АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИДА КИМЛАР ФАОЛИЯТ КЎРСАТАЯПТИ?

Жамиятимизда ошкораликка, очиқликка алоҳида эътибор берилаётганлиги ҳар биримизни қувонтиради. Ижтимоий тармоқларни кузатадиган бўлсангиз атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўзининг шахсий муносабатларини билдираётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Демак, юртдошларимиз бефарқ эмаслар. Улар юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлардан қувонсалар, юз бераётган салбий ҳодисаларга нафратда эканликларини ҳам очиқчасига баён этишмоқда. Бунга мисоллар бисёр. Масалан, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида яшаган ўн бешли ёшли 9-синф ўқувчиси Равшанбекнинг Қўқондаги вояга етмаганларни тарбиялаш колониясида калтакланиб вафот этганлиги тўғрисидаги воқеа-га журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик ўз муносабатини билдирди. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш лозим эканлиги алоҳида таъкидланди. 
Ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, айрим ахборот хизматлари томонидан қўйилаётган постлар бир қолипда эканлигини, фақат мақтовдан иборат эканлигини кузатиш мумкин. Вазирликларнинг ахборот хизматлари ўз вазирлари қаерга борганлигини, нима иш қилганлигини, кимга совға-салом топширганлигини кўз-кўз қилишаётган бўлишса, барча тоифадаги ҳокимликларнинг ахборот хизматлари ҳам худди шу ҳолатни такрорламоқда. Аниқроғи, вилоят ҳокими фалон жойга ташриф буюрди, боғча ёки мактаб очди деган сўзларни тез-тез такрорлашмоқда. Ваҳоланки, ахборот хизматларининг вазифаси ўша вазирлик ёки ўша ҳокимлик томонидан амалга ошираётган ишларни ёритишдан иборат. Амалда эса фақат ҳоким ёки вазирнинг фаолияти керагидан ортиқча ёритилаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Ахборот хизматларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар журналист дипломига эгами? Эшитишимизга қараганда айрим вазирлик ва ҳокимликларда журналистикадан умуман бехабар бўлган шахс-ларнинг фаолият кўрсатаётганлиги ачинарлидир. Ахборот хизматларида фаолият кўрсатаётган ходим журналист дипломига эга бўлиши лозимлиги тегишли ҳужжатларда кўрсатилган бўлсада, амалда эса бунга умуман риоя қилинмаяпти. Айрим туманларда олий маълумотли бўлмаган, бошқа мутахассисликка эга бўлган ходимларнинг фаолият кўрсатаётганлиги кўзга ташланмоқда. Айрим ҳокимлар қонунларни ҳам менсимасдан, гарчи у мутахассис бўлмасада ўзига маъқул келган, ўзига "садоқатли" бўлган ходимларни олиб келишаяпти. Бундай ҳолатларга чек қўйиш пайти келмадимикин? Қачонгача айрим вазирлар ва ҳокимлар қонунга зид ишларни амалга оширишади?
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жойлардаги нашр этилаётган газеталар билан ахборот хизматлари яқин алоқада бўлса ўша жойда албатта ижобий томонга ўзгариш яққол сезилади. Демоқчи бўлганимиз, мамлакат миқёсида фаолият кўрсатаётган барча ахборот хизматларида журналист дипломига эга бўлган инсонлар фаолият кўрсатиши зарур. Ахир халқимизда "Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин" деган нақл бежизга айтилмаган-ку. Шундай эмасми, азизлар?
ЖЎШҚИН.