Иш кўп, китоб ўқишга вақт йўқ

Бундан бир ойча муқаддам, янги нашр этилган китобларимдан дўстларга, яқин кишиларга совға қилдим. Улар бундан ниҳоятда хурсанд бўлишиб, ижодимга улкан парвозлар тилашди. Очиғи, бундан ниҳоятда хурсанд бўлдим.
Орадан бир ҳафта ўтгач, Очил деган дўстимга телефон қилдим.
-   Қалай, китобни ўқиб чиқдингизми?
-   Бошлаб қўйдим. Шу десангиз, иш кўп, китоб ўқишга эса вақт йўқ. Албатта тез кунларда ўқиб чиқаман, - деди у мени хотиржам қилиш мақсадида.
Орадан ўн кунча вақт ўтгач, яна дўстимга телефон қилиб, ўша саволни бердим.
-   Китобингизни ярмини ўқиб чиқдим, роса маза қиляпман, вақтим бўлса, шу ҳафтани ичида ўқиб чиқсам керак, иш кўпда, вақт бўлмаяпти.
Орадан 20 кунлар ўтгач, Очил билан бир тўйда юзма-юз учрашиб қолдик. Менинг нима дейишимни сезди шекилли, ўзи гап бошлади.
-   Жўра, китобингиз зўр чиқибди, қойил қолдим. Озроқ қолди ўқиб чиқишимга. Шу ҳафтани охиригача якунласам керак. Иш кўплигидан вақт бўлмаяптида.
-   Ҳар сўраганимда, вақт йўқ дейсиз, наҳотки битта китобни бир ойда ўқиб чиқиш имконингиз бўлмаса? Нима иш билан бандсиз?
-   Ҳозир пенсиядаман. Уйда иш кўп. Ҳали молга қараш керак, ҳовлида экилган экинларга ҳам парвариш керак, дегандай. Бундан ташқари, дўстларимиз билан гаштак ўйнаганмиз. Тўйга бормасак, оғайнилар хафа бўлишади. Хуллас, иш кўп, китоб ўқишга эса вақт йўқ...
Мен дўстимга эътироз билдирмадим. Фақатгина китоб ўқишга вақт йўқ, деган фикрига қўшилмадим, холос. Сиз-чи, азиз замондош, китоб ўқияпсизми? Очиғи, китоб ўқишга вақтингиз борми? Битта китобни неча кунда ўқиб чиқасиз? 
ЖЎШҚИН. 
Мавзуга оид: