Боғ парваришини биласизми?

Айни кунларда боғларда ўтказиладиган муҳим иш дарахтларга шакл беришдир. Олма, нок, олхўри дарахтларига одатда сийраклаштирилган қаватли шакл берилади. Шафтоли дарахтига эса косасимон шакл берилгани маъқул. Мевали дарахтларни қирқиш ва уларга шакл беришда серҳосил шохни ҳосил бермайдиган шохлардан ажрата билиш шарт. Шунга эътибор қаратиш лозимки, ўрик, гилос, олча дарахтларида ғуж жойлашган (яъни гулдаста кўринишидаги) шохлар серҳосил саналади.
Дарахт шохларини кесишда қалин соя берадиган, ортиқча новдалар бутунлай олиб ташланади. Мевали дарахтларда ҳалқали шох ҳаддан ташқари кўпайиб кетса, бир йиллик новдаларнинг ўсишига тўсқинлик қилиши мумкин. Натижада дарахт новдалари ўсишдан қолиб, ҳосили йил сайин камайиб боради.
Олма дарахтида бир йиллик новдалар узунлиги 35-45 сантиметр бўлиши мақсадга мувофиқ. Агарда новдалар узунлиги 15-20 санти- метрга тушиб қолса, дарахт шох-шаббаларини "яшартириш" тавсия этилади. Бунинг учун майда ён шохлар 2-3 яшарлик она шохларга тақаб қир-қилади.
Дарахт танаси ва илдизидан ўсиб чиққан новдаларни ҳар йили олиб туриш керак. Айниқса, олча ва гилос дарахтининг атрофидан кўплаб бачки новдалар ўсиб чиқади. Бунинг олдини олиш учун вегетация даврида дарахт танасини камида 2-3 маротаба бачкилардан тозалаш лозим.
Шафтолини буташда унинг ёруғликни севиши, тез ўсиши, сершохлиги ва асосан ўтган йилги новдаларда ҳосил куртаги кўпроқ чиқишини ҳисобга олиш керак. Бу дарахт шохлари тез ўсади, новда ва бачкилари кўпроқ чиқади. Лекин улар узоқ яшамайди, тезда қуриб, асосий шохнинг пастки танаси яланғочланиб қолади ва шунинг ҳисобига дарахт ҳосили "юқорилайди". Шу боис бошқа дарахтларга нисбатан шафтоли кўпроқ буталади. Шафтолининг тез ўсувчи навларида 4-6 та серҳосил ва асосий шох қолдирилиб, шакл берилади. Дастлабки новда 35-40 сантиметр баландликда, қолганлари бир-биридан 15-20 сантиметр масофада шаклга солингани маъқул.
Боғ тупроғига ишлов бериш, унинг физик-кимёвий ҳолатини яхшилаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шудгорлашдан олдин ерга органик ва минерал ўғитлар солиниши лозимлигини унутмаслик керак. Эрта баҳорда ер етилиши билан боғ қатор ораларига шундай ўғитларни солиб, ерни 25-30 сантиметр чуқурликда ҳайдаш яхши самара беради. Органик ўғитлар гектарига камида 10-20 тоннагача, азотли ўғитлар соф ҳолда 120 кило-    граммдан берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, гектарига 60-90 килограммгача фосфор ва 30-40 килограммгача калий ўғити солиниши яхши натижа беради. Лалмикор ва ярим лалми ерлардаги боғларга ўғит эрта баҳорда солингани маъқул.
Бундай агротехник тадбирлар мевали боғлардан кутилган ҳосилни олиш, ундаги дарахтлар умрини узайтириш ва ер унумдорлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Туман ўсимликлар карантини 
ва ҳимояси бўлими.