Замондошимиз МЎЪЖАЗГИНА МЎЪЖИЗА...

Очерк      
Ажабо!!! Биргина мана шу сўз - мўъжазгина эшитилгани билан эшитганингда юрагинг бир лаҳзада шивирлаб, тебраниб қўяди. Ахир янги дунё, янгича яшаш, янгича ҳис-туйғулар беланчагида ором олиш қанчалар роҳатбахшлигини билсангиз эди... Зотан, инсон зотини янгиликка, қайта дунёга келиш, янгича ҳаёт завқ-шавқи билан яшашини кимам истамайди. Ҳаттоки тўшакда михланиб, сўнгги онларини назаридан ўтказаётган одам ҳам ҳаётга қайта кўз нурини ташлаши билан кўнгли равшан тортади.
Қисмат - гўё ҳаёт-мамот масаласидек. Пешонага олдиндан битиб қўйилганини ҳеч ким билмайди. Агар билганидами-ди,..   Афсуски, ана шундай! Одам боласи қисмат ва насиба билан илк бор дунё юзини кўради. Маъруфжон бу икки қалтис иборани синфдош-касбдоши Санжар Жабборовни автоҳалокатга дучор бўлиб, бу дунё билан ҳайрлашганини телефонда эшитиб ҳайратдан донг қотди. Не-не орзу ҳаваслар арғумонида яшаб юрган синфдоши Санжар ТошПИ олийгоҳини битириб "ЛОР" соҳаси бўйича етук мутахасис бўлиб, энди кўзга кўриниб, оғзи ошга етганида насибаси узилди. Онасини хотирлаб  пойтахтдан қишлоққа қайтаётганида, уни пойлаб турган Азроил жонига чанг солгани, қисматни қиёматга айлантирган кун эди.
Ҳа-а, баъзан тақдиримизга шунчаки ҳазил тарзда назар соламиз. Инсонларни бир-бирларига бўлган меҳр-оқибатига бефарқ қараймиз. Инсон қадр-қиммати қачон азиз ва мукаррам бўлишини яқинларингдан жудо бўлганингда англайсан. Ваҳоланки, қадр-қиммат, инсонийлик садоқатлари тириклигимиз ниҳоли эмасмикин?!.. Шуниси ҳайратлики, шифокор зоти - қаршисида турган умудвор кўзларга кўзи тушганида янада бир карра сергакланмоғи керак. Негаки, Гиппократдек улуғ зот қаршисида умидвор тикилган кимсани кўриб - бемор ўрнига ўзини қўйиб фикр ва ўйга кетган. Ҳақиқий инсонийлик чин маънодаги дилкаш ва меҳрибонлик шифокорни дунёга таниттиради. Одамларга кўрсатган одамгарчилигинг,   самимийлигинг қиёфангга сўнгги нуқтани қўяди. Агар ана шу садоқатли туйғулар орамизда тарозибон бўлмаганида Гиппократ, Арестотель, Ибн Сино, Беруний каби улуғ ва буюк сиймоларни дунё тан олмас эди.
Таассуфки, дунё ўзгарса олам ўзгаради, одамлар ўзгаради. Янгиликлар изидан янгиликлар қадамлайди. Янги қаҳрамонлар дунёга келади. Янгича изланишлар эшик қоқади. Янги дунё эса янгича замона қаҳрамонларини юртга танитади. 
Маъруфжон Тошқуловни замонамизнинг қаҳрамонларидан бири деб сизга таништирсак хатолик юз бермайди. У энди навқирон - 39 ёшда. Ҳали олдинда қанчадан-қанча довонлар бор...
У 1985 йили Самарқанд вилояти Оқдарё тумани, "Янгиқўрғон" қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Суғончи маҳалласида, зиёлилар оиласида дунёга келди. Отаси Шерали Бурҳонович Тошқулов Фарғона "Политехника" олийгоҳининг "Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш" факультетида таҳсил олган. Онаси Зебинисо Эргашева ўқитувчи. Қишлоқдаги 6-умумтаълим мактабида ўқувчиларга дарс берган. 
- Бошланғич синфда Саломат Қаршиева қўлимга қалам тутқазиб, илк бор сабоғимни чиқарган. ўуломхон Аслиев мени бугунги даражада шифокор бўлиб, одамлар хизматига лаббай деб енг шимаришимга, саодат ва садоқат йўлига бошлаган. Мактабимиз  директори Зойир Эшмуродов қишлоғимизнинг танти, яхши маслаҳатчи одамларидан эди. Уларга ҳар доим таъзимдаман, - дейди Маъруфжон Шералиевич.
Кимё ўқитувчиси ўуломхон Аслиевнинг тинимсиз берган сабоқлари бесамара бўлмади. 2005 йили Самарқанд тиббиёт олийгоҳининг "Педиатрия" факультетига кирди. Олийгоҳда 7 йил таҳсил олгач , "Умумий амалиёт шифокори" даражасига етишди. Ўкиш жараёнида шаҳардаги "Вилоят Болалар Кўп Тармоқли Тиббиёт Маркази"да   фельдшер (тиббиёт оғаси) бўлиб устозлардан тиббиётнинг сир - синоатларини дилда жойлади.
- Устозларим, умумий амалиёт шифокорини "тиббиёт қозони" - деб таърифлашарди. Мен  бу иборани амалиётда англадим, - дейди Маъруфжон. - Етти йил ўтиб Тошкент шаҳрида "Республика Ихтисослаштирилган Кўз Микрохирургия Маркази"да сабоқларимни давом эттирдим. Марказ раҳбари Зафар Умарович Сиддиқов, Дилшод Абдунабиевич Абдуназаровлар раҳнамолиги мени ўзгача тиббиёт оламига етаклади. Устозлар сабоғидан дунё андозаларига мос келадиган кўз касалликлари даволаш сир-саноатларини ўрганишга муяссар бўлдим. Замонавий технологиялар кун сайин диққатимни ўзига тортди. Гарчан орадан ўн йил ўтаётган бўлсада, устозларим билан ёнма-ёнмиз...
Қаҳрамонимиз таъкидлаганидек, илк бора "Республика Ихтисослаштирилган Кўз Микрохирургия Маркази"ни битирган 12 нафар талаба кўз касалликлари йўналиши бўйича республикамизни турли кўз клиникаларида фаолият юритмоқ- да.... Зоҳид Абдуназаров "АТРИЯ" клиникасида офтальмолог, Мурод Темиров республика "Кўз микрохирургия маркази"да директор ўринбосари, Дилфуза Раҳимова ушбу даргоҳда лазерхирург лавозимида, Руслан Поляков Тошкент шаҳридаги "Кўз нури" клиникасида шифокор, Индира Валиева "Кристаль кўз" клиникасида шифокор, Жамшид Маматов "Акфамедлайн" клиникасида бўлим бошлиғи, Наргиза Тўлаганова ва Шаҳноза Абдулҳаевалар Доктор Мақсудова клиникасида шифокор, Беҳзод Тошбоев Норвегия давлати "Осло" университетида профессор. Мана, давлатимизнинг ёшларга ғамхўрлигини натижаси...
Тангри бандасига ризқ-насибани ҳар ерда беради. Қишлоқдан чиққан мутахассис қишлоқ одамларининг дарди билан яшаши керак. Акс ҳолда қишлоқ одамлари эътиборига меҳмон ҳам бўлмайди...
Мустақилликни дастлабки йилларида Денов шаҳридаги пахта тозалаш заводи Ҳайрабодга кўчирилгач, унинг бўшаб қолган бинолари тадбиркорларга берилди. Тақдир тақозоси билан Маъруфжоннинг Деновга ташрифи, қолаверса, ҳамкасби Анвар Тошевнинг маслаҳати билан клиника  оёққа турди.  Бир пайтлари пахта заводининг маъмурий идораси бўлиб келган бинонинг ҳар иккала қаватидаги хоналар қайта реконструкция қилиниб, 2019-2020 йиллари замонавий тарзда жиҳозланди. Бинонинг биринчи қавати замонавий кўзни текшириш асбоблари ва турли лаборатория янги технологиялари билан қайта жиҳозланди. Иккинчи қаватда операция хоналари ва ётиб даволанишга хоналар ташкил этилди.
Меҳнат жамоасида 12 нафар тиббиёт ходими фаолият олиб боради. 5 нафар шифокор ва 7 нафар ўрта тиббиёт ходими беморлар хизматида.
Андижондан Сардорбек Турсунбоев шифокор, Сайёра Солиҳова, Шаҳло Бердиева, Сирожиддин Саидовлар ҳамшира ва фелдшерлик вазифаларида... 
- "Дунё Кўз" клиникаси раҳбари Беҳзод Мардонович Шукуров билан ҳамкорлик учрашувларимиз яхши самара бераяпти. Ҳозирги кунда янги технология асосида катаракта касалликларини тиғсиз, чоксиз, оғриқсиз, дунё бўйича қабул қилинган "Олтин стандарт Факоэмульсфикация" усулида операция жорий қилганмиз. Бу услубнинг самарадорлиги яхши натижани бераяпти, - дейди суҳбатдошимиз.
Шу клиникадан шифо топган деновлик Жўрақул Алиев, Язданқул Ҳайитқуловлар миннатдорчилик билан ёш шифокорга дуолар қилишди.
Шифохонада қардош республика фуқаролари ташрифи ортиб бораяпти. Тожикистоннинг Турсунзода, Душанбе, Шаҳринав, Қўрғонтепа аҳолисидан нажот излаб келаётганлар  талайгина. Самарқанд, Фарғона, Андижон... Суҳбатдошимизнинг сўзларига қараганда, бир ҳафтада 8-10 та беморга операция амалиёти ўтказиляпти...
Албатта, маънавиятли-маърифатли мутахассис ҳаётни ўзгача англайди... Мустаҳкам оила инсон бахту саодатидир. Турмуш ўртоғи Ситора Аҳмедова касби ўқитувчи, уч нафар болаларнинг суюкли онаси. Маъруфжон Тошқулов шундай дилкаш ва меҳрибон оиласи меҳридан тинчи ҳузурланиб беморлар ҳузурига ошиқади. Унинг сеҳрли бармоқларидан одамлар шифо олиб, дунёни қайтадан кўриш бахтига муяссар бўлади. Оилаларда қувонч ва шодлик кириб келади...
Инсон боласи орзулари истагида    дунёни англайди. Камолотнинг чўққиларини менгзайди. Тангри ато этган насибанинг қанчалар мушкул савдоларини ичида юради, юра-юра кексайганида ҳаёт билан ҳақиқат ўртасида умргузаронликнинг поёни борлигини тушунади.  Ҳақиқат шамчироғи фақат оқиллар қўлида абадият сари порлайверишини моҳиятан англайди. Маддоҳларгина ўз қарашлари билан тунда ҳақни излаган бўладилар... Афсуски!.. Ҳақ ва покизалик, қалб тозалиги яхшилар орасида яшайди.
          
Турсун Маҳмадалиев,
журналист.
"Тараққиёт ва ёшлар" 
        газетасининг махсус мухбири.
Денов - Тошкент.
  25 июнь 2024 йил.
Мавзуга оид: