ЎҚИТУВЧИ ЙЎЛДА НАВБАТЧИЛИККА ТУРИШГА МАСЪУЛ(МИ?)

Қизиқчиларнинг "ГАИ" формасини кийиб, ҳаётда учраб турадиган баъзи бир воқеа-ҳодисалар акс этган қизиқарли томошалар кўрсатганлигини кўриб ҳар қандай киши мириқиб кулади ва дам олади. Айниқса, кейинги пайтларда "Юлдуз Усмон" қизиқчи томонидан тайёрланаётган кўрсатувда "ГАИ" ходимлари иштирокидаги қизиқарли воқеа ва ҳодисалар намойиши маромига етказилмоқда. Лекин, бу шунчаки ҳазил-мутойиба кўрсатув ҳисобланади.
Биз эса айни кунларда ҳам ойнаи жаҳондаги қизиқчиларга ўхшаб ҳар замонда эмас, балки ўқув йили давомида "ГАИ" формасини киймаса-да "ГАИ" вазифасини бажараётган касб эгалари, яъни ўқитувчилар ҳақида фикр юритмоқчимиз. Тўғрисини айтганда, туманимизнинг катта трассасида жойлашган мактабларнинг ўқитувчилари кўп йиллардан буён бу вазифани сидқидилдан бажариб келишаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Негаки, йиллар давомида  катта трассада жойлашган мактабларнинг ўқувчилари ҳаётини муҳофаза қилиш мактаб ўқитувчиларининг зиммасида. Мазкур мактабларда ўқув йили давомида ўқувчиларни эрталабки вақтда  мактабга келишларини кутиб олиш ва дарсдан сўнг уларни йўлдан ўтказиб кузатиб қўйиш учун кунлик навбатчилик рўйхати асосида ҳар бир ўқитувчи постда туришади. Бу эса албатта, келажагимиз ворислари бўлган ёш ўғил-қизларимизнинг ҳаётини муҳофаза қилишдек улкан ва масъулиятли вазифадир.
Ростини айтганда, бу мавзуни ёритишимга таҳририятимизга ўқувчисининг шеърини ёритиш мақсадида ташриф этган ёш ўқитувчининг ҳаяжонланиб айтган қуйидаги фикр-мулоҳазалари сабабчи бўлди:
 - Мен туманимиздаги мактабларнинг бирида фаолият кўрсатаман. Мактабимиз катта трассада жойлашганлиги туфайли ҳафтада бир мартадан йўлда навбатчиликка турамиз. Мактаб ўқувчиларининг дарс машғулотларига келиб-кетиши ҳамда хавфсизлигини таъминлаш албатта бу жуда муҳимдир. Йўлда навбатчиликка туриш фидойи касб эгалари бўлган ўқитувчиларга асло малол келмайди. Лекин, трасса бўйлаб автотранспорт воситалари катта оқим ва тезликда ўтаётган пайтларда тўғриси, фарзандларимиз у ёқда турсин, биз ўқитувчиларнинг ҳаёти учун ҳам хавфли вазиятлар юзага келиши мумкин. Шундай ҳолатларда қўрқиб кетамиз биз ҳам. Ахир, ўқитувчи бўлсак-да, аёлмиз-ку, айрим транспорт эгалари биз қўлимизда кўтарган қизил байроқчага тўхташ у ёқда турсин, устимиздан кулиб, мазах қилиб ўтиб кетишади. Тушунган ҳайдовчилар эса болалар йўлдан ўтиб бўлгунча автомобилларини тўхтатиб турадилар.
- Йўлдаги навбатчилик учун сиз каби ёш аёлларнинг ўрнига доимий равишда эркак ўқитувчиларни қўйса бўлмайдими, деб сўрадим ундан. 
- Мактабда ишлайдиган эркак ўқитувчиларимиз жуда камчиликни ташкил этади, шу боис навбатчиликка аёл ва эркакларнинг барчаси қўйилган.
Дарҳақиқат, бугунги кунда, йўлларимиз қанчалик кенгайтирилмасин, барибир серқатнов машиналарнинг кўплиги боис, йўловчиларнинг ҳам, айниқса, ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш муҳим аҳамиятга эгадир. Негаки, кейинги пайтларда тинимсиз равишда йўл ҳаракати транспорт воситалари иштирокидаги кўнгилсиз ҳодисаларнинг  содир этилаётганлиги барчани ташвишга солмоқда. Шу боисдан ҳам, туманимиздаги катта трасса йўл ёқасида жойлашган 29,51,33,32,39,38-мактабларнинг ўқитувчилари мактаб бағрига келаётган, фарзандлари каби азиз бўлган болажонларнинг хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифани ўзлари бажариб келмоқдалар. Куз ва баҳор фаслининг ёмғирли кунлари, қишнинг изғиринли қорли-қировли кунлари бўлсин, улар ўз постларида ҳамиша сергак ва садоқат билан туришганлигини кўрамиз. ўқитувчиларга беихтиёр ачиниб кетасан киши. Келажагимиз ворислари бўлган ёш авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли ва шарафли вазифани бажариш билан бир қаторда ўзларининг ҳаётларини хавф-хатарга солиб бўлса-да, йўлда эрта тонгдан туриб  навбатчилик ҳам қилишади.
Янги ўзбекистонимизда жамиятимизнинг барча жабҳаларида янгича ўзгаришлар, янгича ислоҳотлар олиб борилаётган бир    пайтда одамларимизнинг  онгу тафаккурларида ҳам янгича дунёқарашлар шаклланиб бормоқда. Шундай экан, шарафли касб эгалари бўлган ўқитувчиларимизнинг йўлда навбатчилик қилишлари бугунги давр талабларига асло мос келмайди. Бу борадаги муаммони ҳал қилиш юзасидан эса шу соҳанинг масъул раҳбарлари тегишли чора-тадбир белгиласа мақсадга мувофиқ бўлар эди. Биз уларнинг бу борадаги жавоб мактубларини кутиб қоламиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА.