кейинги қисмат мана шу саволлар жавобига боғлиқ бўлади". Нақадар ҳақ гап. Бу сўзлардан устоз Сафар Остонов ҳам ана шу икки саволга умр бўйи жавоб беришга тайёрланган экан, деган фикрга келдим. Ишончим комилки, устоз бу икки саволга ёруғ юз билан жавоб беролган.
Яқинда Сафар аканинг катта ўғли Санжарбек билан кўришиб қолдим. У ёшлигидан шўх бўлиб, устозни анча ташвишга қўйган пайтлари бўлган. Аммо қаршимда ўзини босиб олган, сўзлари отасиники каби салмоқли, мулоҳазали йигитни кўриб, халқимизнинг "олманинг тагига барибир олма тушади" деган ҳикмати кўнглимдан ўтди. У менга отаси ёзган китобни эсдалик учун тақдим этар экан, Самарқандда падари бузрукворининг қариндошлари, синфдошлари, қишлоқдошлари билан учрашганини, Оқдарё туманидаги отаси ўқиган 51-умумтаълим мактабида ижодкор, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов хотирасига бағишланган "Умид билан яшагин" деб номланган кеча ташкил этилганини, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, вилоят ҳамда Оқдарё тумани ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда отасининг ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари, фарзандлари ва яқинлари иштирок этганини сўзлаб берди. Ушбу тадбирни ташкил этиш ва мактабда Сафар Остонов хотира бурчаги ташкил этилишида алоҳида жонбозлик кўрсатган Оқдарё туман ҳокими, Ўзбекистон Журна-листлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров, 51-умумтаълим мактаби директори Моҳидил Ҳасанова, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Хуршид Шоназаров, ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари Жасур Аббосов ҳамда Оқдарё туман Мактаб ва мактабгача таълим бўлими раҳбарларини алоҳида мамнуният билан тилга олди.
Маълум бўлишича, кўпгина ҳамкасблар ўша мактабга ўз китоблари, ижод маҳсуллари, спорт инвентарлари билан кўмаклашишга қарор қилишибди. Бу эзгуликлардан жуда мамнун бўлдим. Санжарбекдан ҳам жуда кўнглим тўлди. Яхши инсон бўлиб камолга етибди! Бу ҳам устознинг ибратларидан бири-да! Шу боис мен ҳам "Oltin meros press" нашриётида яқинда чоп этилган 30 га яқин китобларни устоз Сафар ака ўқиган 51-мактабга совға қилишни кўнглимга тугдим. Яхшиларнинг номи ҳам эзгуликларга эш бўлади. Назаримда, 13 ноябрь куни (устознинг таваллуд куни) Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 51-мактабда бўладиган хотира кечасида бу китобларни мактаб кутубхонасига топшириш маъқул иш бўлади!
Яхши инсонлар ибратидан яхши, савобли ишлар бардавом бўлиб, ўтган устозларни Аллоҳ раҳмат қилсин!
Амирқул КАРИМ,
Халқаро "Олтин мерос" фонди бошқаруви раиси.
«Ҳуррият» газетасининг 2025 йил
12 ноябрь сонидан олинди.
«ОҚДАРЁ ОВОЗИ» ГАЗЕТАСИ
ТАҲРИРИЯТИДАН:
13 ноябрь куни Сафар Остонов таълим олган Оқдарё туманидаги 51-умумтаълим мактабида устознинг туғилган куни муносабати билан хотира тадбири ташкил этилди. Бунда сўзга чиққан туман "Оқдарё овози" газетасининг бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев, Сафар Остоновнинг шогирдлари - журналистлар Нормурод Мусомов, Акмал Яхшиев ва бошқалар устоз ҳақидаги хотираларини сўзлаб беришди. Тадбир мактаб жамоаси ва ўқувчиларда катта таассурот қолдирганлигини алоҳида таъкидлаш керак.Тадбир сўнггида устознинг фарзанди Санжар Остонов келган барча иштирокчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, хотира тадбири қатнашчилари эсталик учун суратга тушдилар.
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00




