ДЎСТИМГА СОҒЛИК КЕРАК

Бир дўстим бор. Ниҳоятда оқ кўнгил, самимий, содда, адолатпарвар, қисқа қилиб айтганда қўй оғзидан чўп олмаган фидойи инсон. Кўп йиллар масъул вазифаларда ишлаб эл ҳурматини қозонган. Қаерга борса одамлар қўллари кўксида ҳурмат билан кутиб олишади.
Яқинда денг, шу дўстимиз бир вазифага тайинланди. Бу қандай вазифа, нима иш билан шуғулланади, номи нима очиғи айтишим шарт эмас. Уни ютуғи билан қутладик, омадлар тиладик. Шундан сўнг айрим масалаларда маслаҳатлашдик, қўлимиздан келганча ёрдам қўлини чўздик. У ишга шу қадар берилиб кетдики, ҳар куни телефонлашиб турадиган дўстимизнинг негадир қораси кўринмай қолди. Бир неча бор ҳавотир олиб телефон қилганимизда, иши ниҳоятда кўплигини, муаммолар ҳам етарлича эканлигини, комиссия келаётганлигини айтиб мени тинчлантирарди.
Бир куни уйда ўтирсам у телефон қилиб қолди. Учрашиб бирор жойда бир пиёла чой устида суҳбатлашайлик, деган фикрни билдирди. Келишган жойда учрашдик. Очиғи, унинг ҳолатини кўриб ҳайрон қолдим. Бундан бир ойча олдинги кўринишидан асар ҳам қолмаган, юзлари сўлғин, озиб кетганди.
- Ҳа дўстим, тинчликми, жуда озиб кетибсиз?, - дедим унинг юзига қараб. 
- Тинчлик, - деди у чойнакдаги иссиқ чойни қуяркан. - Ростини айтсам, соғлигимда муаммолар бор экан. Икки уч марта "Тез ёрдам" чақиришга тўғри келди. Уйдагилар хавотирда. Шу вазифага ўтишимга ҳам турмуш ўртоғим ва болаларим норози бўлишганди. Соғлигингизни йўқотасиз, де-йишганди. Тўғри айтишган экан улар.
- Дўхтир нима деди?
- Шифокор, агар ишингизни ташламасангиз, тез орада инсультга чалинасиз. Шунинг учун ишингизни ташланг, деди. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Қисқа вақт ишлаб, ташлаб кетсам одамлар нима деб ўйлашади. Бажара олмай, эпламаганлигидан ташлаб кетди, дейишмайдими?
У бу гапларни шу қадар аянчли тарзда айтдики, беихтиёр раҳмим келиб кетди. Далда бердим:
- Одамларнинг гапига эътибор қилманг. Сизга соғлик керак эмасми? Одамлар ҳам тўғри тушунишади. Қўшиқда айтилганидек, менинг кимлигимни эл билса бўлди, деб юравермайсизми? Шифокор тўғри айтибди. Вақтни чўзиб ўтирмасдан ишни топшириш керак, вассалом, - дедим мен.
- Қандай бўларкин?
- Ўйлаб ўтирмай, эрталаб бошлиғингизнинг олдига кириб аҳволингизни тушунтиринг. Кутиб ўтиришдан фойда йўқ.
Шу тариқа дўстим билан бир неча соат гурунглашдик. У эртаси куни албатта ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишини ва бу ҳақда менга хабар беришини айтди. 
Эртаси куни соат ўнлар чамаси у телефон қилиб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганлигини, бошлиғи ҳам уни тўғри тушунганлигини таъкидлади. Унинг гапларини эшитиб елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Ахир ҳар қандай мансабдан, бойликдан соғлик афзалда...
ЖЎШҚИН.