ЯШИЛ ПРОМЕТЕЙ ВА ҲУНАРМАНДЛАР

Прометей ҳақидаги юнон афсоналарига кўра, у Олимп тоғидаги худолардан оловни ўғирлаб, одамларга ҳадя этиши билан бирга ҳунармандчилик ва санъат маъбуди сифатида танилган.
"Ҳақиқий Прометей бу - ўрмон, қайсики у осмондан олов ўғирлаб, яъни қуёш нурларини олиб пар машиналарининг залворли ғилдиракларини, рассомнинг мўйқалами-ю, шоирнинг пат қаламини ҳаракатга келтиради" деб аниқ ва образли ифодалаган таниқли рус олими К.А.Тимирязев.
Ҳақиқатдан ҳам одамлар афсоналардан фарқли ўлароқ ўрмон ва алоҳида олинган дарахтдан ҳаёт учун зарур нарсаларни топганлар. Жумладан, бошпана, меҳнат қуроллари, рўзғор буюмлари ва бошқаларни яратганлар. Қадимги славянлар дарахтни илоҳийлаштириб, уни қуёш билан одамлар ўртасидаги боғловчи деб ҳисоблаганлар.
Рус дурадгор-усталари ёғоч ишлатиш кўлами ва хилма-хиллиги жиҳатидан тенгсиз бўлганлар. XVIII аср охирида Парижда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада улар томонидан ясалган ёғоч уй ўзининг гўзал мутаносиблиги, содда ва оқилона конструктив ечими билан кўргазмага келганларни лол қолдирган. Бутун бошли уй зичланган ёғочлардан қурилган бўлиб, уларнинг қисмларини бириктиришда бирорта ҳам мих ёки металл боғламлар ишлатилмаганлиги диққатга сазовордир.
Биз томонларда дарахтзорларнинг камчиллиги туфайли иморатлар қурилишида улардан тежаб ишлатилган. Шундан келиб чиқиб, бинокор уста-ҳунарманд боболаримиз ёғоч кам ишлатиладиган, дурадгорликнинг чўққиси бўлган синчли иморатни кашф қилганлар.
Ўзбекистон миллий энциклопедиясида келтирилишига кўра, "Синч - бино ва иншоотлар деворининг таглик ёғоч (тагсинч) билан тепа ёғоч (сарров) ўртасига қадаладиган ёғочлар; уйнинг "скелети", уйнинг мустаҳкамлиги, турғунлиги, зилзилага бардошлигини оширади. Қўшсинчли девор хона иқлимини мўътадил тутади, турли токча, тахмонлар ясашга имкон беради.
Ҳунарманд аждодларимиз ҳам уйнинг синчини тиклашда, унинг элементлари ёғочида ўйиқ ва тирноқлар ҳосил қилиб, ҳеч қандай михсиз ва бошқа воситаларсиз битириктиришнинг ақл бовар қилмайдиган йўлини топганлиги миллий фахримиздир.
Ўрта Осиё меъморчилигида синчлар орасига ғишт, гувала ва бошқалар урилиб тикланган синчли деворлар кенг қўлланилган. Ҳозир ҳам якка уй-жой қурилишида синч девор конструкциялари катта ўрин тутади.
Шу ўринда Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги Арпа ариқ маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Арпа қишлоғида яшовчи Жунайдилло Худойназаров ва Қора-хўжа қишлоғида яшовчи Чўллихўжа ўайбуллаев каби дурадгор-усталарнинг қишлоғимиз ва атроф қишлоқларда кўплаб биноларнинг синчини тиклаб, ўз ҳунарининг ҳадисини олганлигини ифтихор билан эътироф этиш лозим.
Яқин ўтмишдаги деҳқон хонадонларини кўз олдимизга келтириб кўрайлик. Синчли иморатлар, эшик деразалари, ғалтак, кели ва бошқа рўзғор буюмлари, борингки, атрофимизни ўраб турган анжомлар ёғочдан ҳунармандлар томонидан ясалган. Ҳунармандлар топқирлик билан эшиклар учун ишончли     қулфлар ясаган. Бундан қулфлардан бири Москвадаги Давлат тарихий музейида сақланмоқда.
Энди, ҳозир фақат Ўзбекистонлик ҳунарманд-усталар томонидан бир бўлак яхлит ёғочдан мих, елим ва бошқа бириктирувчи воситаларсиз ясалаётган ва ясалиш эътибори билан санъат даражасига кўтарилган лавҳ ҳақида имконимиз борича фикр юритамиз.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида лавҳ "Китобни қўйиб ўқиш учун махсус мослама" деб кўрсатилган. Қадимда аждодларимиз китоб мутолаа қилишда дастлаб битта яхлит тахтадан, кейинчалик уста-ҳунармандлар кашф қилган икки қаватли лавҳдан фойдаланишган. Лавҳни яратилиши ва бадиий мазмуни китобга асосланиб қурилган ва у фақат китобга аталган. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида лавҳ ҳақида ёзилган: "Диний манбааларга кўра, оқ дурдан ясалган, узунлиги ер билан осмон оралиғи, эни машриқ билан мағриб оралиғича икки саҳифадан иборат буюк бир китоб" эканини инобатга олган ҳунарманд-усталар лавҳни яратишда унинг қисмлари мутаносиблиги, китобнинг унга ўзаро боғлиқ ҳолда жойлашуви, манзаралилиги (декаративлиги) кабиларга моҳирлик билан ёндошиб, китобхонни руҳлантирувчи таъсирни кучайтирган.
Лавҳ ясалиши учун ҳам бир бўлак яхлит (асосан ёнғоқ) ёғочининг ғўзал тузилиши катта аҳамиятга эга. Бу жараёнда анъанавий асбоб-ускуналардан фойдаланилиб, асосан қўл меҳнати усулида бир бўлак тахтанинг "очилган"да китоб қўйиладиган ғаройиб курсичага айланиши ва аксинча "ёпилганда" яна олдинги  ҳолатига қайтиши ҳаммани ҳайратга солади.
Унинг ясалиш тарихига келсак, бу тўғрида аниқ фикр билдириб бўлмайди. Лавҳлар ўрта аср тасвирий санъатининг бебаҳо дурдоналарини яратган Камолиддин Беҳзод миниатюраларида ҳам тасвирланган. Самарқандда Бибихоним масжиди ҳовлиси ўртасидаги мармар тошдан ишланган улкан лавҳ Мирзо Улуғбек фармони билан яратилганлиги инобатга олинса, бу осори атиқалар лавҳнинг қачондан буён мавжудлиги тўғрисида баъзи бир хулосаларни бериши мумкин.
Ҳунарманд усталар унинг жозибадорлигини ошириб, лавҳдан фойдаланишда унинг функционал сифати афзал кўрилиб, ҳар хил очилишга эга бўлган кўп позициялиларини яратишди. Лавҳнинг шаклига бундай конс-труктив ўзгартиришлар киритилиши натижасида янада кўп қаватлилари яратилган бўлса-да, унинг баландлиги ва бошқа жиҳатларини белгиловчи мазмуни бойитилсада, у ясалаётган тахта ҳажми қанча катта бўлса ҳам, неча хилда очилмасин ва кўп қаватли бўлмасин, китобни ўқувчи кўзига ўнғай ва етарли даражада тутиб турмайди. Бундай лавҳлар юқорида кўрсатилган манзилда очилган ёғоч ўймакорлиги устахонамизда ҳам кўплаб ишланмоқда.
Синч тиклаш ва лавҳ ишлашнинг ҳар бир кичик бўлаги ҳунарманд аждодларимизнинг асрий тажрибаларидан бўлиб, эҳтиёжга кўра шакли ўзгариши натижасида мазмуни     бойиб келган.
Бу тарихий жараён замонавий санъатда ўз ўрнига эга бўлган, серқирра ижод соҳиби - ёзувчи, санъатшунос Нодир Норматов талқинида яққол тасвирланган: "Сезги, туйғулар ўзининг кўринмас ришталари воситаларида кишини юз минг йиллар билан боғлайди. Табиатни кузатиш, халқ турмушини, инсон ҳолатларини ўрганиш, улар хусусида мулоҳаза юритиш санъат ва адабиётда янги шакл услубларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бу узлуксиз жараён... Аммо шакл излашдан мақсад зўраки, сунъий шаклни топиш эмас, ҳар бир ҳодисага мос шакл кашф этишдир. Унинг ўлчови ягона. У ҳам бўлса - мантиқ. Агар мантиқ бўлса, демак мазмун бор, мазмун бўлса, демак шакл табиийлиги бор".
Анъанавий лавҳлар ясалишининг ўзи мураккаб кечади. Шунга қарамасдан, уларни синчиклаб ўрганиш, ундан кам бўлса-да, фойдаланувчи китобхонларнинг ҳолатини, музейлар, кўргазмалар каби жойларда мавжуд   лавҳлар ва китобларнинг вазиятини кузатишлар натижаси ўлароқ кашф қилинган янги услубдаги лавҳлар устахонамизда яратил-моқда. Жумладан, "Янги Ўзбекистон", "Ўзбекистон амалий санъати" каби салмоқдор китоблар учун махсус лавҳлар ясалди.
Яшил Прометей - ўрмон ва унинг бағрида ёки якка ҳолда қуёшдан нур эмган барҳаёт дарахтлар, унинг ёғочлари моҳир ҳунармандлар қўлида ардоқланиб, ишлов берилиб, бадиий тус олган буюмга ёки музей экспонатига айланиб умри узаймоқда.
Одамлар кундалик ҳаётларида дарахт билан доимо дуч келиб, унинг хусусиятларини беихтиёр ўрганиш билан бу мўъжизавор материалнинг ҳар дафъа янгидан-янги имкониятларини очиб бораверади. Ёғоч бизга берган имкон туфайли янги услубда яратилган лавҳларнинг тақдирини эса вақт кўрсатади.
Тўйчи ЭСАНОВ,
меҳнат фахрийси.