Оқдарё достончилик мактаби асосчилари Парда шоир бахши: "ДЎМБИРАМНИ СОЗЛАБ, ДОВРУҒИНГ КУЙЛАЙ"

Халқ достончилиги - бадиий адабиётнинг назм ва наср жанрлари қоришиб, уйғунлашиб кетадиган, юракка олис мозийдан то бугунги  кунимизгача яшаб келаётган сўз бойликларимиз, қадриятларимиз, орзуларимиз, армонларимиз, умид ва эртанги кунимизга бошловчи муқаддас ижод йўлидир. Бу бойликни бизга етказиб келганлар ва келаётганлар, бугунги кунда ҳам қўлига дўмбира олиб, кўнгилларга илҳом солиб, тоғлардан ошиб, сойлардай тошиб, шамолдай жўшиб, меҳрини қўшиб куйлаётган бахши шоирларимизни тилга олаётирмиз. 
Улар - улуғларимиз, бахшичилик мактабининг дарғалари, асосчилари ва давомчиларидир. Шундай бахши шоирларимиздан бири - оқдарёлик Парда шоир бахшининг айтимлари тўла оддий кўкиш дафтарни таниқли оқдарёлик шоира ва адиба Ойгул  Маматова Самарқанддан Навоий шаҳрига ижодий сафаримиз чоғида, автобусда суҳбатлашиб кетаётиб тутқазганда, бир кўриб, фикр айтасизми, деганларида, рости, юрагим нурланди. Бу нур шу дафтардан, дафтардаги ҳали мен очиб, ўқиб кўрмаган айтимлардан, сатрлардан таралгандай бўлди. 
Дафтардаги айтимлар шоир бахшининг яқинлари, қариндошлари томонидан қўлда кўчирилган бўлиб, ўттиздан ошиқ эди. Мен рози бўлдим. Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг Ғўлва қишлоғида  (1890-1974 йиллар) туғилиб, яшаб ўтган, шу ерда мангу ором топган  бу бахши шоир ҳақида аввалроқ ҳам сўз айтилган. Ҳозирги "Зарафшон" газетасининг 1985 йилдаги сонларининг бирида Абдумурод Рўзиев ва 2022 йилдаги " Оқдарё овози" газетаси сонларининг бирида Ойгул  Маматованинг Парда шоир бахши ижодига оид мақолалари чоп этилган бўлиб,  мен бу мақолалар билан яқиндан танишиб чиқдим. 
Абдумурод Рўзиев ёзади:" Студентлик йилларим эди. Бизни халқ оғзаки ижоди намуналари, халқ шевасини ўрганиш ва тўплаш учун бир ойлик ижодий таътилга жўнатишди. Биз - талабалар   республикамизнинг турли район ва қишлоқларида бўлдик. Жомбой, Пайариқ, Иштихон ва Оқдарё районларидаги маҳалла ва қишлоқларни кезиб, халқ дурдоналарини тўплай бошладик. 
Иштихоннинг Митан қишлоғидан Олим шоир, Пайариқдан Алим латифачи, Жомбойлик Қирон ўланчиларини топиб, мулоқотда бўлгандик. Улардан бири Оқдарёда Парда шоир борлигини айтганида, албатта, шу одам билан ҳам учрашашни кўнглимга тугиб қўйдим. Бу ҳақдаги фикримни таълим олаётганим - Самарқанд Давлат университетининг фольклоршунос илмий ходими Т.Маҳмудовга (ўша вақтда  илмий раҳбаримиз эди) айтиб кўрдим. Домлада ҳам қизиқиш уйғонди, менга йўлланмалар бериш билан бирга вақт ҳам ажратди." Ўша пайтдаги ёш талаба Парда шоирнинг қишлоғига йўл олади ва йўл-йўлакай бахши ҳақида сўраб-суриштириб боради.  
"... Бу - 1968 йилнинг   асад ойи бошлари эди, - деб ёзади Абдумурод Рўзиев. - Улардан бири: " Ҳа, Парда шоирми,  шу йўлдан тўғри кетаверасиз, ўнг томондан торгина яна битта йўл чиқади, ана шу сўқмоқ бўйлаб борсангиз, бахшининг уйи устидан чиқасиз." - Кечирасиз, бахши дедингизми, - сўрадим нотаниш кишидан. У эса: "Бизлар томонда у кишини шоир, бахши деб юритишади. Чунки у киши ўтиришнинг гули, ҳеч зериктирмайди. Узоқ-узоқлардан келиб ҳам бобони қўярда-қўймай олиб кетиб, достон, терма, ғазаллар айттирашади."- деди. 
Дарҳақиқат, халқ оғзаки ижоди - улкан ва ўлмас маънавий бойлигимиз ҳақида ўйлар ва сўзлар эканмиз, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган достонларимиз, термаларимиз, эртакларимиз, айтимларимиз, ўланларимиз тилимизга келади, кўз ўнгимизда, қалбиимизда ажиб мўъжизавий оламлар очилади. "... Парда шоир ўз ёшлигини  шундай эслайди, - дея давом этади Ойгул Маматова ўз мақоласида. - "Менинг отам Дўсёр машҳур достончи Эргаш Жуманбулбул  ўғли билан яқиндан таниш эди. Бундай қараганда, қуда-қудағайчилик бўлгани учун борди-келдимиз бор эди. Отам баъзан мени ҳам Қўшработга олиб борар, йиғинларда, достон, шеърхонлик кечаларида қатнашардилар. Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳам бизнинг қишлоққа келиб, ҳафталаб қолиб кетар, кеч пайтларида ўлан, терма, ҳатто достонлар айтиб, кўнгилларининг чигалларини ёзишар эди. Отам ҳам дўмбира чертиб, достон, термалар айтарди. Эшитганларимни ҳеч ҳам эсимдан чиқармайман, баъзан ўзим ҳам байтлар тўқиб тураман". 
Парда шоир бахши кирган давраларда ундан кўпинча Навоий ва Машраб ғазал ўқиб беришни сўрашар, ўз ижодидан ҳам ўқиса, завқланиб тинглашарди. Ойгул Маматова мақоласида биз Абдумурод Рўзиев ўша пайтларда орадан ўн етти йил ўтиб, яна Парда шоирни излаб, қишлоғига боргани, бахши шоир 86 ёшида вафот этгани, унинг касб-корини давом эттираётган авлодлари ва уларнинг боболари ҳақида хотиралар ёзаётгани ҳақида маълумотлар  келтириб   ўтади. 
Мен эса яна дафтарга қайтаман. Дафтардаги ҳар бир айтимни синчиклаб ўқиб чиқиб, ҳар бирини компьютерда териб, китоб шаклига киргизиб борар эканман, улар мендаги қизиқишни кучайтирди. Айтимлар эркин ва содда ёзилган, лекин ҳарорати бор; барчаси ҳам шеърият техникасига тўлиқ амал қилинган тарзда ёзилмаган бўлса-да, сўзларда оҳанг бор, жаранг бор, туйғулари тоза, айтадиган гапи бор бахшининг. Оддий ва самимий халқона айтимларда армонлар эрийди, умидлар ярақлайди, эзгу ниятлар яшайди. Мени шу жиҳатлар ўзига тортди. Айтимлар Ватанга муҳаббат,  мустақил юрт орзуси, аёлга, онага меҳр, эҳтиром, йигитлик ор-номуси, яхшилик ва ёмонлик, изтироб ва ёруғ ҳислар, ҳаёт ва интилиш  ўқувчини фикрлашга чорлайди, умр сўқмоқларидан катта йўлларга чиқиб олишга ўргатади. Узоқ умр кечирган бахши шоирнинг айтимлари, агар насиб этса, китоб ҳолида  нашр этилса, ўйлаймизки, барча адабиёт ихлосмандлари учун ажойиб туҳфага айланарди. Зеро, китоб ва сўз - эзгулик элчисидир, улар ҳамиша кўнгилларни ёруғлик сари етаклайди.
ПАРДА ШОИР БАХШИ АЙТИМЛАРИ
(1890-1974)
ОТ ЙИГИТНИ ЙЎЛДОШИ
От йигитнинг йўлдоши дерлар,
Ўғил эса - давлатнинг боши.
Қиз дегани - кўнгил қушидир,
ўирот керак, ғирот йигитга. 
От минсанг, олти ой тўлатиб,
Дала берсанг, арпасини элатиб,
Аччиқланиб отни миниб чиққанда,
Душманлардан орни олар йиғлатиб. 
Кўпкаридан олиб солсанг талотўп,
Ҳайқирганлар ёқа ушлаб қолар кўп.
Қолар чавандозлар қамчисин тишлаб,
Бир арғумоқ от керакдир йигитга.
БЎТАКЎЗ АКАМА
Бўтакўз акама,
Бўйнингни чўз, акама.
Энди сенга хотин йўқ,
Умидингни уз, акама. 
Атрофинг кенг-кўлам адир,
Якка ўсибсан, ахир...
Ўз жуфтингни излаб топ,
Бўйдоқ ўтасан охир.
Адирларда чўплар кўп,
Қизғалдоқлар ўсар тўп,
Одамлар терар шодланиб.
Бўтакўз акама,
Якка-ёлғиз акама,
Сени жуфтинг қаёқда,
Излаб топгин акама.
УЧ ЎўИЛГА НАСИҲАТ
Эй, ўғиллар, сизлардан умидим катта,
Аждодлардай  айтинг ҳақ сўз, албатта. 
Жавобсиз қолмайди, билинг, бирон иш,
Буюрмас ўзга ҳаққи, келтиргай ташвиш. 
Қўлдан келса, муҳтожларга аяманг ёрдам,
Савоб қилинг, уларга бўлинг ҳамдам. 
Яхшиликлар қилинг, савоби тегсин,
Шунда мени хурсанд қиласиз ҳар дам. 
Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади, дерлар,
Дуосини олинг азиз ота-онанинг. 
Ота рози, она рози деганлар, бир кун
Чин дунёга кетар бўлсак, дуолар қилинг.
ҒИЙБАТЧИ
Қайда бўлса, ғавғо қилар ғийбатчи,
Ишонада кўча-кўйда лақмалар.
Ҳар даврада ғийбатлашар, сўзлашар,
Бирни бирга қайрар номард ғийбатчи. 
Бўлар-бўлмас гап тарқатар ғийбатчи,
Тинч рўзғорда ғавғо қилар ғийбатчи. 
Ҳар кун фитна қилар, ёлғон дўндирар,
Эл тинчлигин бузар номард ғийбатчи. 
Дуч келганга ёлғонларни дўндирар,
Соддаларни ёлғонига илдирар. 
Одамларнинг кайфиятин синдирар,
Халқ тинчлигин бузар номард ғийбатчи. 
Ёлғонларни айтаверар, уялмас ҳеч,
Иғво қилиб, завқланади эртаю кеч. 
Эй, инсофсиз, бас қил, деган бир одам йўқ,
Эл тинчини бузар номард ғийбатчи. 
Ғийбатчилар ғийбатчини ахтарар,
Ҳеч ишонманг ғийбатчининг сўзига. 
Ҳақ сўзингиз айтинг дангал юзига,
Дакки беринг, зора, келса ўзига.
САМАРҚАНД САЙҚАЛИ
Бу қадим ўтмишдан бизларга ёдгор,
Қиёсинг минг йиллар маълум, бетакрор.
Кўҳна замин мавжуд, аждодлар ҳиди
Сендан келмоқдадир, Самарқанд, сендан. 
Қадим Афросиёб ётар пойингда,
Сен - туркий элатсан, ўтмишсан ноёб.
Бошингдан кечирдинг энг узоқ тарих,
Афросиёб ҳиди келмоқда сендан. 
Кўҳна кентим, Туронзаминим,
Эркини бермади боболарим ҳам. 
Тарихинг биз билан чамбарчас, сендан - 
Туронзамин ҳиди келади ҳар дам. 
Она юртим Туркистон оталарининг
Ҳиди келмоқдадир, сендан - Самарқанд.
Самарқанд сайқали рўйи заминдир,
Туркистон сайқали келмоқда сендан. 
Меҳр-муҳаббатнинг тимсоли - юртим,
Тарихинг ҳайратнинг тимсоли - юртим. 
Аждодлардан қолган бешик, туморим,
Самарқанд сайқали - узилмас торим. 
Ўн саккиз оламдан нимаики бор,
Уларда Самарқанд сенинг ҳидинг бор. 
Самарқанд товланар осмон рангида,
Қадим чинорлари даврон рангида.
Парда шоир куйла, юрагинг тўлиб,
Сен ҳам Самарқанднинг булбули бўлиб.
Ойгул СУЮНДИҚОВА, шоира,
Ўзбекистон Ёзувчилар
 уюшмаси аъзоси.