Турмуш чорраҳаларида ОТА ДАРДИ

Ота рози, худо рози.

Халқ мақоли.


- Ҳой чол, уйда бекор ўтиргандан кўра шаҳарга тушиб ўғлингизни бир йўқлаб келсангиз бўлмайдими? Бундоқ ота бўлиб набираларингизни кўрай ҳам демайсиз?

Эрталабдан кампиридан дакки эшитганлиги боис Жамшид отанинг кайфияти бузилди. Аммо буни сездирмади. Очиғини айтганда ўғлини соғинади. Бироқ ўғли шаҳарда катта вазифада ишлаб ота-онасини деярли унутган. Фақат хорижга сафарга чиқади. Доимо мажлисдан ёки вилоятларга чиқишдан қўли бўшамайди. Ота яқинда ўғлини кўргани шаҳарга тушганди. Келини ҳам совуққина қарши олди. Номигагина сўрашиб иложсизликдан   дастурхон ёзди. Ўғли ҳақида оғиз очганида эса:

- Жуда ишлари кўп. Ҳар куни ярим тунда уйга қайтадилар, дея изоҳ берди келини. Кечгача ўтирди ҳамки ўғлидан дарак бўлмади. Телефон қилишганида эса мажлисим бор, кеч қайтаман дея зарда билан гўшакни қўйди. Кейинги пайтларда ўғлининг ўзгариб қолганидан ота ҳайрон эди. Ота-она бир умр мактабда ўқитувчилик қилиб ёлғиз ўғлини авайлаб вояга етказишди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиганлиги учун олий ўқув юртига кириш имтиҳонларини кўнгилдагидек топширди. Институтда ҳам барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиди. Шу туфайли шу ерда ишга олиб қолишди. Тан олиш керак, ўғли қобилиятли бўлганлиги боис борган сари мансаб пиллапояларидан кўтарила борди. Шу орада шаҳардаги нуфузли  катта бир ташкилотнинг раҳбарига куёв бўлди. Аввал ҳам онда-сонда қишлоққа келадиган ўғли шундан сўнг ота-онасини кам йўқламайдиган бўлиб қолди. Оғайнилари, дўстлари тўй қилишганда ҳам қорасини кўрсатмас, ҳар хил баҳоналарни рўкач қиларди.

Бечора кампирига қийин бўлди. Бир неча бор тоби қочиб ўғлини сўраганда ҳам телефон қилдик, келар деган гаплар билан онани кўнглини хотиржам қилишди. Аммо   меҳрсиз ўғилдан дарак йўқ эди. Бояқиш онанинг кўзлари ўғлининг йўлида эди. Афсуски ўғлининг исмини тез-тез тилга олаётган она охири бандаликни бажо келтирди. Бу хабарни зудлик билан ўғлига жўнатишди. Бироқ орадан 4-5 соат ўтган бўлсада ўғлидан дарак бўлмасди. Айтишларича, қайсидир хориж давлатига сафарга кетган экан. Майитни қабристонга олиб боришда ниҳоят ўғилнинг қораси кўринди. Онажон, дея тобут томон отилди. Бироқ тобутдаги онадан садо чиқмас, она меҳрсиз ўғлининг бу йиғисига зор ҳам эмасди. 

Онани дафн этиб келишгач, ота бола ёлғиз қолишди. Ўғли узрини айтди. Бироқ ота индамади. Нима ҳам десин. Меҳрсиз ўғлининг хаста ётган онасини кўп бор чақиришларига қарамасдан келмаганлигидан ота ниҳоятда хафа эди. Онасининг маъракаларини ўтказиб ўғли шаҳарга кетди-ю, қорасини кўрсатмади. 

Катта ҳовлида ёлғиз қолган ота фақат хотиралар билан яшарди. Альбомдаги суратларга боқиб кампири билан ўтказган дамларни эслаб кўзларига ёш келарди. Ёлғиз ўғлининг меҳрсизлигидан юраги эзиларди. Мол-дунё, мансаб инсонни наҳотки шунчалик ўзгартириб юборса, деб ҳайрон бўларди. Орадан кўп ўтмай, ўғли пора билан қўлга тушди. Ноилож қолган ота ўғлини кўргани борди. Доимо яхши кийиниб юрадиган ўғлини кўриб ачиниб кетди. Озиб кетган, рангида ранг йўқ эди. Отасини кўргач йиғлаб юборди. Фақатгина мени кечиринг, дея олди холос. Ўғлининг кўзида ёшни кўриб отанинг ҳам кўзларида ёш пайдо бўлди.

Азиз замондош! Муқаддас ҳадисларимизда «Эй фарзанд, ўзинг ҳам, барча бойликларинг ҳам отангникидир», деган фикрлар айтилган. Афсуски, кейинги пайтларда айрим фарзандлар мол-дунё топгач, мансабга ўтиргач ота-оналарини унутиб қўйишмоқда. Ҳар қандай шароитда ҳам биз фарзандлик бурчимизни асло унутмаслигимиз керак. Чунки халқимизда «Ота рози, худо рози» деган ҳикматли нақл бежизга айтилмаган. Буни доимо ёдда тутайлик, азизлар!

     

    Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.

Мавзуга оид: