ГЎЗАЛ ВА СЎЛИМ ФАРҒОНАГА САЁҲАТ Жонажон юртимиз бўйлаб...

Фарғона азал-азалдан ўзининг табиати, меҳмондўст кишилари билан донг таратган гўзал масканлардан бири ҳисобланади. Ҳар гал бу сўлим юртга ташриф буюрганимизда одамларининг меҳнаткашлиги, яратувчанлиги ва одамийлиги билан барча миллатдошларимизга намуна бўлаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Яқинда вилоятнинг Учкўприк  туманида яшаётган курсдош синглимиз - Данғара туман "Данғара" газетасининг бош муҳаррири, иқтидорли шоира Ўктамхон Акбарованинг хонадонида оила аъзоларимиз билан меҳмонда бўлдик. Очиғини айтганда барча жойда бўлгани сингари Учкўприк туманида ҳам ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Тадбиркорларга давлат томонидан катта эътибор берилаётганлиги туфайли йилига бу ерда ишлаб чиқариш мажмуалари, савдо шахобчалари қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Бизни хурсанд қилган масалалардан яна бири ҳақида алоҳида фикр юритишимиз керак. Жисмоний тарбия ва спортга эътибор берилаётганлиги туфайли янги қурилиб ишга туширилган спорт иншоотларида, мини футбол майдончаларида ёшлар билан бир қаторда ёши катталар ҳам футбол билан шуғулланишмоқда. Кунига бу спорт майдончаларида кечки соат 18:00 дан бошлаб тунги соат 02:00 гача мусобақалар ташкил этилаяпти. Барчанинг руҳи тетик. 
Эртаси куни мезбонлар билан тоғ ён бағридаги меҳмон уйларида бўлганимизда ажойиб таассуротларга эга бўлдик. Риштонлик қудамиз Баҳодиржон Асқаров ва бешариқлик курсдош шоира синглимиз Муқаддасхон Аҳмаджонова, оқдарёлик укаларимиз Одил Қувондиқов, Шерали Бобобеков ва оила аъзоларимиз ва мезбонлар билан сўлим тоғ ён бағридаги меҳмон уйларида кундан-кунга гўзаллашиб бораётган юртимиз ҳақида, тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида суҳбатлашдик. Фарғонада бир неча кун олдин ёмғир ёғиб ўтганлиги туфайли ҳавонинг анча салқинлашиб қолганлиги яққол сезилди. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, вилоятнинг қайси бир туманига борманг, юртдошларимиз яратувчилик ишқи билан ёнаётганлигини, ариқларда оқаётган зилол сувлар деҳқонларга катта мадад бўлаётганлигини, улар деҳқончилик маданиятига алоҳида эътибор бераётганлигининг гувоҳи бўлдик.
ХУДОЁРХОН САРОЙИДА...

Юртимизнинг энг қадимий ва навқирон шаҳарларидан бири бўлган Қўқонга борган киши Худоёрхон саройига албатта ташриф буюриши турган гап. Чунки бу ерда жаҳонга машҳур шоирамиз Нодирабегим яшаб ўтган. Улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романи асосида суратга олинган бадиий фильм ҳам мана шу саройда тасвирга туширилган. Оила аъзоларимиз ва мезбонлар билан эсдалик учун суратга тушдик. Бу ердаги ўтмишимизга алоқадор бўлган турли хил кўринишдаги суратлар тарихдан сўйлайди. Саройнинг ташқарисида яқинда фаолиятини бошлайдиган Халқаро ҳунармандлар фестивалига тайёргарлик кўрилиши муносабати билан катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган экан. Атроф ниҳоятда хушманзара. Экилган анвойи гуллар сизни беихтиёр ўзига ром этади. Сарой ҳудуди бир неча гектарни ташкил этиб, атрофи ранг-баранг дарахтлар билан ўралган. Ташриф буюрувчиларнинг дам олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Фавворалар атрофига ўриндиқлар қўйилган. Мезбонларнинг айтишларига қараганда кечки пайт Қўқон аҳли бу ерга келиб дам олиб турли хил концерт дастурларидан баҳраманд бўлишар экан.
ҚЎҚОН БОЗОРИДА...
Қўқон бозори ўзининг арзонлиги билан ажралиб туради. Яқинда бозор ҳудудида катта ёнғин бўлганлигидан барча хабардор. Ёнғин натижасида тадбиркорларга анча зарар етди. Президентимиз вилоятга ташриф буюрган чоғида зарар кўрган тадбиркорларга давлат томонидан моддий ва маънавий ёрдам берилиши ҳақида кўрсатмалар берди. Айни пайтда ёнғин юз берган жойлар ўрнида янги савдо шахобчалари ташкил этилмоқда. Тадбиркорлар давлат томонидан берилаётган ёрдамдан ниҳоятда мамнун. Эътиборли томони шундаки, бозордаги тадбиркорлар ниҳоятда самимий ва хушмуомала. Агар сиз кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ оладиган бўлсангиз анча арзонлаштириб беришади. Фақат ўзларини эмас, сизни ҳам хурсанд бўлиб кетишларингизни исташади. Бозор ҳудудида савдо қилаётган кишиларга барча шарт-шароитлар яратиб берилганлиги мақтовга сазовор. Муомала маданияти юксак даражада эканлиги бизни ниҳоятда ҳайратга солди. Бу юртнинг хотин-қизлари миллий урф-одатларимизга қатъий амал қилишади. Ёшми, кексами барча хотин-қизларнинг бошида рўмол. Бу ҳам водий аёлларининг урф-одатларимизга бўлган чексиз ҳурматининг яққол намунаси дейиш мумкин.
ШОИР МУҚИМИЙНИНГ ҚАБРИ ҚАЕРДА?
Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бири бўлган шоир Муқимий ҳам 1850-1903 йилларда Қўқон шаҳрида яшаб ижод қилган. Буюк мутафаккир бу шоирнинг ўнлаб, юзлаб ғазал ва шеърлари таниқли хонандаларимиз томонидан ижро этиб келинмоқда. Қўқонликлар ўзларининг бу буюк шоири билан ҳақли равишда фахрланишади. Шаҳарда бўлганимизда айрим зиёли ва тарихчиларимиз ҳам ҳанузгача Муқимийнинг қабри қаерда эканлигини билишмаслигининг гувоҳи бўлдик. Биз улардан Муқимийнинг қабри қаерда, деб сўраганимизда, саволимизга улар елка қисиш билан жавоб беришди. Очиғини айтганда, бу барчамизнинг айбимиз эканлигини тан олишимиз керак. Улуғ боболаримизнинг ижоди ва фаолиятини билиш билан бир қаторда уларнинг қабрлари қаерда эканлигини ҳам билишимиз лозим эмасми? Афсуски адабиёт ва санъат масалаларида раҳбар бўлган мутасаддиларимиз бу масала билан жиддий шуғулланишлари, мумтоз шоирларимизнинг юбилейларини ўтказиб туришлари ва қабрларини зиёратгоҳга айлантиришлари зарур эканлигини англаб етишлари керак. 
Бир сўз билан айтганда, гўзал ва сўлим Фарғона вилоятига бўлган саёҳатимиз мезбонларда ва меҳмонларда бир олам таассурот қолдирди. Бизга қадрдон бўлган инсонлар билан хайрлашар эканмиз, уларга қарата яна дийдор кўришгунча омон бўлинг, азизлар, ишларингизга омад тилаймиз, дея тилак билдирдик...
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: