УСТОЗЛАРГА ТАЪЗИМ

Устоз... Мен уни онамга ўхшатаман. Мен уни дунёга ўхшатаман. У аслида бир фариштаки, беминнат ўргатади, оламни танитади. Уфққа термулган забардаст чўққилар,  бепоён кенгликларда унинг аксини кўраман. Мақтабди деманг асло, мақтаниб гапираман. Болаларча эркаланиб сўзлагим келади устоз ҳақида. Жамики оламни мунаввар этган устозлар ҳақида. 
Менинг энг биринчи устозим онажоним бўладилар. Илк бора қўлимдан ушлаб ҳарфни танитган биринчи ўқитувчим бўладилар. Кейингиларини санасам, улар жуда-жуда кўп, санаб адо этолмайман. Аммо юрагимга яқинини сизлар билан бўлишмоқчиман. Уларнинг бири, энди ижодга қадам қўйган чоғларимдаёқ мактабимизга қутлуғ қадамлари билан келиб, мени матбуотга чорлаган, шеърларимга ижобий фикр билдирган Йўлчи Муҳаммадиев бўлсалар, уларни энг яхши болалик хотираларим билан тилга  оламан.
Кейин эса бир неча йиллик танаффуслардан сўнг яна редакция остонасига қадам қўяр эканман, бу даргоҳда журналист Гулсара Тинибекова ҳамда шоира Ойгул Маматовани учратдим. Улар мени "Оқдарё овози" газетаси  қошидаги "Навниҳол" ижодкорлар тўгарагига таклиф этишди. 12 йиллик ижодий чекинишлардан сўнг мен яна ижодга, яшашга ва яна яшашга қайтдим. 
Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, устозларнинг   юксак ишончи, меҳри  билан ва Президентимизнинг адабиётга, ижодга бўлган эътибори туфайли ўтган 2-3 йил мобайнида 7-мактабда Ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасида ишладим. Ўша давда мен ҳам устозларим каби, устозлик шарафига сазовор бўлдим.  Бу шарафли касбни сидқидилдан адо этиб, мана шу муқаддас масканни севадиган шоир ва ёзувчилар етишиб чиқишига ўз ҳиссамни қўшдим. Сўзимнинг якунида яна шуни айтаманки, мен ҳам юқорида номлари зикр этилган устозларимнинг шогирдиман. Бу билан фахрланаман.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг барча ижодкорларини, устозларимни 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин дилимдан муборакбод этаман ва уларнинг келгусидаги шарафли ишларида юксак парвозлар тилаб қоламан.
Устоз деганда тил, ёришар олам,
Устоз бағри кенг бир зиё маскани. 
Бахтлар улашувчи  йўлга илк қадам,
Илм чашмасидир қайнаб тошгани.
Тўлғаной ГАДОЕВА.
Мавзуга оид: