БАРЧА ЮТУҚЛАРИМ УЧУН ГАЗЕТАДАН МИННАТДОРМАН

Овоз сўзи ва тушунчаси барчамиз учун таниш ва қалбимизга яқин имло. Деймиз, кимнингдир овози ва овозаси оламни тутади, кимнингдир овозини кўк ютади, ёки бу мураккаб ҳаёт ташвишлари кимнингдир  овозини ўчиради. Хуллас, овоз - нуфуз, овоз - омад, овоз - тақдирдир. Ҳаётда овозларни кўп тингладим, кўп  уқдим, кўп ёздим. Балким, менинг ҳам овозим оламнинг қай бир маконларига етгандир, Ўзбекистонни тутгандир, Самарқандга овоза, Оқдарёда навоза бўлгандир, аммо, мен учун бутун умрим бўйи орзуларим ғояси, муваффақиятларимнинг  дояси бўлган, доим интилганим,  сиғинганим бир муқаддас  даргоҳ,  зиё маскани - "Оқдарё овози" газетаси! Ҳали мактаб ўқувчиси бўлиб юрган чоғларимдаёқ мурғак орзуларимни тушунган ва устозларим етаклаб келган даргоҳ, биринчи шеъримни чоп этиб, юрагимдаги туйғуларимни халқимга етказган она устозим - "Оқдарё овози"дир.
Мен бугунги шарафли кунда "Оқдарё овози" газетасининг тарихи ҳақида тўхталмоқчи эмасман, чунки, газета 90 ёшда, мен эса 65 ёшдаман, қарийб тенгдошмиз. Бугун бу мўътабар адабиётнинг биргина менинг ҳаётимдаги ўрни ҳақида тўлқинланиб сўзламоқчиман, миннатдорчилик ҳис-туйғуларимни изҳор этмоқчиман. Мен "Оқдарё овози" газетасининг остонасига қадам қўйганимдан бошлаб қайси бир муҳаррир билан учрашган, адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий ва бошқа  мавзуларда суҳбат қурган бўлсам, улар мени ўз шогирдларидек, синглиси, ёки қадрдон дўстларидек қабул қилишди. Эркин Азаматов, Мамараҳим Мардиев, Ниёзхон Алиев, Йўлчи Муҳаммадиев  ҳамда Рашид Ашуров, Гулчеҳра Исмоилова, Нигора Раҳимова, Абдимурод Рўзиев, Мурод Мирзақобилов, Искандар Қурбоновларнинг самимий, меҳрибон сиймолари юрагимга  абадий ўрнашиб қолган. Шунинг учун бўлса керак ижодий ҳаётим ва ижтимоий фаолиятимни газетасиз, адабиёт, матбуот ҳамда меҳрибон, олийжаноб устозларимсиз  тасаввур қилолмадим. Янги шеър, янги хабар, мақола, янги фикр, ташкилий ишлар, ваҳоланки, юрагимда қандай кашфиёт учқунлаган бўлса, шу газетанинг остонасига интилдим, тақдим этдим ва эътибору, эътирофларидан мамнун ва мағрур яшадим. 
Болалигимдан буён газета қошида устозларим ташкил этган "Навниҳол" ижодий клубининг аъзосиман ва бир неча йиллардан буён  жамоатчилик асосида шу гуруҳга раҳбарман. "Устоз"  деб даврамизга қўшилган шогирдларим бугунги кунда ўзлари устоз шоир бўлиб, ёш қаламкашларга сабоқ бермоқдалар. Фақатгина бадиий ижодда эмас, газетанинг аурасида, атрофида  жамланган туманимиз тараққиётининг барча соҳаларидаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий фаолиятининг илғорлари, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, тиббиёт, саноат, маданият ва маориф, қурилиш ва савдо-тижорат ислоҳотларининг фаоллари, тадбиркорлар, олиму, фузалолари газета қошида устоз-шогирдлар анъаналарини давом эттириб келаётган аждод-авлодларимиз борки, мен улардан  мунтазам равишда ҳаёт  дарсларини олдим, ўргандим. Улар менга халқ, жамият ва ҳукумат тараққиётининг амалий  сабоқларини бердилар. Халқимиз ҳаётининг барча қувончу, ташвишларини шеърларимга, мақолаларимга, кези келганда танқиду, таклифларимга жойладим. "Оқдарё овози" менинг ҳақиқий ҳаёт ва тажриба мактабимга айланди. Шууримдаги барча мушоҳадаларим, саволларим, режаларимга ушбу газетада ишлаётган ижодий кайфиятли таҳририят аъзоларининг давра суҳбатларидан, сабоқларидан  жавоб топдим.       
Ўзбекистондаги, вилоят ва туманимиздаги барча янгиликлар, турғунлик даври изтироблари, пахта яккаҳокимлиги, пора-хўрлик, инқирозга юз тутаётган истибдод тузумининг халқимизга етказган озорлари, тилимизни, миллий урф-одатларимизни  асраб қолиш каби долзарб муаммоларнинг туманимиз ҳудудидаги  жараёни биз ижодкор ва журналистларнинг  ҳам қон-жонимиздан ўтди. Бу ҳақдаги ҳал қилувчи тадбирлар ҳамда газета  саҳифаларида намоён бўлган ижтимоий-сиёсий  мақолалар Ўзбекистонимизнинг барча туманларида содир бўлганидек, тумандошларимиз ҳаётида ҳам  уйғониш даврини бошлаб берди. Ўзбек тили ва "пахта иши" ҳақида ёзган публицистик мақолаларим республика, вилоят матбуотларида чоп этилганида менга "Оқдарё овози" мадад берган, биринчи бўлиб ижод намуналаримни чоп этган.
1990 йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сайловида менинг республика халқ депутатлигига номзодлик сайловолди дастурим  "Оқдарё овози"да эълон қилинди ва туманимиз хал-қининг муҳокамасига қўйилди. Ўша дастур менинг ҳаётдаги энг олий мақсадим - Ўзбекистон мустақиллиги тўғрисидаги орзуларимнинг тамал тоши эди. Орзуларимни амалга оширишим учун Аллоҳ менга беназир ва олий бир  имконият яратдики, мен Ўзбекистон Олий Кенгашига  депутат, Оқдарё халқининг вакили бўлиб сайландим. Газетанинг нуфузи ва ижтимой-сиёсий фаоллигини қарангки, бу сайловда ҳам "Оқдарё овози" газетасининг жамоаси, газетанинг фаол мухлислари  сайловнинг ҳақиқий демократик тамойилларини қўллаб-қувватладилар ва иштирокчилари бўлдилар. "Оқдарё овози" газетасининг бош муҳаррири Й.Муҳаммадиев менга ишончли вакил бўлди. Ўзбекистон Мустақиллиги эълон қилинган кун  ва беш йиллик депутатлик фаолиятим ҳамда бугунги кунга қадар босиб ўтган сиёсий-ижтимоий, адабий-ижодий йўлим "Оқдарё овози" билан чамбарчас боғлиқ. Давлат дастурлари ва ислоҳотларимизнинг амалдаги жараёнлари ҳақида юзлаб мақола ва мулоҳазаларим, шеър ва ҳикояларим азиз газетамиз саҳифалари орқали халқимизга етказилди ва муштарий халқимиз  билан  ҳануз ҳамфикр ва ҳамкорман. 
Газета фаолиятининг энг муҳим ва мақтовга сазовор муваффақияти шундаки, йиллар давомида  газета чоп этиш билан бир қаторда унинг ижодий жавонида туман тарихи антологияси  яратилди. "Оқдарё фарзандлари" номли китобнинг  учта нашри  чоп этилди.  "Оқдарё баёзи" нинг 1- ва 2 - китоблари  ўқувчиларига тақдим этилди, ҳозирги кунда туман ҳокими Н.Сулаймоновнинг ташаббуси билан баёзнинг  3- тўплами нашрга тайёрланмоқда. Газета қошида  фаол ижодий-адабий муҳит яратилганки, бўлажак ёш журналистлар учун "Жамоатчи мухбирлар мактаби", ҳаваскор шоир ва ёзувчилар учун  "Навниҳол" ижодий клуби мунтазам  ишлаб турибди ва бу  газетанинг ўзига хос ижодий мактабидир. Жамоа халқимиз орасида ўзининг кенг қамровли имкониятлари ва  кўп сонли муштарийларига эга. Мен юқорида таъкидлаганимдек, "Оқдарё овози" газетасининг ижодий ишларида иштирок этаётганимдан ва изимиздан ёш ижодкорларимиз, шогирдларимиз келаётганидан хурсандман. 
Мен ҳаётимдаги барча ютуқлар учун  "Оқдарё овози"дан миннатдорман, устозларим ўгитлари ҳаққи бир умр таъзимдаман, халқим хизматидаман.    
Азиз муштарийлар, мен газетанинг  биргина ўз ҳаётимдаги тутган ўрнини ёритиб беришга уриндим холос, алқисса, мен каби ушбу газетадан миннатдор мухлислар, арбобу, олим, тадбиркору, зиёлилар туманимизда минглаб топилади. Мен Оқдарё халқини тумандошларимизнинг ҳақиқий овозига айланган "Оқдарё овози" газетасининг 90 йиллик муборак тўйи билан чин қалбимдан табриклайман. Газетанинг умри бардавом, нуфузи сарбаланд, жамоаси омон бўлсин! 
Ойгул МАМАТОВА. 
Ўзбекистон Ёзувчилар 
уюшмасининг аъзоси.
"Навниҳол" ижодий  клубининг раҳбари.
Мавзуга оид: