"МЕН ТАРҒИБОТЧИ БЎЛА ОЛАМАНМИ?" МАҚОЛАСИНИ ЎҚИБ…

"Оқдарё овози" газетасининг ўтган сонида "Мен тарғиботчи бўла оламанми?" деб номланган мақолани ўқиб қолдим. Мавзудан узоқлашмаган ҳолда мен ҳам тарғиботчи сифатида бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман.
Аввало, мақолада билдирилган фикр-мулоҳазалар жуда ҳам долзарблиги билан диққатимни  тортди. Бугунги кунда бизнинг туманимиздаги 57 та мактабнинг барчасида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолият олиб боришмоқда. Оқдарёда ўзига хос ўрнига эга бўлган, адабиётнинг назм, наср йўналишида ижод қилиб келаётган, эл таниган, туманимиз халқи тан олган ижодкорларимизнинг деярли барчаси тегишли тавсияномалар орқали мазкур лавозимга ишга жойлашдилар. 
Туманимиздаги барча ижодкорларни бошини бириктирган "Оқдарё овози" газетаси қошида ташкил этилган "Навниҳол" ижодий клуби қатор йиллардан бери ўз фаолиятини юритиб келмоқ- да. Туманимиз ижодкорларидан бир қанчаси адабиёт оламига шу маскандан учирма бўлишганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Президентимиз томонидан ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи ҳақидаги қарорнинг имзоланиши биз ижодкорларга янада кенг имкониятлар эшигини очиб берди, десам муболаға бўлмайди. Чунки биз ижодкорлар ижод килиш билан бир қаторда эндиликда мактаблардаги адабиётга, сўзга ошно бўлган мурғак қалбли болажонларни излаб топиш, кашф қилиш имкониятига эга бўлдик.
Ҳар бир машғулотимни бошлар эканман, турли ёшдаги болаларнинг "Устоз шеъримни кўриб беринг, Ватан ҳақида шеър ёздим, қандай чиқибди, янги эртак ёздим, кўринг-чи", деб чуғурлашлари мени болалик хотираларим сари етаклаб кетади. Эсимда, илк шеърларимни адабиёт ўқитувчиларимга кўрсатиб, уларнинг ҳар бир мақтовидан кўкка учиб юрганларим. Ҳозирги ўқувчиларга ҳавасим келади. Чунки уларга беғараз, бемалол ёрдам берадиган, йўл кўрсатадиган сизу биздек устозлари бор. Албатта бирор бир касбга мойиллик, хусусан, ижодга мойиллик ҳам қондан ўтади. Бироқ, ўша иқтидорни биз тарғиботчилар, ижодкорлар тўғри йўлга бошқаришимиз керак.
Машғулотимга келаётган кўплаб ўқувчиларим билан суҳбатлашсам, оиласида кимдир - бобо-бувилари ёки узоқ-яқин қариндошларидан кимларидир ижодга, адабиётга яқин одамлар бўлиб чиқади. Талантнинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат деганларидай, биз ана шундай яшириниб ётган истеъдодларни излаб топишимиз, тарбиялашимиз керак ва биз бунга масъулмиз.
Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, тарғиботчиларимиз орасида ҳам бу лавозимга адашиб кириб қолган ҳамкасбларимиз ҳам йўқ эмас. Қайсидир мактаб директорининг, ё бир мансабдорнинг эркатой ёки бекорчи қариндоши, хуллас, адабиётдан, ижоддан минг чақирим йироқ бўлган, сўзнинг қудратини тушунмаган, атомдан-да кучли бўлган адабиётдан  йироқ бўлган "тарғиботчи"лар ҳам бор. Умид қиламизки, бундай ходимларни ўрнига ҳақиқий, жонкуяр инсонлар кириб келишади ва ҳар бир тарғиботчи ўз вазифасини сидқидилдан бажаради. Тарғиботчига берилган имкониятдан фойдаланиб, бизга термулган қора кўзларни ишончларини оқлайлик. Уларнинг  мурғак қалбларида унган ниҳолларни улкан дарахтлар бўлиб вояга етишларида беғараз ҳиссамизни қўшайлик.
Йиллар ўтиб улардан замонасининг Эшони Волалари, Суръат Ориповлари, Тоҳир Долиевлари, Орзиқул Эргашевлари, Кубарро Баҳромовалари, Рустам Аминовлари, Исмоил Ориповлари етишиб чиқса ажабмас.
 Эркиной ҚАРШИЕВА,
                     54-мактаб тарғиботчиси, Халқ таълими аълочиси.