Қатъий жазо керак эмасми?

Яқинда Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор энг долзарб масалалардан бири бўлган, кўплаб одамларнинг ҳаётдан барвақт кўз юмишига сабабчи сифатида кўрсатилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига, автоҳалокатларга бағишланганлиги бежиз эмас. Чунки таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, биргина ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 10 мингдан ортиқ автоҳалокатлар содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ киши жабр кўрган. Энг ачинарлиси, автоҳалокатлар оқибатида вафот этганларнинг 250 нафардан ортиғини болалар ташкил этади. Бунинг асосий сабаблари кўрсатилганда, ҳайдовчиларнинг аксарияти йўл қоидаларига амал қилмасликлари, спиртли ичимликларни ичган ҳолда автотранспорт воситаларини бошқарганликлари, етарли тажрибага эга бўлмаган ҳолда, аниқроғи, ўқимасдан туриб ҳайдовчилик гувоҳномасини олаётганликлари, шунингдек, йўлларимизнинг талабга жавоб бермаслигида эканлиги маълум бўлди. 
Очиғини айтиш керакки, масъулларимиз қачонки Президентимиз топшириқ берсагина, бажаришга одатланиб қолишган. Давлатимиз раҳбари бу масала юзасидан видеоселектор ўтказмаган тақдирда ҳам мутасадди ташкилотларнинг ўзлари бу борада тегишли чора-тадбирлар белгилашлари мумкин эдику. Ўша йиғилишдан сўнг барча   оммавий ахборот воситалари, айниқса, Ўзбекистон телевидениесининг барча каналларида ҳайдовчиларни тайёрловчи мактаблардаги ачинарли ҳолатлар, коррупцияга алақодар манзаралар намойиш этилди. Эътиборли томони шундаки, эндиликда ҳайдовчиларни тайёрловчи барча мактаблар ички ишлар вазирлиги томонидан назорат қилинади. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритилиб, ҳайдовчиларнинг масъулияти янада оширилади. Буларнинг ҳаммаси яхши албатта. Бироқ йўл ҳаракати қоидасини бузиб, айбсиз бўлган фуқароларимизнинг ўлимига сабабчи бўлаётган ҳайдовчиларга нисбатан кўрилаётган чоралар, жазолар дангалини айтганда, етарли бўлмаяпти. Ҳозирги пайтда автоҳалокат содир этиб, одамлар ҳаётига зомин бўлаётган ҳайдовчига нисбатан   қўлланилаётган жазо эҳтиётсизлиқ оқибатида содир этилганлиги аниқланиб нари борса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси бериляпти. Оқибатда амнистия қўлланилиб, бир икки йилда қамоқдан чиқиб келяпти. Бир бегуноҳ инсон эса ҳаётдан кўз юмаяпти. Негадир қонунчиларимиз бу масалага эътиборларини қаратишмаяпти. Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Юқори палатадаги сенаторларимиз бу борада Қонунга ўзгартириш киритишлари ниҳоятда зарур. Агар ҳайдовчи ўзининг автомашинасида автоҳалокат содир этиб инсон ўлимига сабабчи бўлса Жиноят кодексининг 97-моддаси билан айбланиши зарур деб ҳисоблаймиз. Чунки инсонни машина билан уриб ўлдирди нимаю, атайлаб пичоқ билан ўлдирди нима? Иккаласида ҳам инсон ҳаётдан кўз юмаяпти-ку. Тўғри, айримлар бу фикримизга эътироз билдиришлари турган гап. Улар қасддан одам ўлдирган билан эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдиришни фарқи борку, дейишлари мумкин. Агар биз қонунларимизни қатъийлаштирмасак йўллардаги автоҳалокатлар давом этаверади ва гуноҳсиз одамлар айрим ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги туфайли ҳаётдан кўз юмаверади. Шундай экан, бу масалага жиддий эътибор берилиши лозим.
Шу ўринда яна бир масала ҳақида тўхталиш лозим. Айрим ҳолларда раҳбарларимиз томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига ҳайдовчиларнинг эътирозлари, қўпол муомалалари ҳақида фикрлар билдирилаяпти. Тўғри, ҳаётда яхши ҳайдовчилар билан бир қаторда муомалани билмайдиган фуқароларимиз ҳам борлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари орасида ҳам ҳайдовчиларни менсимайдиган қўпол муомалада бўлаётган ходимлар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Нима бўлганда ҳам ҳар бир киши аниқроғи ДАН ходими ҳам, ҳайдовчиларимиз ҳам ўз бурчларини виждонан бажаришлари лозим. Ана шундагина йўлларимизда кўнгилсиз автоҳалокатлар содир бўлмайди. Буни асло унутмайлик!
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: