Ҳамкасблар ижодидан НАВРЎЗИМ

НАВРЎЗИМ

Қалбим сенга зор-интизор, жуда ҳам муштоқ,

Кўзларимда соғинч бисёр, келақол тезроқ,

Дил тўрида ишқинг мавжуд, ловуллатиб ёқ,

Йўлларимда ўзинг бўлгин мисли бир маёқ,

Қўмсаганим, соғинганим, менинг Наврўзим.


Хаёлимдан сени асло кетказолмайман,

Латофатинг, чиройингдан ҳеч ҳам тонмайман,

Йўлларингга кўз тикмоқдан сира толмайман,

Бўйларингни, ҳидларингни унутолмайман,

Қўмсаганим, соғинганим, менинг Наврўзим.


Қалб уйимга сенинг билан бахт кириб келар,

Интиқ дилим қучмоқ учун ишқ елиб келар,

Сенинг бирла дунё гўзал, бахтим бут бўлар,

Ишқ йўлига майса, гулдан поёндоз тўлар,

Қўмсаганим, соғинганим, менинг Наврўзим.


Эрта тонгдан гул ифори димоғни чоғлар,

Қушлар куйи дилларимиз дилларга боғлар,

Ажиб ҳислар оғушида кулар дудоқлар,

Висолингдан сархуш бўлиб, ёнар яноқлар,

Қўмсаганим, соғинганим, менинг Наврўзим.


БАҲОР

Чирой бўлиб, нур бўлиб,

Қалбимга чўмдинг баҳор.

Дилларни сархуш этиб,

Чиройга кўмдинг баҳор.


Гул ифори маст этди,

Қанча-қанча дилларни.

Табиат қўшиқ битди,

Бийрон қилиб тилларни.


Борлиқни олди чулғаб,

Ишқу вафо, нафосат.

Гўзаллик ҳисин илғаб,

Атрофда алёр фақат.


Мудроқ қалблар уйғонди,

Сен туфайли баҳорим.

Замин яшнади, ёнди,

Сен деб чертгум дил торим.


Мангу бор бўл, баҳорим,

Элга ёр бўл, баҳорим...


БИЛМАДИНГ

Ҳажрингда ёр, хаста бўлдим, билмадинг,

Йўллар қараб, гулдай сўлдим, билмадинг,

Ишқ ўтида куйдим, ўлдим, билмадинг,

Ўртада ишқ увол бўлди, увол-ей.


Ҳижрон туни узун экан, билмасдим,

Соғинч азоб, дил хун экан, билмасдим,

Сен-ла бағрим бутун экан, билмасдим,

Ўртада ишқ увол бўлди, увол-ей.

Бу дил қурғур ўйламоққа қўймайди,

Ишқ қўшиғин тингламоқдан тўймайди,

Фақат, фақат муҳаббатдан сўйлайди,

Ўртада ишқ увол бўлди, увол-ей.

ҲОКИСОР ҚУШ

Қанотлари қайрилган,

Ҳокисор бир қушчаман.

Ўз жуфтидан айрилган,

Карахтгина муждаман.


Жисмим гўё яримта,

Юракда бисёр ингроқ.

Тил тиғидан дил нимта,

Ўлимдан-да оғирроқ.


Яшайман армон ичра,

Бошим эгик, қаддим лол.

Бахтим ярим начора,

Сўз ўқидан вужуд лол.

***

Энди сира йиғламайман мен,

Ўкинчларга бошим эгмайман.

ўам-андуҳдан қочаман ошкор,

Ожизларча ғашга тегмайман.


Энди сира йиғламайман мен,

Маъюс, маҳзун чекмайман оҳлар.

Юпанч сари ташлайман одим,

Юрагимда қолмагай доғлар.


Энди сира йиғламайман мен,

Ҳикмат излаб яшайман чоғим.

Меҳр нурин қалбимга жойлаб,

Ишқинг билан тўлдиргум бағрим.


Энди сира йиғламайман мен...


Ўктамхон АКБАРОВА,

Данғара тумани "Данғара" 

газетаси бош муҳаррири.

Мавзуга оид: