Инсон азиз - хотира муқаддас ҚАЛБИМДАГИ ИНЖУЛАР

Давлатим... жаннатим... оқ атиргулим...
- Қалам ушлаб ёзадиган қўлингизга бир бўлак бўлса ҳам оғиргина тош бойлаб, ёзиб кўрганмисиз ҳеч?
- ...
Ҳа, бу саволни жавобини айтишга чоғланмаганингиз рост. Чунки уни ўқибоқ сизда, "Эси жойидами?" деган қарши савол туғилгани табиий ҳол. Агар маъжозий маънода айтадиган бўлсам, мен бу ҳолатга жуда кўп бор тушганман. Мана, бугун ҳам худди шундай ҳолдаман. Тағин ҳам елкамда ниҳоятда оғир бўлган шундай бир юк борки, уни нима деб аташниям билмайман. Етмагандек, бу юк залвори ҳам қўлларимни қоғоз узра қимирлатишимга изн бермаётгандек гўё.
Касбим тақазоси билан ота-она, жон-жигарлар ҳақида ҳеч бир қийналишсиз, ўйланишсиз жуда кўп ва хўб ёзганман. Нокамтарлик бўлса-да, уларни ўқиганлардан айримларининг кўзлари ёшланганлигини ҳам гувоҳи бўлганман. Аммо...
Отам... Онам... Опам...
Ҳар гал мен учун тенгсиз қадрли бўлган бу азиз инсонларим ҳақида ёзмоқ истагида қўлимга қалам оларканман, юқоридаги аҳволга тушавераман. Боиси, умримнинг энг беғубор, беташвиш, қайноқ меҳрли онларининг "муаллиф"лари бўлган бу азизларимнинг мен учун олмос жилоси янглиғ кўз қамаштиргувчи фазилатларини айтмоқ учун таърифу ташбеҳ уммонига нақадар чуқур шўнғимай, дуру жавоҳир мисол бебаҳо сўзлар ганжинасини қанчалар ахтармай,  барибир муносиб тавсиф тополмайман. Мени билганим, уларни ҳар гал эслаганимда танамдаги томирларимда оқаётган қон соғинч, армон, ичикиш каби нимарсаларга тўйинганча юрагимга бориб урилиши пировардида бу бир парчагина гўшт илвираб, увадаланиб, беҳисоб зарраларга айланганча йўқлик қаърига сингиб кетгандек, ўзим эса бўм-бўшлик ва рутубат аро қолгандек бўламан.
Отам... Онам... Опам...
Ҳаётимни ёритган порлоқ офтобим, тақдирим осмонини безаган нурли ҳилолим, тўғри йўлни кўрсатган жилвакор ҳулкарим -юртдошлари орасида иззат-эътиборли, халқ севган -Ҳақ суйган сийи-сифатлиларим...
Ёшим бир жойга бориб ўзим ҳам она, ҳатто буви бўлибман ҳамки, ота-онамни ҳамон қўмсайман. Баъзан уларнинг қадри шу қадар билинади-ки... Кўз ўнгимда энди асло қайтиб келмас ҳув ўша олтин дамлар гавдаланаверади: қадоқ қўллари билан пешонамни меҳр билан силаётган отам,  райҳон, қалампирмунчоқ ва седона иси омухталашиб, дунёдаги энг қимматбаҳо атирдан ҳам аъло ифор касб этган муаттар ҳид уфуриб турган иссиқ бағрига босганча, "супрақоқдим" дея орқамни силаётган онам... Бу роҳат, бу туйғуларни қандай таърифлай, умуман бунинг иложи бормикан?!
Отам, ҳеч қандай сиёсатга даҳли бўлмаса-да, донолиги, ён-атрофда бўлаётган ҳолатларга тўғри баҳо бериб, ҳаққоний муносабат билдириши, уддабуронлиги, узоқни кўра билиши билан эл орасида "дўм бобо" (собиқ иттифоқ даврида Давлат думаси депутатларига маҳаллий халқ шундай мурожаат қилишган) номи билан машҳур бўлган Раҳимберди Ҳомидов мен 25 ёш остонасида турганимда боқийга рихлат этдилар. Очиғи, мен ўша пайтгача мунг нима, қайғу ва ташвиш нима, ҳаётда чўчиш, кимдандир ҳайиқиш нелигини  билмас эдим. Чунки  отажоним менинг тасаввуримда ҳар қандай салбий ҳолатлар учун метин қал-қон, ошиб бўлмас тоғ, ўтиб бўлмас ғов эдилар. Уларнинг авлиёсифат чеҳраларида эса мен фақат мағрурликни кўрардим. Ҳа, отам мағрур эди, аммо асло, кибрли эмасдилар. Қўли ҳам, кўнгли ҳам худди дастурхонидек ҳамиша очиқ бўлган отажоним савобталаб бўлганликлари учун ўнг қўллари қилган саховатни ҳатто чап қўлига ҳам билдирмаганлар. Отамнинг жанозасига тўпланган тумонат одам уларнинг тобутларини талашганча лопиллатиб қабристон томон олиб кетаркан, мен ана шу мағрур юзли, фариштамонанд, гул каби покиза инсон тупроқ остига кўмилишини ўйлаб, илк бора даҳшат, чорасизлик ва тушкунлик ичида қолгандим. Ўшанда ўзимни онажоним бағрига отиб ўкириб йиғларканман, кенжаси, эркаси бўлган фарзандининг ҳолатини ҳис қилган онажоним: "Ўзингни тут, қизим, мана, мен борман-ку!", деган қатъий далдасидан бироз таскин топгандим.
Отам вафотидан сўнг ўн йил, атиги ўн йилгина мен онаизоримнинг паноҳини ҳис қилиб, уларга суяниб яшадим...
Тақдир палахмони оиладаги олти қиз орасидан менга келганида шафқатсизлик қилиб, узоққа улоқтирганди. Пешонамга ризқимни олис Бухоронинг ўиждувонида териб ейишлик битилган экан. Шу боис мен ота уйимга ҳадеганда боролмасдим. Мавриди бўлиб, уйга келганимда эса онажоним отам йўқлигини билдирмай кутиб олар, тўлдириб-тошириб кузатарди.
Онажоним, жаннат ифорлигим, садарайҳоним, майин кулгулари билан қалбимни ёритган хумор кўзлигим Норбиби Ҳомидова...  Уларнинг овозлари ҳамон қулоғимда, товонидан ўт  чақнатиб юришлари, чинни ҳайкалдек қадди-басти, унча-мунча одамни ҳам эсанкиратиб қўядиган қатъий, синчков қарашлари кўз ўнгимда. Жуда озода, тартибли, пазанда, рўзғорнинг покизалиги учун ўзининг қонун-қоидасига эга, ҳар ишда ҳалолликни севувчи, сариштали-фариштали аёл эдилар. Онам ёпган қип-қизил бўрсилдоқ нон, сўлқиллаган патирлар тўй-маъракаларда синдирилмас, аксинча қўлдан-қўлга ўтиб томоша қилинарди. Ҳатто гўштсиз, оддийгина доғли овқати ҳам ҳеч бир зиравору таъм кучайтиргичларсиз ҳам шу қадар лаззатли бўларди-ки...
Ҳа, онам мен учун мукаммал аёл эдилар. Улар ҳам худди отам каби олий маълумотсиз (балки ўрта маълумоти ҳам тўлиқ бўлмагандир), оддий одам эдилар. Шундай бўлса-да, тиниқ фикрлари, чуқур мулоҳазалиликлари, бой тафаккурлари, чиройли муомалалари сабаб ҳар икковларини ҳам эл-юрт танирди, ҳурмат қиларди. Бунинг яна бир боиси улардаги ўзига хос юксак одамийлик, кемтиксиз инсонийлик эди. 
Энди айтингчи, шундай покдомон кишиларнинг  зурриёти бўлган опажонимда бирор нуқсон бўлармиди?! Менимча, йўқ.
Кексаларда шундай пурмаъно нақл бор: "Ота-она вафоти - мерос. Аллоҳ фарзанд, жон-жигарларнинг бевақт вафотидан асрасин". Бунинг маъносини мен ҳам ёшим кексалик томон энди эна бошлаганда англаган эдим. Икки йил саратондек бешафқат касаллик билан индамай бир ўзи курашиб келган, яқинларим билса, улар ҳам мен каби азоб чекади дея, бизларни аяб, бу дарднинг поёнсиз оғриқларини кулиб, ҳазилга йўйиб ўтказган бардоши тоғдан ҳам баланд опам Очилтош Раҳимбердиева вафот этганларида эса уни тўла ҳис қилдим.   
Опажоним... Ой юзлигим, қалби биллур каби шаффоф, Кўҳинурдек  бебаҳо, ота-онамдан сўнг менга уларнинг меҳрини бера олган (баъзан, ҳатто ортиғи билан ҳам) меҳри уммоним. Феъли ҳаммага бирдек ёққан, ота-онам боғидаги сарвар гул - оқ атиргулим. Мен уларни шунчаки эсламайман, балки ҳар гал хаёлан суҳбатлашаман. Ахир қалбан марҳум бўлмаган инсонни йўқ дея тасаввур этиш ҳам мушкул-да. Мана, ҳозир ҳам уларни эсларканман, хаёлий суҳбатга берилдим...
Опажон, икки йил бўлибди, сиз севган ва туғилган баҳор фаслини (опам май ойининг энг ўртасида таваллуд топганлар) сизни соғиниб кутиб олаяпман. Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни, ёки бўлмаса, туғилган кунингизда юртимга, сизнинг қадамларингиз изи қолган қадрдон ҳовлига боришга, сиз  яхши кўрган оқ атиргуллардан бир қучоқ олиб, қабрингизни зиёрат қилишга чоғланаман. Аммо бормайман... боролмайман... Негаки, бу "сағир" ҳовлини, қабрингиз устига униб чиққан, худди қалин киприкларингиздек майсалару, чеҳрангиздек нафис баҳорий чечакларни кўришга, уйингизга руҳингизни эҳтиром айлаб келадиган одамларнинг сиз ҳақингиздаги соғинчли хотираларини эшитишга, фарзанду набираларингизнинг бўшаб қолган ўрнингизга жавдираб тикиладиган кўзларига қарашга бардошим етмайди. Шунингдек, ҳар сафар узоқдан қорамни кўриши биланоқ, куймаланганча шошиб ўрнидан туриб, истиқболимга ўзи югуролмасдан набираларини югуртирадиган сиздек бағрикенгим энди ҳеч қачон эшик очиб, остонада юраги ҳапқириб кутиб олмаслигини тан олгим келмайди (мени Аллоҳ кечирсин).
Опажоним, ота-онамиз борида ҳам, улардан кейин ҳам бош фарзанд сифатида замонга, унинг пасту баландига қараб бизга маслаҳат берган, йўл-йўриқ кўрсатган оқилам. Сизлар ҳақингизда ёзаяпман-у, юрагим "оқиб", кўзларимдан ёш бўлиб сизиб чиқаяпти. Шууримда бир овоз: "Энди ёзишдан тўхта, Яратганнинг омонати - юрагингнинг фарзандларинг учун сақланиб қолган ўша бир бўлакчаси ҳам парчаланиб кетади. Барибир бандасан, ожизсан, Мусаввир Эгам яратган жисмга, неъмат этган гўзал феъл-атворга баҳо бермоқ сенинг қўлингдан келмайди",- деяётгандек туюлаяпти. На илож, Аллоҳимнинг битигига, синовига шукр қилиб, Ўзидан сизларга раҳмат-у мағфират, ўзимга офият сўрашдан ва сизлар учун сидқидил дуо қилишдан ўзга чорам йўқ: "Каъбам - падари бузрукворим, Маккаи мукаррамам - волидаи муҳтарамам, Мадинаи мунавварам - опажоним мунисам. Сизлар аслида, ўлмагансизлар. Уччалангиз ҳам зурриётларингиз чеҳраларида, хуш феълида борсизлар. Ҳар гал тенгсиз  хислатларингизни айтаётганимизда эса ёнимизда бўласизлар, бундан шод бўласизлар. Илоҳим, руҳларингиз ҳамиша шод бўлиб, Роббим сизларни энг суюкли бандалари қаторида саодатманд айлагани рост бўлсин."
Дилфуза Ҳамидова, 
Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани.
Мавзуга оид: