ОНАНГИЗНИ АСРАНГ, ОДАМЛАР!

Қишнинг сўнгги кунлари эди. Таҳририятга бир аёл кириб келди. Унинг қаттиқ асабийлашганиданми ёки кучли чарчоқданми, ранги-рўйи бир аҳволда, қўллари титраб, овози қалтираб чиқар эди: "Мен шеър ёзишга жуда қизиқаман, икки дафтар шеър ёзганман. Шеърларимни матбуотда чиқаришни хоҳлайман", деди у.
Уни дарҳол ўриндиққа ўтиришга таклиф қилиб, аввало ҳордиқ чиқариб олишини, асабийлашмасликни айтиб тинчлантирар эканман, бироздан сўнг ундан ҳол-аҳвол сўрадим:   
- Ҳа, аҳволим яхши. Кўп йиллардан буён "Мигрен" касалига дучор бўлганман. Ҳозир ўтиб кетади...
Мавлум қишлоғида яшовчи бу аёл ўз ҳаётини ёлғизгина ўғлига бахшида этган экан. Уни оқ ювиб, оқ таради. Ўзи емай едирди, киймай кийдирди. Тенгдошларидан кам қилмай вояга етказди. Ўзининг касалини даволаш ҳақида кўп ҳам қайғурмади. Ёлғиз аёл боши билан ўғлига атаб иморат қилди. Бу ишлар албатта осонлик билан бўлмади. Ана шу йиллари аёлнинг касали зўрайиб, соғлигидан айрилди. Шундай бўлсада у ўзини ўйламади. Нима бўлган тақдирда ҳам ёлғиз ўғли Муродни уйлантириб қўйишни, сўнгра ҳузур-ҳаловотда яшашни мақсад қилиб олди. Нега деганда, ўғлини уйлантирса, келини рўзғор юмушларини ўз зиммасига олади. Аёл эса оёғини узатиб, тинчгина ҳузур-ҳаловатда    яшайди.
Минг афсуски, Ойнисанинг орзулари рўёбга чиқмади. Келин қайнонани хизматини қилиш у ёқда турсин, ҳаттоки, овқат қилиш, кир ювиш, ҳовли супуриш, хуллас рўзғор юмушларини умуман уддалай олмас эди. Уйда ҳар куни уруш-жанжал бошланди. Келин касалманд қайнонанинг хизматини қилмади, унинг аҳволига сира ачинмади. Аксинча, қайнонани беҳурмат қилиб, ҳақорат қилди, ҳаттоки, қўл кўтарадиган бўлиб қолди. 
Ёлғиз ўғил эса қайнона-келин ўртасидаги бу жанжалларни кўриб кўрмасликка, эшитиб-эшитмасликка олар эди. Онаси ўғлига қараб зорланиб йиғласа-да, унга сира раҳми келмас эди. Орадан йиллар ўтиб, оилада бирин-кетин икки набира дунёга келди. Уларни боқиш, парваришлаш, рўзғор юритиш ўрнига Мурод ичкиликка рўжу қўйди. 
Ўзининг ёлғиз ўғлидан, не-не умидлар билан хонадонимга келин эмас қизим бўлади, деб туширган Азизадан меҳр-мурувват кўрмаган онаизор ҳовлининг чеккасидаги бир эски уйида ўзи ёлғиз яшай бошлади. Тунлари туриб аччиқ тақдиридан, аянчли қисматидан ўксиб-ўксиб йиғлади. Лекин унинг дардини, ҳасратларини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмасди. Шундай кезлари у бор аламини оқ қоғозга тўкиб сола бошлади. Қўллари қалтираса-да, кўзлари нурсиз бўлиб қолган бўлса-да аччиқ қисматини, қалбини туғён бўлиб кемираётган дарду ҳасратларини бирма-бир қаламга олиб, таскин топгандай бўлди.  Яхшиямки, маҳалласи бор экан, уларнинг берган ёрдам пули билан бир амаллаб кун кечирди. Ахир, бу маблағ унинг дори-дармонига етсинми, қора қозонини қайнатишга етсинми? Онаизор қишнинг қаҳратон кунлари битта дона ўтин-чўпга ҳам зор бўлди. Бир ҳовлида турган ўзининг жигаргўшаси бўлган ўғил ҳам, келин ҳам ундан лоақал бир марта ҳам хабар олмади. 
Онанинг ноқобил ўғли ва оқибатсиз келини ҳақидаги аччиқ ҳикоясини эшитган ҳар қандай киши "Наҳотки ўзининг бутун умрини шу ўғлига бахшида этган онасини қаровсиз қолдирган бўлса? Эндиликда касалини даволаш, онасига ғамхўрлик қилиш ўрнига уни ёлғизлатиб хор қилиб қўйган фарзандлар наҳотки, орамизда бор бўлса", дея ҳайратланиши табиий. Ҳа азизлар, бу аёл ҳаёти ҳақидаги бор ҳақиқатнинг бир қисмини айтди, холос. Негаки, унинг дарддан ғариб бўлган сўлғин юз-кўзлари, қалтираб турган қўлларига боқсангиз бу онанинг кўп йиллик дарду қийинчиликларни бошидан ўтказганлигини билиб олиш қийин эмас эди. 
Эндиликда онахон касаллиги туфайли          3-гуруҳ ногиронлигини олиш учун ҳужжат тўғриламоқчи. Ногиронликка чиқиш учун ҳам ойлар, йиллар давомида эшикма-эшик юриб, сарсон-саргардон бўлиши аниқ эканлигини айтар экан: "Сарсон бўлиб қийналсам ҳам бошқа чорам йўқ. Ишлаш учун фабрикага ҳам бордим. Қани эди мен ҳам одамларга ўхшаб ишлагим келади, лекин соғлигим тўғри келмади. Нима бўлганда ҳам ногиронлик нафақасига чиқиб олишим керак", дейди у маъюс оҳангда. Ранг кўр, ҳол сўр деганларидек, меҳнатга лаёқати йўқлиги кўзга яққол ташланиб турган бу каби аёлларни сарсон-саргардон қиладиган ўша қоғозбозликлардан баъзида нафратланасан, киши. Наҳотки, инсон қадридан ҳам юқори турадиган ўша қоғозбозликларни камайтиришни иложи бўлмаса?...
Начора, биз ўйлаймизки, Ойниса опани ўғли ва келини ёлғизлатиб қўйган бўлсада, ҳам соғ-лиги, ҳам оилавий ҳаётида турли хил қийинчилик ва муаммоларга дуч келаётган бу онахонни ҳамқишлоқлари, яқин кишилари, айниқса, Янгиқишлоқ МФЙ хотин-қизлар фаоллари унга яқиндан ёрдам беради, деган умиддамиз. Зора, бизнинг мақоламиздан сўнг онахоннинг ўғли Муродга, унинг турмуш ўртоғи Азизага Яратганнинг ўзи инсоф бериб, уларнинг қалбида онасига нисбатан меҳр-оқибат туйғуларини уйғотишини истаб қоламиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА.
Мавзуга оид: