“Оқдарё овози” газетаси – мен энг яхши, энг хайрли таълим олган ҳаёт мактаби

“Оқдарё овози” газетаси – мен энг яхши, энг хайрли таълим олган ҳаёт мактаби. Мен бу ерда ҳаммасига эга бўлдим – устозлар, ижодий муҳит, тажриба, ҳамиша қўллаб-қувватловчи, сизнинг шахсий муаммоларингизга ҳам бефарқлик билан қарамайдиган, ҳамиша ёрдам қўлини чўзишга тайёр бўлган уюшқоқ жамоа, яқин дўстлар. Келажак ҳаётим учун улкан мактабни шу ерда ишлаган беш йил давримда ўтадим деб ўйлайман. Бу жамоанинг ҳамон қалбимга яқинлигини ҳис қиламан. Ҳозирда эришган кичик ютуқларимда, бир маромда юқорига олға кетаётган иш фаолиятим пиллапояларида мустаҳкам пойдеворнинг борлигини ҳамиша сезиб тураман.
Газета бу йил ўзининг 90 ёшлик юбилейини нишонлайди. Бу давр ичида таҳририят қанчадан қанча етук ижодкорларни ўз бағридан етиштириб чиқарди, қанчадан қанча ёшларга устозлик қилди, қанча йўлини йўқотган, қийин аҳволда қолганларга йўл кўрсатди, амалий ёрдам берди, буларнинг сон-саноғини фақат Аллоҳ билади. Билганим шуки, кўплаб туман газеталаридан фарқли ўлароқ, “Оқдарё овози” кўпчилик учун севимли. Билганим шуки, онам ҳалиям келишимда таҳририятга бирров кириб, газета олиб келишимни сўрайди. Холбуки, туманга ойда бир бораман, таҳририят эса мен борган дам олиш кунларида ёпиқ бўлади) Аммо онам ҳар сафар буни айтишни унутмайди.
Сўзим сўнгида таҳририят аҳлини, устозларимни, дўстларимни, бутун туман аҳлини газетанинг 90 йиллик байрами билан, шунингдек Матбуотчилар куни билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзимда бор бўлган ҳамма яхши нарсалар учун раҳмат дейман.
Малак Ворисова,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди “Одил судлов” – “Правосудие” журнали катта муҳаррири
Мавзуга оид: