Доривор ўсимликлар даромад манбаидир

Яқинда Деҳқон жўжаликлар ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши томонидан "Суғончи" маҳалласида соҳага алоқадар бўлган мутахассислар ва тажрибали деҳқонлар иштирокида амалий семинар бўлиб ўтди. Дастлаб, иштирокчилар мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган Абдумурод Исломов, Алишер Тўхлиевлар хонадонида бўлишиб, бу ерда доривор ўсимликларнинг парваришланиш жараёни билан яқиндан танишишди. Қора седана, шафрон доривор ўсимликларнинг инсон саломатлиги учун жуда муҳим аҳамияти ва шу билан бирга ушбу доривор ўсимликларни қандай етиштириш хусусида атрофлича маълумотлар айтилди. Куз ва эрта баҳорда экилишни талаб қилган ушбу ўсимликлар кўпроқ очиқ ҳавода экилиб вояга етиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Доривор ўсимликларни етиштираётган суғончиликлар албатта қилинган меҳнатига яраша даромад олишаётганлиги тўпланганларда катта қизиқиш уйғотди.

Шу ўринда седана ўсимлигининг доривор хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтсак. Халқ табобатида седананинг уруғи ва ёғидан фойдаланилади. Таркибида тана учун керакли моддалар, уруғи таркибида 38% гидрокарбонат, 35% турли ёғлар, 21% альбумин (турли оқсиллар) бор. Қолган 6% эса юздан ортиқ фойдали моддалар мавжуд. Инсон танаси ёғ ишлаб чиқаролмагани учун уни ташқаридан олишга мажбур. Бир грамм седана инсонга зарур кунлик ёғ эҳтиёжини қондира олади. Шифокорлар седанани истеъмол қилиш йўлининг энг унумлиси уни эзиб ейиш эканлигини таъкидлашади. Седана иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, рак, ОИТС каби касалликларга қарши тавсия этилади. Қон босими, иситмани тушириши ва табиий антибиотик каби таъсир кучларига эга. Седана асаб тизими касалликлари, ички яралар, гижжа, аёллардаги оғриқли ва нормал ҳайз цикли, рак касалликлари, нафас олиш йўллари касалликлари, кўнгил айниши ва қайт қилиш, бўйрак ва жигар касалликлари, бош ва тиш оғриғи, шамоллаш, кўз хасталиклари, юрак, ошқозон касалликларига даво сифатида қўлланилади. 

Шунингдек, доривор шафрон ўсимлиги ишончли даромад манбаидир. Ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Унинг таркибида 50 фоиздан ортиқ бўёқ берувчи кротсин, 2,7 фоиз ёғ, 0,32 фоиз эфир мойи, В, В2 витаминлари, азотли моддалар, қанд, калий ва кальций бирикмалари мавжуд бўлиб, кўплаб касалликларни даволашда қўлланилади. Ўсимлик ўзига хос хушбўй ҳиди, ёрқин ранг ва таъм бериши боис турли таомларга қўшилади. Ундан қандолат маҳсулотлари, кремлар, музқаймоқ тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Заъфарон қўшилган озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча кунгача сифатини йўқотмайди. 

Аҳоли томорқаларида олиб борилаётган бу каби тарғибот-ташвиқот ҳаракатлардан мақсад ҳам қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олиш, ўз оилаларига қўшимча даромад олиб келишдир. 

Суннатулло ИБРАГИМОВ.

                 

Мавзуга оид: