Рамазон суҳбати... КИБР БИЛАН САЖДА ЖАМЛАНМАЙДИ

Ҳаётда мансаби, бойлиги, обрў-эътибори, илми ёки бирор амали ва ҳатто ибодати билан кибрланадиган, бошқаларга паст назар билан қарайдиган кимсаларни кўп учратамиз. Динимизда эса кибр қаттиқ қораланади. Биринчи содир бўлган гуноҳ ҳам кибрдир. Иблис Аллоҳ таолонинг буйруғи билан одамга таъзим қилмади. Мен оловдан яралганман, деб унга паст назар билан қаради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: "Аллоҳ, таоло айтди, сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?". Шайтон деди: "Мени оловдан, Одамни лойдан яратдинг, мен ундан яхшиман". "Ундан (Жаннатдан) чиқ! Жаннатда такаббурлик қилиш жоиз эмас, албатта сен энди ҳақирлардандирсан". (Аъроф сураси 12-13 оятлар). Бу ҳақда бошқа бир оятда "Эсла фаришталарга: Одамга сажда қилинг-лар, дейилганда, Бас сажда қилдилар, магар иблис бош тортди ва мутакаббирлик қилиб, кофирлардан бўлди". (Бақара сураси, 34- оят). Қарангки, кибр иблисни куфрга, Аллоҳнинг лаънатига олиб келди. Уламоларимиз таъкидлашича, ким гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра тавба қилса, қиёматда Одам алайҳиссаллом билан тавба қилувчилар карвонида бўлади. Ким гуноҳ қилиб, кейин тавба қилмаса, Иблиснинг карвонида бўлади. Ортидан кибрни эргаштирувчи биттагина гуноҳ ҳар қандай савобли ишни ҳабата қилади.
Минг афсуски, бугун бундай иллатлар кўпайиб кетаётгани ачинарлидир. Кимдир мансабга ўтириб, ён атрофдагиларни менсимай қолса, кимдир мол дунёси сабаб қариндош, қўшниларга паст назар билан қарайди. Гоҳида баъзилар Умрага бориб келса, исмига хожи қўшиб айтишини сўрайди. Маҳалласида масжид ёки йўл қуриб мақтанганлар ҳам бор. Баъзи намозхонлар ўзини тақводор кўрсатиб, ўзи каби бўлолмаганларни маломат қиладиганлар бор. Бундайлар учун жаннат эшиклари очилмайди.
Ибн Маъсуд разиаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда "Расулуллоҳ с.а.в.: " Қалбида заррача кибри бор киши жаннатга кирмайди", дейилган. Шундай экан, мусулмон киши кибр қилмаслиги керак. Унга нима неъмат берилган бўлса, Аллоҳдан деб шукрона келтириши керак. Пайғамбаримиз с.а.в. : "Эй, одамлар сизларнинг Роббингиз бирдир. Ҳаммангиз Одам Атодансиз. Одам эса тупроқдандир. Аллоҳнинг ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорларингиздир", деганлар. Ушбу ҳадисга кўра барча инсонлар тенг. Фақат тақвоси Аллоҳдан қўрқиш билан бошқалардан афзал бўлиши мумкин. Ким Аллоҳдан қўрқса, ўша киши фазилатда зиёда бўлади. Аллоҳ барчаларимизни шундай бандалари қаторида қилсин.
Дилором ТЎРАЕВА,
Навоий МФЙ отинойиси.
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00




