Алишер Навоий асарларидан иқтибослар "НАСОЙИМ УЛ-МУҲАББАТ"ДАН

Хожа Абдуллоҳ Ансорий дебдурким, Исмоил Аббос дедиким, ҳаж ниятида сафарга чиқиб, шерозга етишдим. Бир масжидга кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўтириб хирқасига ямоқ соларди. Салом қилдим ва ўтирдим. Мендан сўради:
- Не ниятинг бор?
Дедим:
- Ҳаж ниятим бор.
- Деди: - Онанг борми?
Дедим: - Бор!
Деди: - Қайтиб, онангни хизматига бор!
Бу сўз менга хуш келмас эди. Деди:
- Нега тўлғонасан? Мен бош яланг, оёқ яланг, ёлғиз ва озуқасиз эллик марта ҳаж қилганман. Барчасини савобини сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодилигини менга бер!
Шайх Муҳйиддин Абдулқодир 
Жилий (қ.с.) Ҳазрат Ғавсулаъзам  қўлида тавба қилган қароқчилар
...Оналари Уммулхайр Аматулжаббор Фотима бинти Абу Абдуллоҳ дебдуларки, фарзандим Абдулқодир туғилгандан сўнг ҳаргиз Рамазон ойида сут ичмади.
Туғилганлари 471 йили ва вафотлари 561 (милодий 1106-1196) йилида воқеъ бўлибди.
Ул киши айтибдиларки, кичик эдим,  даштга чиқиб, деҳқончилик  учун бир   ҳўкиз қуйруғини тутиб, жуфт ҳайдардим. Ул ҳўкиз менга боқиб дедики: "Мо лиҳоза ҳалақта ва ло биҳоза амарта" (Бунинг учун яратилмадинг ва бунга амр этилмадинг). Қўрқдим ва қайтдим. Келиб, уй томига чиқдим. Арофатда турган ҳожиларни кўрдим. Онам қошига келдим. Дедим:
- Мени Тангри ишига йўлла ва ижозат берки, Бағдодга борай ва солиҳларни зиёрат қилай.
Бу ниятим сабабини сўради, бўлган воқеани айтиб бердим. Онам роса йиғлади. Туриб саксон олтин келтирди.
Деди: - Менга ота меросидан бу қолибдир. Ярмини қардошим учун олиб қолди ва ярмини менинг тўнимга тикди. Ва менга қасам бердики, барча аҳволда тўғрисўз бўл. Сўнг мен билан видолашди. Мен кичик бир карвон билан Бағдодга юзландим. Ҳамадондан ўтганимизда олтмиш отлиқ карвон йўлини тўсдилар. Менга биров эътибор бермади. Ногоҳ биров етиб келди ва деди:
- Ниманг бор?
Дедим:
- Қирқ олтин.
Деди:
- Қани?
- Тўнимга тикилган.
Масхара қиляпман, деб ўйлади. Мени қўйди ва ўтди. Яна бири етиб ҳам андоқ сўради ва ўша жавобни эшитди. Иккаласи бу жавобни эшитиб, ўз бошлиқлари ҳузурига бориб, бу сўзни айтдилар. Йўлтўсарлар бошлиғи мени тилаб, яна сўроққа тутди. Мен ўша жавобни бердим. Бошқалар бир тепалик устида ўтириб, карвоннинг молини тақсимлардилар. Буюрдики, тўнимни сўкдилар ва олтинларни чиқардилар. Санадилар, деганим билан мувофиқ чиқди. Сўрадики, бу эътироф қилмоққа нима боис бўлди?
Дедим:
- Мен онамга аҳд бериб эди - сидқу   ростлиққа! Мен онамга берган қавмимга хиёнат қилмадим.
Бас, ул қавмнинг улуғи йиғлади ва дедики, йиллардурки, мен Парвардигорим аҳдига хиёнат қилибмен. Ва қилаётган ишидан менинг қўлимда тавба қилди. Ва барча менинг қўлимда тавба қилдилар ва ҳар не карвон аҳлидан тортиб олган эдилар, қайтариб бердилар. Менинг қўлимда аввал тавба қилганлар ўша қароқчилар эдилар...
Авлиё аёллар ҳақида ривоятлар
ОНА ОЁҒИ ОСТИДАГИ НУР
Умму Муҳаммад (раҳматуллоҳи таоло) Унинг ўғли Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф рамазон ойида қаттиқ ибодат қилди. Нияти - Қадр кечасининг нури унга мушарраф бўлса. Шу боис томга чиқиб намоз ўқирди. Онаси Умму Муҳаммад уй ичида ибодат қиларди. Кутилмаганда Қадр кечасининг нури унга кўриниб қолди. Томдаги ўғлига овоз чиқариб айтдики: - Сен томда тилаганинг уй ичидадир.
Шайх тушди ва нурни кўрди: У онасининг оёғида жилва қиларди. Ўғил шундан кейин онасининг қадрини билди.
                    
ОРИФА АЁЛНИНГ 
КАРОМАТИ
Имраъатун Форисия (раҳматуллоҳи таоло) Шайх Нажибуддин Али Бузғуш ҳазратлари шундай ҳикоя қилади.
Бир сафар Шероз шаҳрига гулпаягон қасабасидан қандайдир заифа келди. Айрим пайтлар бизнинг уйга ҳам келиб турарди ва ишқдан (Оллоҳга) хабардор эди. Яна бир гал бизникига келганда менда моддий қийинчилик бор эди. Бундан у ҳам хабардор эди. Уйимизда бир қанча идишлар бўлиб, Тангри таоло бизга буғдойми, арпами насиб этса, у идишларни тўлдирар эдик. Ҳозир эса улар бўш бўлгани учун устларини ёпиб қўйган эдик. У заифа сўрадики:
- Бу идишларда не бор?
Мен уларнинг бўшлигини айтдим.
У менга:
- Бўш бўлса, бошларини нечун беркитдинг (оғзини ёпиб қўйдинг)? - деди.
- Ахир очиқ турса ичи ёмон бўлади.
Шунда аёл ўрнидан турди ва идишларнинг қопқоқларини очиб ташлади ва менга деди:
- Идишларнинг оғзи берк бўлганлиги учун улар бўш. Агар очиқ бўлганда Тангри таоло уни донга тўлдирган бўларди. Яратган сўраганга беради.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, идишлар донга тўлди. Мен бу аёл авлиёларданлигини билдим.
     ФУЗАЙЛ НЕГА
  БЕҲУШ БЎЛДИ?
Шаъвона (раҳматуллоҳи таоло)
Шаъвона (раҳматуллоҳи таоло) ажамлардан эди. Жуда ёқимли овози бор эди. Унинг мажлисига кўплаб зоҳидлар ва орифлар йиғиларди. Кексайган чоғида бир куни унинг зиёратига Фузайл ибн Аёз келди ва унга:
- Эй Шаъвона, мени бир дуо қилсанг, - деди.
Бунга жавобан Шавона шундай деб жавоб берди:
- Эй Фузайл, Тангри билан сени орангда бирор тўсиқ бормидики, сени мен дуо қилсам.
Бу сўзларни эшитган Фузайл оҳ урди ва беҳуш бўлиб ерга йиқилди.
                    
ҲАЗРАТ АЛИШЕР
 НАВОИЙ ҲИКМАТЛАРИ
Аблаҳ ани билки, оламдин бақо қилғай
                                                     таъма,
Аҳмоқ улки олам аҳлидин вафо қилғай
                                                     таъма.
Бу оламдан бақо (абадийлик) умид  қилғанни нодон деб бил, олам аҳлидан вафо умид қилғанни аҳмоқ.
                    ***
Кафансизликдан (ковуш демоқчи) малул бўлмағил, аёғсизларга боқиб, шукр қил.
Ковушим йўқ, деб нолима, балки оёғи йўқларга боқиб шукр қил.
                    *** 
Бўл банда ато-аноға яксонким, Ҳақ деди: "Волидайн эҳсон".
Қуллуқларин айла расму одат,
Кавнайн аро бил саодат.
Ота-онангга бир хилда қуллуқ қил, чунки Оллоҳ таоло: "Ота-онангга яхшилик қил", деган. Уларга хизмат қилишни расму одат айлаб, бу ишни икки дунёнинг саодати деб бил.
Тўпловчи Собир АМИРОВ.
Мавзуга оид: