ГУЛҲАЁНИНГ ГУЛДАСТАЛАРИ

Ойтамғали маҳалласининг Чим қишлоғида истиқомат қилувчи Гулҳаё Очилованинг уйида матодан яратган гулдасталари харидорлар назарига тушиб улгурди. У оиласида ҳунармандчиликнинг бу тури билан шуғулланишни йўлга қўйди.

- Гулдаста тайёрлашни шу йил бошлаганимга қарамай,  кўплаб гул дўконларидан буюртмалар келиб тушмоқда, - дейди Гулҳаё Очилова. - Бир кунда 5-10 тагача гулдасталарни тайёрлашга улгураман. Ҳозирда кичкина гулдастани 55 мингдан, катта гулдасталарни эса 90 мингдан харидорлар олиб кетишмоқда. Қўл меҳнатимдан ўзим ҳам завқланиб ишлайман. Оилам даромади учун озгина бўлса ҳам ҳисса қўшаётганлигимдан хурсандман.

Интернет орқали ҳунармандчиликнинг бу турини ўрганиб, ўзини ўзи банд этган бу ҳунарманднинг орзу-мақсадлари катта. У туман марказида гул дўкони очишни, у ерда аҳолининг энг яхши кунлари учун, яъни туғилган кун ва тўй ҳашамларни энг кўркам ва сифатли гулдасталар билан таъминлашни, қолаверса, келажакда табиий гуллар ҳам парваришлаб, улардан ҳам харидорлар талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда табиий гулдасталар яратиш устида изланмоқда.

Албатта, гул бор хонадонда нур бор, файз бор. Чиройли сунъий гулларни матодан тайёрлаётган Гулҳаё Очилова сингари ҳунарманд хотин-қизлар сафи кенгаяверсин. Унинг қўл меҳнати билан яратган мўъжизаси эса ҳамиша элга манзур бўлиши шубҳасиз.

С.ИБРАГИМОВ.

Суратда: Гулҳаё Очилова ўзи тайёрлаган гулдасталарни 

намойиш этаётган пайт.