ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ ҚАНДАЙ КУТИБ ОЛИНАДИ?

Янги йилни бутун дунё халқлари ўзгача шукуҳ билан қаршилайди. Ушбу байрамнинг эътиборли жиҳати шундаки, у ҳар бир мамлакатда турлича нишонланади ва асрлар давомида яшаб келаётган урф-одат ва удумларга бойдир. 
Масалан, шу куни Колумбия кўчаларида эски йилнинг рамзи сифатида узун ёғоч оёқли қўғирчоқ-одамларни учратиш мумкин. Шотландлар "Хонадон ўчоғидаги олов ҳеч қачон ўчмасин, дастурхони эса тўкин бўлсин" деган ниятда мезбонникига кўмир бўлагини олиб боришади. 
Англияда 1752 йилда Янги йил расмий байрам мақомини олган. 1843 йилда эса ушбу сана муносабати билан ёру дўстларга табрик хати юбориш анъанаси пайдо бўлган. Шу куни Лондон кўчаларида катта сайил уюштирилиб, Беркли майдонига келган ҳар бир киши карнавал иштирокчисига айланиши мумкин.
Инглизлар Янги йилдаги биринчи меҳмон хонадон аъзоларига албатта омад келтиришига ишонишади, шу боис кўпинча ёш, келишган ва соғлом йигитни кутишади. Малла, сариқ сочли эркаклар, шунингдек, аёллар иложи борича уйга қўйилмайди. Мамлакатнинг баъзи жойларида сочнинг рангига эътибор қилишмайди. Одамлар меҳмондорчиликка нон, пирог, туз ва бир бўлак кўмир олиб боришади. Чунки нон ва пирог мўл-кўллик, кўмир иссиқлик, туз эса бойлик рамзи ҳисобланади
Лондондаги машҳур "Big Ben" соати 24 га бонг урганда мушакбозлик бошланади ва ҳамма байрам мадҳиясини куйлайди. Қадимий таомилга кўра шу онларда эски йилни кузатиш ва Янги йилни кутиб олиш учун уй эшиклари очиб қўйилади.
Италияликлар одатда Янги йил арафасида қизил рангли кийим ва жиҳозларни харид қилишади. Шу боис дўконларнинг пештахталари қирмизи рангдаги буюмлар билан тўлдирилади. Байрам дастурхонида албатта ёнғоқ, узум ва ясмиқ донидан тайёрланган таом бўлиши шарт. Чунки Италияда ёнғоқ - узоқ умр, узум - тинчлик-хотиржамлик, ясмиқ дони - соғлиқ рамзи саналади. Мамлакатнинг айрим ҳудудларида Янги йил кириб келишидан олдин бой-бадавлат бўлиш ниятида 12 дона узум истеъмол қилинади. Шунингдек, салбий оқибатлардан қутулиш учун идиш-товоқлар синдирилади. Фарзанд кўриш орзусидаги эр-хотинлар биргаликда анор ейишади, турмушлари фаровон бўлишини хоҳлаганлар эса 1 январь куни чўнтакларини тўлдириб кўчага чиқишади.
Италияда Қорбобони Баббо Натале деб аташади ва у америкаликларнинг Санта Клаусига жудаям ўхшайди. Бироқ байрам совғаларини болаларга у эмас, балки олий жаноб Фея Бефана улашади. Афсоналарга кўра у ярим тунда учиб келиб, йил бўйи ўзининг яхши хулқи ва одоби билан бошқаларга ўрнак бўлганларга турли ширинликлар, тўполончиларга эса кўмир бўлагини қолдириб кетади.
Янги йилнинг эртасига кўчада кекса ёки букри одамни учратиш, бундан ташқари, эрта тонгда, яъни қуёш чиққунга қадар уйга булоқдан сув олиб келиш хайрлидир.
Янги йилни кутиш одати ҳамма халқларда бор. Янги йил ҳамма халқларда бирдай 1 январдан бошланмайди. Баъзи халқлар вақт ҳисобини Ой-Қуёш тақвими бўйича олиб борадилар, шунинг учун йилнинг бошланиши бир жойда кузга тўғри келса, бошқа жойда қишга тўғри келади.
Ўрта Осиё ва яқин Шарқ халқларида Наврўз байрами қадимий, анъанавий янги йил байрами ҳисобланади. Қадимги римликларда март йилнинг биринчи ойи ҳисобланган, чунки бу вақтда дала ишлари бошланган. Йил 10 ойдан иборат бўлган, кейин ойлар сони 2 та кўпайган. Милоддан аввал 46-йилда Рим императори Юлий Цезарь йилнинг бошланишини 1 январга кўчирди. Унинг номи билан аталган Юлий тақвими бутун Европага тарқалди. Шу тариқа янги йилни қиш вақтида кутиш расм бўлди. Ҳижрий-шамсий йил ҳисоби бўйича янги йил кўпчилик Шарқ мамлакатларида 21 мартда кутилади. Исломий тақвим бўйича эса янги йил ҳар йили 10-12 кун олдинга сурилади ва муҳаррам ойининг 1-куни йил боши ҳисобланади.
Мавзуга оид: