14 февраль - буюк шоҳ ва шоир, атоқли давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун БОБУР ҒАЗАЛЛАРИ

ЯХШИЛИК...

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ. 

Гар замонни найф қилсам айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ! 

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума, 

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ. 

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,

Эмди кўз тутмоқ не маъни ҳар ямондин яхшилиғ?

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!

Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

ТОПИЛМАС...

Сендек манга бир ёри жафокор топилмас, 

Мендек санга бир зори вафодор топилмас. 

Бу шакл-у шамойил била худ ҳур-у парисен, 

Ким жинси башар ичра бу миқдор топилмас. 

Ағёр кўз олида-у ул ёр аён йўқ,

ўам хори кўнгул ичра-ю ғамхўр топилмас. 

Эй гул, мени зор этмаки ҳуснунг чаманида,

Кўзни юмуб очқунча, бу гулзор топилмас. 

Бобур сени чун ёр деди, ёрлиғ этгил, 

Оламда кишига йўқ эса, ёр топилмас.


БАҲОР АЙЁМИДУР...

Баҳор айёмидур доғи йигитликнинг авонидур, 

Кетур соқий, шароби нобким - ишрат замонидур. 

Гаҳи саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун, 

Гаҳи саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонидур. 

Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранги гуллардин, 

Магарким суннинг наққошиға ранг имтиҳонидур. 

Юзунг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,

Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур. 

Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг, 

ўарибингға тараҳҳум айлагилким, анди жонидур.


ҒОФИЛ ЎЛМА…

Ғофил ўлма эй соқий, гул чоғин ғанимат тут! 

Вақти айш эрур боқий ол чағир, кетур, бот тут!

Бу насиҳатим онгла, не билур киши ёнгла, 

Не бўлур экин тонгла, сен бу кун ғанимат тут!

Ғофил ўлма давлатда ўзни солма меҳнатда, 

Тангри берур албатта, давлат иста, ҳиммат тут! 

Хуш турур висоли ёр, анда бўмаса дайёр, 

Бўса, васл беағёр давлат-у саодат тут! 

Ғам черики беҳаддур, чораси будур, Бобур, 

Бодани кўмак келтур, жомни ҳимоят тут!


СОЧИНИНГ САВДОСИ... 


Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,

Тийра бўлди рўзғорим ул қаро қошдин яна. 

Мен худ ул тифли паривашға кўнгул бердим, вале, 

Хонумоним ногаҳон бузулмағай бошдин яна. 

Юз ёмонлиқ кўруб ондин телба бўлдунг, эй кўнгул,

Яхшилиғни кўз турарсен ул паривашдин яна. 

Тош урар атфол мани, уйида фориғ ул пари, 

Телбалардек қичқирурмен ҳар замон тошдин яна. 

Оёғим етганча Бобурдек кетар эрдим, нетай, 

Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна.


ҚОЛДИМУ...

Чархнинг мен кўрмаган жабр-у жафоси қолдиму?! 

Хаста кўнглум чекмаган дард-у балоси қолдиму?!

Мени хор этти-ю қилди муддаийни парвариш, 

Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?! 

Мени ўлтурди жафо-ю жавр бирла ул қуёш, 

Эмди тургузмак учун меҳр-у вафоси қолдиму?!

Ошиқ ўлғоч кўрдум ўлумни ўзумга, эй рафиқ,

Ўзга кўнглумнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!

Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб, 

Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?!