Азамат ТОШТЕМИРОВ

Шафқатсиз ўлим бутун умрини туман иқтисодини ривожлантиришга, халқ фаровонлигини оширишга бағишлаган Оқдарёнинг фидойи фарзанди, ташаббускор раҳбар, садоқатли дўст ва меҳрибон ота Азамат Тоштемировни орамиздан олиб кетди.

Азамат Тоштемиров 1961 йилнинг 31 июль куни Лойиш қишлоғида таваллуд топди. 1977 йилда Лойишдаги 45-ўрта мактабни битиргач, Тошкент Халқ хўжалиги институтининг иқтисодиёт бўлимида таълим олди. Олийгоҳни аъло баҳоларга тугатиб, дастлаб иш фаолиятини Жиззах вилоятининг Арнасой туманида оддий ҳисобчиликдан бошлади. Бир неча йил ўз соҳасида фаолият кўрсатиб, етарли тажрибага эга бўлгач, туманимизга келиб туман қишлоқ хўжалик бошқармасида, туман ҳокимлигида масъул вазифаларда фаолият кўрсатди. Бир неча йил давомида туман ижроия қўмитаси қошида фаолият кўрсатаётган халқ назорати қўмитасида раҳбар бўлиб меҳнат қилди. Ўзининг ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги билан раҳбарларнинг эътиборига тушди. Шу боис Мустақиллигимиздан кейин бир неча йиллар давомида "Янгиобод" жамоа хўжалигини бошқарди. У раҳбарлик қилган йилларда пахтачиликда ва чорвачиликда катта ютуқларга эришилди. Буни хўжалик аҳли доимо эътироф этиб келишади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фермер хўжалигининг раҳбари сифатида ҳам зиммасидаги режаларни ошириб бажариб, илғор фермерлар сафидан муносиб жой олди. Турмуш ўртоғи Инобат Муродова билан тўрт нафар фарзандини вояга етказиб, уларнинг барчасини уйли-жойли қилиб, халқимизга хизмат қиладиган фидойи инсонлар қилиб тарбиялашди.

Оқдарёнинг фидойи фарзанди, садоқатли дўст ва меҳрибон ота Азамат Тоштемировнинг ёрқин хотираси тумандошларимиз қалбида мангу яшайди.

"Оқдарё овози" газетаси таҳририяти 

ва  туман "Нуронийлар" кенгаши.

Мавзуга оид: