Бугунги кун мавзуси ШУНДАЙ КАСБ ЭГАЛАРИ БОР...
Ўлкамизга қиш фасли кириб келиши билан одамларнинг ташвиши янада ортади. Негаки, электр токидаги узилишлар, хонадонларнинг иссиқлигини таъминлаш мақсадида ўтинга, кўмирга бўлган эҳтиёж, газнинг кескин пасайиб кетиши ва бошқа шу сингари муаммолар ҳеч бир кишини четлаб ўтмайди. Одамларнинг бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашиши ҳам қишки мавсумга хос:
- Ассалому алайкум, хонадонингизда газ борми? Уйларингиз иссиқми, электр токи ўчмаяптими?
Жавоб ҳам бир хил:
- Газ қаерда дейсиз?...Ҳидини ҳам сезмаймиз! Борини ҳам барака топкур уддабурон қўни-қўшнилар аппарат билан ўзига тортиб оляпти. Бизгача етиб келмайди сира. Свет ўчганда баъзида бир келади-ю яна дарров ўчиб қолади. Светга ҳам ишонч йўқ... Йиғиб қўйган ўтин-чўп ҳам тугаб боряпти. Кўмирни қора кунларга асраб ўтирибмиз...
Нафақат, хонадонлар, балки катта-катта ташкилот ва муассасаларда ҳам бугуннинг муаммоси, бугуннинг мавзуси газ ва электр энергияси билан боғлиқдир. Айниқса, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ўқиб-тарбияланаётган болажонларнинг аҳволи қандай. Улар учун мавжуд хоналарнинг иссиқлиги етарли даражадами? Бу каби саволлар бугунги кунда мактаб ва мактабгача таълим бўлими, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда мактаб маъмуриятининг доимий диққат-марказида. Негаки, ҳадемай мактаб ўқувчиларининг қишки таътил кунлари тугаб, яна мактаб бағрига қайтишади.
- Биз ўқитувчилар қишки таътил кунларида ҳам мактабда ўз иш фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз,- дейди бир ўқитувчи танишим. - Тўғрисини айт-ганда, қишнинг совуқ кунларида мактабда ўтириб ишлаш ва тўгарак машғулотларини ўтказиш учун шарт-шароитлар етарли эмас. Кўпгина ўқитувчилар совуқ туфайли грипп бўлиб қолишяпти. Лекин, мактабнинг иситиш тизимида ўт ёқувчи бўлиб ишлаётган ишчиларимиз кун-у тун меҳнат қилишмоқда. Ҳаттоки, байрам кунлари ҳам улар мактабдан кетишмади.
Шу мактабда менинг отам ҳам ишчи бўлиб ишлайди. Яқинда пенсияга чиқди. Ўз касбини яхши кўрганиданми ёки ойлик маоши кам бўлганиданми, иши қийин бўлса ҳам пенсиядан кейин ҳам иш фаолиятини давом эттирмоқда. Негаки, ҳали кичик укам контракт асосида ўқийди. Қолаверса, уни тўйини қилиш керак. Шундай бўлсада, отам ўз ишидан, ойлигидан ҳечам нолимайди. Онам иккиси оиламиздаги барча фарзандларини олий маълумотли қилиб ўқитишди, бировдан кам қилмасликка ҳаракат қилишди. Бахтимизга ота-онамиз соғ-саломат бўлишсин.
Дарҳақиқат, ҳаётда шундай касб эгалари бўладики, уларнинг машаққатли меҳнатидан барчамиз баҳраманд бўламиз. Лекин, уларнинг қилган меҳнатларини ҳамиша ҳам эслайвермаймиз.
Ана шундай касб эгаларидан бири - ўт ёқувчилардир. Бу касб эгалари қишнинг қаҳратон кунларида мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли бўлган таълим муассасалари, касалхона ва бошқа ташкилотларда фаолият кўрсатишар экан, қанчадан-қанча болажонларимизнинг яйраб ўйнашлари, ўқув хоналарида таълим-тарбия олишлари учун етарли шарт-шароит яратиб беришади. Қанчадан-қанча дардига даво истаб тўшакда ётган беморларимизнинг тану жонларига иссиқлик олиб киришади. Баъзида кўмирнинг, газнинг аччиқ ҳиди димоғига урилиб, баъзида ўзларининг ҳаётларини, соғлигини хавф-хатарга қўйиб бўлсада, тунлари ширин уйқусидан воз кечиб бўлсада, эзгулик йўлида меҳнат қилишади.
Шундай экан, эзгулик йўлида ўз ҳаловатидан кечиб меҳнат қилаётган фидойи касб эгаларининг машаққатли меҳнатларини муносиб қадрлаш, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан эътиборли бўлиш ҳақида тегишли ташкилот мутасаддилари жиддийроқ ўйлаб кўришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Г.ТИНИБЕКОВА.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00