ҚИШКИ САБЗАВОТЛАР ҚАРОВИ

Маълумки, аҳолининг озиқ-овқат хафсизлигини таъминлаш суғориладиган ерлардан йил бўйи самарали фойдаланиб, бир йилда камида 2-3 ҳосил етиштиришни мутлақ тақоза этадики, ана шулардан бири шубҳасиз, сабзавотларни тўқсонбости усулида қиш олдидан экиб, баҳордан бошлаб юқори ҳамда эртаги ҳосил олиш фермерларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очади. Албатта, бу борада таъкидлаш керакки вилоятимизнинг сабзавоткор туманлари катта тажриба соҳиблари ҳисобланади. 
Мазкур усулнинг афзаллиги шундаки, кузда асосий экинлардан бўшаган майдонларга оби-тобида совуққа бардошли сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкатлардан кашнич, исмалоқ, петрушка, сельдерей ва салат каби вакилларининг навдор уруғлари экилганда улар эрта кўкламдан бошлаб барвақт униб чиққач, тезу соз ривожланиши ҳисобига кўкламгига нисбатан 15-20% юқори ва ҳосили 30-40 кун аввал тайёр бўлади. Муҳими эса уруғларни экиш билан боғлиқ барча агротехник тадбирларни қулай фурсатда ва ўта сифатли олиб боришга кенг имконият яратилади.
Шулардан келиб чиққан ҳолда фермерларимиз қуйидагиларга эьтибор беришларини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Аввало, дала ўтмишдош экин қолдиқларидан тозалангач, яхшилаб текисланади ва тавсия қилинган фосфор-калийли ўғитларнинг 70 фоизи, 15-20 т/га миқдорда маҳаллий ўғит берилгач, ПН-3-35 русумли омоч ёрдамида, тупроқ шароитига қараб 25-30 см чуқурликда ҳайдалади, ортидан чизел ва мола тортилади ҳамда бир йўла 70 ёки 90 см кенгликда сув учун эгатлар ҳам олинади. Бунда уруғ сарфи 15-20 фоиз кўпроқ бўлиши эътиборга олинади ва шундай қилинганда улар ҳаво ҳароратининг 4-5 С дан бошлаб униб чиқишга шайланади ва 18-20 С ҳароратда қисқа  даврда майсалайди. Экиш муддатлари бизда ҳозирда, яъни ноябр ойининг ўрталаридан бошлаб декабрнинг биринчи ўн кунлигига қадар бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Пиёзни экишда Зафар, Истиқбол, Дайтона, Родар каби нав ва дурагайларининг уруғлари 20 кг/га ҳисобида СКОН-4,2 ёки СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5-2,0 см чуқурликка, 90 см кенгликда қаторлаб экилади.
Сабзининг Зийнатли, Фаровон, Шантанье-246, Нантская 4, Карсон каби нав ва дурагайлари уруғлари юқоридаги сабзавот сеялкаларида 5-6 кг/га ҳисобида, 1,5-2,0 см чуқурликда (50+20) х 6-8 см, (40+15+15) х 6-8 см схема билан экилади.
Ош лавлагининг Диёр, Ягона, Бардо-237, Бикорес каби навлари уруғлари 16-18 кг/га ҳисобида, 2-3 см чуқурликка 70 ёки 90 см қилиб, 2-3 қаторлаб, ҳар бир ўсимлик ораси эса 8-10 см кенгликка мўлжаллаб уруғ ташланади.
Исмалоқнинг уруғлари эса 3 С ҳароратда майса ҳосил қилиб, улар 6-8 С савуққа бардош беради ва 25-40 кунда, уруўлари эса уч ойда тайёр бўлади. Уруў сарфи 15-20 кг/га бўлиб, улар ноябр-декабрда қўш қатор ёки тасма усулида 50-60 см, қаторлар ораси эса 15-20 см қилиб 2-3 см чуқурликка экилади.
Салатнинг бизда 4 та тури бўлиб, уларга баргли (ўсув даври 30-40 кун), пояли (бўйи 40-80 см), бош ўрамли (ўсув даври 40-100 кун) ва ромен-салат (ўсув даври 70-100 кун) лар мансубдир. Уруғлари 15-20 чуқурликда олинган пуштага тасма усулида 2-3 қаторлаб экилади ва бунда тасма ораси эса 45-60 см, қатор ораси 15 см қилиб 3-5 кг/га уруғ сарфланади.
Шивитнинг Узбекский 243, Ором ва Анет каби навлари уруғларидан 20-25 кг/га пол олинган далага экилади. У секин майсалайди, парваришлаш эса ўтоқ қилиш, қатор ораларини юмшатиш ва суғориш орқали олиб борилади.
Кашничнинг бизда Орзу ва Янтарь нав-лари экилганда барра баргларини ҳар 35-40 кунда, жами эса 2-3 марта ўриш мумкин бўлади. Аммо ҳар гал 1-1,5 см узунликда поялари қолдирилса ҳосил юқори бўлади.
Петрушканинг  Нулуфар, Сахарная каби навлари уруғини тасмасимон ёки сочма усулда 2-3 қатор қилиб, гектарига 5-6 кг ҳисобида экиш тавсия қилинади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, тўқсонбости усули билан юқоридаги сабзавот экинлари уруғлари қиш олдидан, ўз вақтида ва оби-тобида экилса, улар қиш даврида етарли миқдорда намни ва илиқ кунлар ҳароратидан яхши фойдаланган ҳолда феврал ойининг охири ва март ойининг бошидаёқ тўлиқ майса ҳосил қилгач, баравж ўсиш ва ривожланиш даврини ўтайди-ки, бу аҳоли дастурхонини ҳамда бозорларимизни биринчи баракатли ҳосил билан таъминлашда беназир хизмат қилади.


Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори.
Мавзуга оид: