ДАЛА МАЙДОНИДАГИ ЖАНЖАЛ ОҚИБАТИ

Судланувчи вояга етмаган Бобонов Давлатбек (исми-шарифи ўзгартирилган), ўзининг таниши, вояга етмаган судланувчи       Самиев Анвар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2022 йил 13 октябрь куни соат 16:00 лар чамасида Оқдарё тумани, "Гўзалкент" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган дала майдонида ўзига олдиндан нотаниш бўлган Ҳамид Насимов билан мол боқиш масаласида юзага келган келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолади. Жанжал давомида жабрланувчини бел соҳасидан қучоқлаб кураш усулини қўллаган ҳолда ерга йиқитади. Ҳ.Насимовнинг мувозанатини йўқотиб ерга йиқилганлигидан фойдаланиб, воқеа жойида бўлган Ҳ.Муродовнинг вояга етмаган фарзанди З.Н.ни кўз ўнгида ўта шафқатсизлик билан бурун соҳасига тиззаси билан тепиб, уриб-дўппослайди. Жиноий шериги, вояга етмаган судланувчи А.Самиев билан биргаликда тергов давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган калтак билан ўнг қўл тирсак соҳасига уришига, жабрланувчининг қаршилигини сўндириш орқали шароит яратиб, қасддан баданга "ўртача оғирликдаги тан жароҳатлари" - шикаст етказган.

Судланувчи вояга етмаган Бобонов Давлатбекка Ўзбекистон Республикаси ЖК 105-моддаси 2-қисмининг "г,и,м" бандлари билан, Ўзбекистон Республикаси ЖК 57-моддасини қўллаб, ЖК 83-моддаси тартибида, ҳар ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ш.Мардиев,

туман прокурори катта ёрдамчиси,

 2-даражали юрист.